#Маърифат_гулшани
Фузулий хазиналари
АБАДИЙ ҲИКМАТ
Ҳар киминг вор эса
зотинда шарорат куфри,
Истилоҳоти улум ила
мусулмон ўлмаз.
Гар қаро тоши қизил
қон ила рангин эдасан,
Тобъа тағйир вериб,
лаъли Бадахшон ўлмаз.
Айласанг тўтия таълим
адойи калимот,
Нутқи инсон ўлур,
аммо ўзи инсон ўлмаз.
Ҳар узун бўйли шижоат
эда билмаз даъво,
Ҳар оғочким, бўй ота,
сарви хиромон ўлмаз.
“Ҳар кимнинг зотида – замирида, ичида ёмонлик ва ярамаслик куфри бор бўлса, у илм истилоҳларини, илмий сўз, атама ва ибораларни ўргангани билан, мусулмон бўлиб қолмайди”.
Бунга мисол шайтоннинг қиссасидир. У фаришталарга дарс берган мударрис эди. Лекин кибри сабабли илми унга фойда бермади. Шунинг учун банда ҳамиша бандалик мақомида туриши, дуо, тавба ва истиғфорда бардавом бўлиши зарур. Шунинг учун инсон хавф ва ражо – қўрқув ва умид орасида яшаши, Аллоҳнинг раҳматидан умид узмаган ҳолда, охирги ҳолини ўйлаб, Ундан қўрқиши вожибдир.
“Агар қора тошни қизил қон билан ранглаб, рангин қилсанг, у ўз табиатини ўзгартириб, лаъли Бадахшон бўлиб қолмайди”.
Лаъли Бадахшон – Бадахшон деган манзилда чиқадиган қип-қизил рангли энг тоза лаъл, энг тоза тош. Инсон ҳам фақат шаклу шамойилини зийнатлаб юргани билан яхши ва қадрли инсон бўлиб қолмайди. Инсонни яхши, шарафли қиладиган омил – унинг иймони, гўзал ахлоқи ва одоби, солиҳ-савобли амалларидир.
“Тўтига бир қанча сўзларни (ҳатто, иймон калималарини) адо этмоқни ўргатганинг билан, нутқи инсоний бўлади-ю, аммо ўзи инсон бўлмайди”.
Дунёдаги ҳамма нарса: барча ўт-ўлан, ўсимлик-гиёҳлар, бутун жону жонзот, жумладан қушлар ҳам Аллоҳни зикр қилиши, Унинг якка-ягона, ҳар қандай айбу нуқсондан пок ва муназзаҳ эканини олқишлаб, тасбиҳ айтиб туриши Қуръони карим оятларидан маълумдир.
Тўтига қиёмат кунида ҳисоб-китоб, сўроқ-савол йўқ, зотан, қушлар доим тасбиҳ айтувчидир, қиёмат кунида эса тупроққа айланиб кетувчидир. Лекин бундан чиқадиган маъно шуки, инсон – энг азиз, мукаррам ва шарафли зот. Унинг азизу мукаррамилиги, шарафи – иймон биландир. Лекин тўтига сўзларни ёки иймон калималарини ўргатганинг билан, у инсонлик шарафига эга бўлиб қолмайди.
Бу байт Алишер Навоийнинг ушбу машҳур байтини эсга солади:
Гар кучук бирлан ҳутуҳни
қанча қилсанг тарбият,
Ит бўлур, эшак бўлур,
бўлмаслар асло одамий...
Яъни: “Итнинг боласи бўлган кучукни ва эшакнинг боласи бўлган ҳутуҳни (хўтикни) қанча тарбият қилсанг, барибир, улғайса, ит бўлади, эшак бўлади, асло одамий бўлмайди”.
Ҳазрат Навоийнинг бу ўриндаги нозик санъати шундаки, “кучук” ва “ҳутуҳ” сўзларини тескари ўқисангиз ҳам, шу маънолар чиқади. “Нодон”нинг тескариси ҳам “нодон”дир.
Ҳазрат Фузулий ҳам, шунга ўхшаган ташбиҳ қўллаб, тўтига калималарни ўргатсанг ҳам, нутқи инсон бўлади-ю, аммо ўзи инсонлик мартабасига етмайди, дея мантиқан теран ҳикматни баён қилмоқда.
“Ҳар узун бўйли киши “Мен шижоатли зотман!” деб шижоатни даъво қила олмайди. Зеро, ҳар қандай дарахт бўй чўзиб, узун бўлгани билан, сарви хиромон бўлиб қолмайди”.
Сарв – тўғри, тик ўсадиган, қишин-ёзин кўм-кўк яшнаб турадиган, ҳиди ёқимли, хушқомат дарахт. Сарви хиромон – гўзал юришли сарв, мажозан севгили.
Демак, ҳар қандай узун бўйли дарахт сарви хиромон бўлиб қолмаганидек, ҳар қандай узун бўйли киши ҳам шижоатли зот бўлиб қолмайди. Инсонни шижоатли қиладиган нарса – унинг қалби, иймони, солиҳ-савобли амалардаги ғайрати ва ҳиммати, жисмоний ва маънавий қувватидир.
Ҳазрат Фузулий ҳикматлари – дунё тургунча турадиган абадий ҳикматлардир.
УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК.
♻️🌸♻️🌸♻️🌸♻️
┈•┈•┈•┈•❁✿❁•┈•┈•┈•┈•
Дўстларингизга ҳам улашинг!
@orifonuz