ОНА ТИЛИМ МЕНИНГ...
Мозийларга ястанган чуқур илдизи,
Номи довруқ дунё узра элим менинг.
Тиллар ичра ярақлаган тонг юлдузи,
Она тилим менинг, она тилим менинг...
Тўмариснинг ҳижжалаган ҳур шеваси,
Широқ айтса яшнаб кетар дилим менинг.
Туркий боғнинг анқо бўлган дур меваси,
Она тилим менинг, она тилим менинг...
Тошбитиклар: Ўрхун хати асносида,
Харсангларнинг нақши бўлган гулим менинг.
Ёвни енгган маломатлар дунёсида,
Она тилим менинг, она тилим менинг...
Югнакийнинг дардларини қилди иншо,
Хос Ҳожибга ошно тўғри йўлим менинг.
Қўриқларда эта олди бўстон барпо,
Она тилим менинг, она тилим менинг...
Етти иқлимни забт этди Ҳазрат бобо,
Қулоч ёйди назмий ёй - дулдулим менинг.
Бойқаронинг саройига бўлди пешво,
Она тилим менинг, она тилим менинг...
Бобур билан Афғон юртга кирди бориб,
Бўлди ҳикмат, бўлди ибрат - илм менинг.
Бўлди доно, бўлди зукко, бўлди ориф,
Она тилим менинг, она тилим менинг...
Қувват берди бир кун келиб жадидларга,
Ич-этимни тирнаганда зулм менинг.
Жабр бўлди, сабр бўлди адибларга,
Она тилим менинг, она тилим менинг...
Сиғмай қолди ул пайт ордай улуғ уйга,
Беҳбудий, Ибрат, Фитрат ўнг-сўлим менинг.
Шунда мадад бўлди Чўлпон, Қодирийга,
Она тилим менинг, она тилим менинг...
Ортда қолди қора кунлар, жўшиб Эркин,
Абдуллолар ёзди улуғ куним менинг.
Муҳаммадга қанот бўлди парвози чин,
Она тилим менинг, она тилим менинг...
Кўрган кунинг - ўтган кунинг қурсин энди,
Юрагимга илҳом турфа хилим менинг.
Дунёларга ёруғ юзни бурсин энди,
Она тилим менинг, она тилим менинг...
Акрам айтар, дунёга кўрк бўл ҳамиша,
Таъзим билан кўксимдадир қўлим менинг.
Кўнглимдаги кўзтуморим, мангу яша,
Она тилим менинг, она тилим менинг!..
Акрамжон АЗИЗОВ,
Фарғона, Олтиариқ тумани.