Олдиндан тил бириктириш - жиноят иштирокчилари ўртасида жиноят содир этиш ёки жиноий фаолият билан шуғулланиш тўғрисида бундай ҳаракатларни амалга оширишдан аввал келишиб олиш
Прекурсорлар - прекурсорлар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ва психотроп моддаларни тайёрлаш учун фойдаланиладиган моддалар
Порахўрлик - пора олиш, пора бериш ёки бу жиноятларда воситачилик қилиш
Порнографик маҳсулот - порнографик асар, шунингдек бадиий қимматга эга бўлмаган ва илмий, тиббий ёки ўқув мақсадлари учун мўлжалланмаган, одам жинсий аъзоларининг ёки одам томонидан ҳақиқатда содир этилаётган ёки шунга ўхшатилган ёхуд компьютер технологиялари ёрдамида яратилган жинсий алоқанинг тавсифини ёки фото-, видео тасвирини ёки бошқа тасвирини ўз ичига олган материаллар ва нарсалар
Психотроп моддалар - психотроп моддалар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар
Радиоактив материаллар - қурилмада ёки буюм таркибида ҳар қандай физик ҳолатда ёинки бошқа кўринишда турган ион нурлари тарқатувчи манбалар, радиоактив моддалар ёки ядро материаллари
Тамом бўлган жиноят -муайян жиноят таркибининг барча зарур аломатларини ўз ичига оладиган ижтимоий хавфли қилмиш.
Тамом бўлмаган жиноят -- шахсга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ёки жиноят қилишдан ихтиёрий равишда қайтиш туфайли охирига етказилмай қолган жиноят
Фуқаролиги бўлмаган шахс - бирон-бир давлатнинг фуқароси юридик мақомига эга бўлмаган жисмоний шахс
Хизмат сири - ошкор қилиниши Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган фан, техника, ишлаб чиқариш ва бошқарув соҳаларига доир маълумотлар.
Хизматчи - давлат органида, тижорат, нотижорат ташкилотида меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи, мансабдор шахс аломатларига эга бўлмаган шахс.
Хўжалик юритувчи субъект - мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар.
Чет эл валютаси - 1) тегишли чет эл давлатининг муомаласида бўлган ва қонуний тўлов воситаси ҳисобланган, шунингдек, муомаладан чиқарилган ёки чиқарилаётган, лекин Ўзбекистон Республикасининг пул белгиси билан алмаштирилиши лозим бўлган банкнот тарзидаги чет эл пул белгиси;
2) чет эл давлатларининг пул бирликларида ва халқаро ҳисоб-китоб бирликларидаги счётлар ва омонатлардаги маблағлар
Чет эл фуқароси - бирон бир чет эл давлат фуқаросининг юридик мақомига эга бўлган шахс
Яқин қариндошлар - қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси - қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароси юридик мақомига эга бўлган шахс
Ўртача катталикдаги экин майдони - 250 квадрат метрдан 1000 квадрат метргача бўлган экин майдони.
Қилмиш - ҳаракат ёки ҳаракатсизлик.
Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйин - ўйин ташкилотчиси (ўйин муассасаси) томонидан бир ёки ундан ортиқ иштирокчилар билан тасодифга (воқеага) ва (ёки) ўйин иштирокчисининг қобилияти, эпчиллиги ва бошқа сифатларига боғлиқ ютуқ тўғрисида тузилган, таваккалчиликка асосланган битимга мувофиқ ўйин ташкилотчилари ва иштирокчиларининг хатти-ҳаракатлари мажмуини назарда тутувчи ўйин, шу жумладан тотализаторлар, казино, шунингдек ўйин автоматларидан фойдаланиладиган ўйин.
Ғаразгўйлик ниятлари - содир қилинган жиноятдан моддий ёки бошқача мулкий йўсиндаги фойда олиш ёхуд моддий харажатлардан қутилишга интилишда ифодаланган ният.
Ҳаракат - шахснинг ижтимоий хавфли, онгли ва фаол хулқ-атвори
Ҳаракатсизлик - шахснинг норматив ҳужжатларда бажариши шарт қилиб белгиланган муайян ҳаракатларни бажармасликда ифодаланган ижтимоий хавфли, онгли ва суст хулқ-атвори