Султонул Авлиё Абдулқодир Жийлоний Куддиса Сирруху бундай ҳикоя қилади:
«Болалигимда онам мени тўғрисўз, ростгўй бўлишга ўргатган эдилар. Бир куни Маккадан чиқиб, илм олиш мақсадида Бағдодга борадиган бўлдим. Онам йўл харажатлари учун қирқ динор пулни чопоним қатига тикиб берар экан, мендан ҳеч қачон, ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғон гапирмаслик ҳақидаги ваъдамни олди. Карвон билан Ҳамадон ўлкасига етганимизда қароқчилар тўдаси ҳужум қилиб, карвондагиларнинг бор-будини тортиб олди. Қароқчилардан бири: «Сенинг ниманг бор?» деб сўради. Мен: «Чопоним қатида қирқ динор олтиним бор», деб рост гапирдим. У ҳазиллашяпти, деб ўйлаб нари кетди. Бошқа қароқчи яна шу саволни берди ва унга ҳам қирқта олтиним борлигини айтдим. У мени тўда бошлиғига олиб борди. Бошлиқ: «Ростини айтишга сени нима мажбур қилди?» деб сўради. Мен: «Онамга ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка ваъда бергандим», дедим. Шунда қароқчилар бошлиғини бирдан қўрқув босди. У қичқирганича ушбу сўзлар билан кийимларини йирта бошлади: «Сен онангга берган ваъдангни бузишдан қўрқиб, олтинларингни кўрсатяпсан, мен эса Аллоҳга берган ваъдамни бузишдан қўрқмаяпман». Кейин у одамларига барча тортиб олинган нарсаларни қайтариб беришни буюрди ва: «Мана сенинг ҳузурингда гуноҳларим учун Аллоҳга тавба қиляпман», деди. Бошқа қароқчилар ҳам унга: «Сен талончиликда бизнинг тўдабошимиз эдинг, энди тавба қилишда ҳам раҳнамойимиз бўл!» дейишди. Ҳар бир киши, ижтимоий рутбасидан, мавқеидан қатъи назар, онасидан моддий ва маънавий озуқа олиб камолга етади.
🌸
Пайғамбару валийлар, буюк даҳо-ю олимларни ҳам она тарбия қилади. Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи ва салламдан оналарга ҳурмат кўрсатишнинг буюк намуналари бизга мерос қолган. У зот ҳатто ўзларини эмизган сут оналари Ҳалимаи Саъдиянинг зиёратига борганда чопонларини ечиб, унинг устига ўтқазганлар, сут оналари ҳар гал ичкарига кириб-чиққанида ўринларидан туриб, ҳурмат кўрсатганлар.
🌸
Бир саҳобий онасини елкада кўтариб ҳаж қилдиргач, «Унинг ҳаққини адо қила олдимми?» деб сўраганида «Сени туғишдаги қийинчиликларидан биттасининг ҳаққини ҳам адо қилолмадинг», деб жавоб қилишган.
🌸
Мазҳаббошимиз Имом Аъзам Бағдод зиндонида тутқунликда азоб чекиб ётганларида «Аҳволимни онамга билдирманглар, ҳамма нарсага чидайман-у аммо у кишининг қайғу чекканига чидолмайман», деганлар.
🌸
Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд «Қабримизни зиёрат қилгани келганлар, аввало, онамиз қабри зиёратидан бошлашсин», деганлар.
Абдураҳмон Жомий ҳазратларининг «Онамни нега севмай?! У мени бир муддат жисмида, сўнгра кўп замон қучоғида, ўлгунга қадар эса қалбининг шафқат хонасида ташигандир», деган сўзи бор. «Дунёни аёллар бошқаради», деган гап бор. Мен бу иборани «Дунёни оналар бошқаради», деб ҳам ўзгартиришни истар эдим. Ана шундай улуғ мақомдаги меҳрибон оналаримизнинг ҳаққини адо эта оляпмизми? Турмуш ташвишларидан бўшаб, уларнинг зиёратига вақт топяпмизми? Бемаъни қилиқларимиз, уларга ёқмайдиган, малол келадиган гап-сўзларимиз, эътиборсизликларимиз билан дилларини оғритиб қўймаяпмизми? Танбеҳ-насиҳатларига қулоқ соляпмизми? Ўтиб кетганларининг ҳаққига Аллоҳ таолодан раҳмат-мағфират тилаб, дуолар йўллашга хафсала қиляпмизми? Бу саволлар, шубҳасиз, ҳар биримизни ўйлантиради. Аммо натижалар ҳамиша ҳам ижобий эмас.
Яна бир бор ўйлаб кўринг-чи!
♻️🌸♻️🌸♻️🌸♻️
♻️🌸♻️🌸♻️🌸♻️
•┈•┈•┈•┈•❁✿❁•┈•┈•┈•┈•
Дўстларингизга ҳам улашинг!
@orifonuz