Йўқ, ёлғон, минора ухламас,
Ўйлайди дунёнинг ишларин.
Минг йиллик изғирин қўйнида
Ғиштлари қалтирар, ғиштлари.
Йўқ, асло, минора йиғламас,
Кўз ёши эмас бу томчилар.
Манглайи терлайди ҳар нафас –
Елкада қон томган қамчилар.
Йўқ, асло, минора ухламас,
Пойида юз мингта чумоли.
Юз мингта ўзидан маст-аласт,
Юз мингта қайнаган заволи...
Йўқ, асло, минора мудрамас,
Минг йиллик душмани рўёнинг.
У мағрур яшайди қасдма-қасд
Кўзини очмоқ-чун дунёнинг!
Шодмон СУЛАЙМОН
♻️🌸♻️🌸♻️🌸♻️
♻️🌸♻️🌸♻️🌸♻️
•┈•┈•┈•┈•❁✿❁•┈•┈•┈•┈•
Дўстларингизга ҳам улашинг!
@orifonuz