Иқтисодчи: Бензин қимматлагани учун монополистлар қолиб, тадбиркорлар айбланмоқда
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” нефть маҳсулотларини етказиб бериш ва уларни сотувга чиқарилиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида бир қатор АЁҚШларда қоидабузарликлар аниқлангани ҳақида хабар берди.
Унга кўра, Бухоро ва Тошкент вилоятларидаги АЁҚШлар АИ-80 русумли автобензинни асоссиз сотмасдан сақлаб тургани қайд этилган. Хоразмда эса АИ-80 бензини нархи асоссиз оширилгани кузатилган.
“Мазкур ҳолатлар юзасидан қоидабузарликка йўл қўйган ушбу АЁҚШларда камчиликлар бартараф этилгунга қадар биржа савдоларида иштирок этиши вақтинча тўхтатилди”, деб хабар берди инспекция.
https://t.me/Energoinspeksiya/5528
Иқтисодчи Отабек Бакиров “Ўзэнергоинспекция” рейдларини “энергобузғунчилик” дея танқид қилди.
“Ўзбекистонликларни талаётган ўғри олигарх ва очофат монополистларнинг ўзаро тил бириктириши, таклифни сунъий камайтириб биржа нархларини манипулятив оширилиши, импорт ва тақсимот каналларини бир қўлли қилиниши каби асосий масалалар четда қолиб, шонли энергетикларнинг қўлтиғига сув пуркаётган “Ўзэнергоинспекция” хусусий заправкачиларнинг додини беришни бошлаган”, деб ёзди О.Бакиров.
https://t.me/the_bakiroo/8987
Эксперт фикрича, айрим АЁҚШларнинг биржа савдоларида иштироки чекланиши АИ-80 бензини нархи янада ошишига, дефицит кучайишига, одамларнинг норозилигига сабаб бўлади.
“Ўзини ОБХСС дея кўраётган “Ўзэнергоинспекция” шунчалик истеъмолчилвр учну қайғураётган бўлса, UNG Petro заправкаларида 6900 сўмлик 80 бензин йўқлигини ўргансин. Нима, вилоятликларни эшик қисганми? Нима учун UNG Petro ҳамма қатори 80 шиптирни биржадан олмайди? Уларга қарши бирон товуш чиқара оласизларми? Ё сичқоннинг ини минг тангами?” дея масъулларни саволга тутди у.
Қайд этилишича, айни кунларда соат 17дан кейин водийдаги газ заправкалар “лимит тугагагани” сабаби билан ёппасига метан сотишни тўхтатмоқда.
“Ҳурматли “Ўзэнергоинспекция”, сизлар учун шпаргалка: энергетикадаги ўғри ва муттаҳамларни топиш қийинмас, улар тепада, шу ён атрофингизда, синчиклаб қарасангиз, бу чатишиб кетган энергокабинетлардаги амалдорлар ва энерго олигархларнинг ҳаммасини танисангизлар ҳам керак. Шулардан бошланглар, шунда халқ сизларни қарғамайди, дуо қилади”, деб ёзган иқтисодчи О.Бакиров.
🔴 Ozodlik kanaliga obuna bo'ling! 👉 https://t.me/ozodlikkanali
🔴 Bizga xabar yo'llash uchun 👉 https://t.me/ozodnews