#шарпа_билан_битим.
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
(277-қисм)
-Яхшики, кўча бошига қараб ўтиб кетаётгандим, осмондаги тутунни кўриб- аввалига ҳайрон бўлдим. "Кимнидир уйи ёняпти" деб ўйладим. Қарасам, сеникидан чиқяпти, ичим "шиғ" этиб кетди. Уйга отилиб кириб, калитни шунақанги тез олиб чиқибман-ки, билмадим-назаримда учаётгандек эдим.
Олов деганлари барибир тез-да! То эшикдаги михларни суғуролмай, бузиб киргунимча ҳаво тегиб, янада тезлаб кетди. "Чинғ-чинғ" этиб, томга ўтиб кетаяпти қарасам, апил-тапил қўшнилар ва кўпчилик билан биргалашиб, ўчириб олдик. Китобларингни кираверишдагилари ёниб кул бўлди, кўпи эса ўзимиз сепган сувдан азият кўрди. Ташиб олганларимиз эса- ана айвонингда таҳланганча турибди!
Жамил шу гаплар гапирилаётган маҳалда аллақачон хунук кўринишга келиб қолган хужра ичида турарди. Токчалар бўм-бўш, эшик олдидаги токча эса яхшигина ёнган! Шифтнинг чаплама сувоқлари тўкилиб, олов ямлаган- ярим метрча жой қорайиб турибди.
Шалвираганча ерга ўтириб қолди: ёнғин шундоққина ўзи пул яширган- токчанинг яқинидан бошланганди!
Рафиқ дурадгор қорайиб турган устунни бир икки қўли билан итариб кўриб, танбеҳ оҳангида яна қўшиб қўйди:
-Эшикни бекор михлаган экансан-да, йўқса -эртароқ ўчириб олардик...
Сўнг кафтларини бир-бирига уриб, қоққанча- секин хужрадан чиқиб кетди.
Дарҳақиқат қўшнилар вақтида мўридаги тутунни илғаб қолишгани аниқ. Йўқса, шунча китоб турган хужра- саноқли дақиқаларда ёниб, кул бўлган бўларди.
Жамил ўрнидан туриб, айвон томонга зўрға юриб борди: етти юздан ошиқ китобдан-атига икки юзга яқини омон қолганди. Вароқлари пайрахадек жилдига сиғмай қолганлари- сувга бўккан китоблар, тупроқ сочилганлари эса- ярмиси куйган қўлёзмалар эди.
Мусо Ғайбулланинг набираси уларга қараб туриб, бирданига йиғлаб юборди. У айни чоғда токчага ўзи яширган ва куйиб-кул бўлган- саксон минг долларга эмас, ўзига омонат қолдирилган мана шу китобларнинг аччиқ қисматига кўз ёш тўкаётганди.
Сувга бўкиб, сўнг қуриган бир китобни секин қўлига олди: айрим саҳифаларидан сиёҳ оққан, қоғозининг ўзи эса- ғижимлигича ўртага йиғилиб, муқоваси ёпилмайдиган ҳолатда қотиб қолганди.
"Лип" этиб, кўз ўнгидан таъна-дашномга тўла бобоси- Муса Ғайбулланинг нигоҳлари ўтди:
-Мени кечиринглар, бу меъросга нолойиқ бўлган- Жамилни кечиринглар! Ота, бобо- мен ишончни оқлолмадим, оқлолмадим...
Жамил Гайбулин бир муддат шундай шикаста ва абгор ҳолатда ўтирди, сўнг апил-тапил омон қолган китобларни кўздан кечира бошлади.
"Бир, икки, уч, тўрт... ўттиз бир, ўттиз икки... Ҳайрият, нодир китобларнинг ҳаммаси бут экан, ҳайрият!"
Ваниҳоят, ўша чиройли хуснихатдаги китобни ҳам қидирганлари орасидан топди:
"Аллоҳга шукр, мана у!"
Қизиғи, Қуръон тафсирлари ва оятлар шарҳига атаб битилган кўплаб қўлёзмаларга биронта ҳам олов тили тегмаган, бироз тутун ҳиди келиб тургани билан бус-бутун, қўлма-қўл шу айвонгача элтилган китобларнинг кўпи- қачонлардир Муса Ғайбулла бебош ва ғўр набирасидан "вароқларини йиртиб қўясан, мен бунинг ҳаққи учун мударрисимнинг фалонча пайт хужрасини йиғиб-терганман" дея қизғонган, саҳифалари оятларга тўла муқаддас китоблар эди.
Жамил китобларни шоша-пиша уй ичкарисига таший бошлади, ўзининг техникага оид китоблари- қалашиб ётган жавонни бўшатиб, бир бошдан уларни чиройли қилиб, жилдини арта-арта терди.
Сўнг бўш қути топиб, сувда ивиб, қуриган китобларни ҳам унга жойлаштирди. Тупроқ сепилганларини эса гардидан тозалаб, яшикка жойлади-ю, томга олиб чиқиб қўйди.
"Тамом! Бу менга ҳаётда жуда катта сабоқ бўлди!"
Жамил қўйниғидаги қолган қутган пулни олиб, худди бировнинг пулига қараб тургандек, бироз кўз қирини ташлаб турди. Хаёлидан яна Мустафо Ғайбулланинг сўзлари ўтди:
"Осон йўл билан дастингга келган ҳар қандай пул- худди шундай осон йўл билан қўлингдан кетади, баракаси бўлмайди, унинг ҳазмидан қўшилган эт- қалбингга оғирлик қилиб, заҳмат етказади!"
Пуллар шу куни туни билан айвондаги намат остида қолди.
(Давоми бор)