Қуёш қувди сўнгги қорайган қорни,
Еллар келтирдилар унут ифорни.
Лек кўнглим илимас, гулламас кўнглим,
Мен нима қиламан сенсиз баҳорни!?
Боғда бинафшалар таратади бўй,
Қушлар чуғурида илоҳий бир куй,
Аммо юрагимда муздай совуқ ўй
Мен нима қиламан сенсиз баҳорни?!
Осмон ой пиширар юлдузга қориб,
Куртаклар қиқирлар новдани ёриб,
Айтгин, кимга борай, кимга ёлвориб,
Мен нима қиламан сенсиз баҳорни?!
Бир оқшомда бўйга етар бодомлар,
Оппоқ бўлиб тўйга етар бодомлар,
Минг ошиқни сархуш этар бодомлар
Мен нима қиламан сенсиз бахорни?!
Ариқ лабларида уйғонар ялпиз,
Бойчечак қитиқлар шаффоф саҳарни,
Нега индамайсан гапиргин, ҳой қиз
Мен нима қиламан сенсиз баҳорни?!
©️ Воҳид Луқмон
✍️@umidaaziz