#М_5_пост_45_2025
ҚИЙИНЧИЛИКЛАР ЎТКИНЧИДИР
Инсонларда бўлган хусусиятлардан бири бу – ҳаётининг маълум бир вақтида (қисмида) рўй берадиган ёқимсиз ҳолатларда, унинг фикрида шаклланадиган “қийинчиликларнинг давомийлиги” – тушунчасидир.
Бошимизга бир мушкул иш тушгудек бўлса, бирор аччиқ ҳодиса билан рўпара келсак, қалбимиз, қолаверса бутун вужудимизда бу қийинчиликлар ва оғир кунлар абадий бизни тарк этмайдигандек туюлади. Бошига мусибат тушган одамларнинг аксарияти билан суҳбатлашаб кўрсангиз, уларга ҳаёт ҳақида савол берсангиз, уларнинг жавобидаги мазмун-моҳият шундан иборатки: гўёки бу қийинчиликлар уларга туғилгандан ҳозиргача ҳамроҳ бўлиб келаётгандек, улар бу мусибатлар ва қийинчиликларни бундан кўтара олмайдилар, сабрлари тугаган маънода жавоб қайтарадилар. Бу хусусиятлар деярли барча биз инсонларга хосдир.
Бундай ҳиссиётлар аввалида инсон зеҳнида “битмас-туганмас даврда давом этади” – деган тушунчани вужудга келтиради ва унинг оқибатида инсон миясида ўрнашиб олиб, психологик таназзул, тушкунлик ҳолатларини келтириб чиқаради.
Инсонда психологик таназзул ҳосил бўлдими, демак, қийинчиликлар муқобилида сабр қилиш ва уни енгиш ҳаддан қийин бўлади. Худдики, инсон ўз умрини яшаб бўлган фикрини миясида тугиб қўяди. Баъзилар бор: “- Тамом, тўрт томоним девор. Менинг умрим ниҳоясига етди. Бўлди энди мен бу вазиятдан чиқиб кета олмайман” – деган ҳолатлар билан, қийинчиликлардан чиқиб кетиш чорасини ҳам кўрмай қўяди. Бироқ Оламлар Рабби инсонга токи бу дунёда тирик экан ҳеч бўлмаганида нафас олиши учун бир тирқиш ва қуёш нуридан баҳраманд бўлиши учун бир кичик бўлса ҳам тешик қолдиради. Бу дегани чорасизлик эмас. Бундай тирқиш ёхуд кичик тешикча қабрда бўлмайди.
Ҳазрати Амийрал мўъминйн Али (алайҳис салом) нинг муборак каломлари ва ҳикматларидан таркиб топган “Ғурарул ҳикам” китобининг157-саҳифасида 1777-сонли ҳикматда шундай марҳамат қиладилар:
"Дарвоқеъ, қийинчиликларда муайян мақсадлар бордир ва куни келиб, бу мақсадлар ҳам тугайди. Демак, бундай қийинчликлар ва мақсадлар баробарида сабрли бўлингиз. Негаки, агар сиз ўзингиз бу (қийинчиликлардан чиқиш) йўлида ҳаракат қилсангиз, қийинчиликларингиз сиз кутгандан олдин ниҳоясига етар. Қийинчиликлар бошланганида, ҳеч қачон уларни битмас-туганмас деб билманг. Ишончингиз комил бўлсинки, ҳаргез келажак ҳаётингиз бугунги қийинчиликларингиздек зулматда эмас, нурда ўтгай. Агар сиз қийинчиликларни бениҳоят деб билсангиз, қийинчиликларингиз ортгандан ортиб бораверади."
Азизим, биламизки, бу дунё ўткинчи. Демак, ундаги хурсандчиликлар ҳам ғамлар ҳам ўткинчи. Ғам ва хурсандчилик доимо бир-бирининг ортидан навбатма-навбат ҳаракатдаги бу дунёга хос бўлган ишлардандир.
Кунларнинг бирида оламларга раҳмат бўлган саййидимиз ҳазрати Расули акрам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва саллам) бир девор рўпарасида ўтирардилар. Бу деворда тешик бўлади. Деворнинг тешигига кўрматиш бармоқлари билан ишора қилиб, ён-атрофларида ўтирганларга шундай марҳамат қиладилар:
“Фараз қилингки, агар ғамлар ва қийинчиликлар шу тешикдан келадиган бўлса, кўринг у тешикнинг қандай кириш нуқтаси бўлса, иккинчи томонидан чиқиб кетадиган жойи ҳам бор. Қийинчиликлар ҳам бир эшикдан келса, иккинчи эшикдан чиқиб кетади.”
Ҳазрати Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва саллам) шу муборак сўзларидан сўнг, муқаддас китобимиз Қуръони каримнинг “Шарҳ” сураси 5-6 оятларини тиловат қилдилар:
فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا ﴿۵﴾ إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا ﴿۶﴾
Бас, ҳар битта қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир.
Ҳазрати Али (алайҳис салом) буюрадилар:
“Ҳар бир сиқилишдан (қийинчиликдан) чиқиб кетиш йўли бордир.” (“Ғурарул ҳикам”, 11093-ҳикмат)
Шундай экан, ҳеч қачон ноумид бўлмаслигимиз керак. Аллоҳ суйган бандасини қийинчилик билан сийлайди. Демак, сабр қиладиган бўлсак, сабр билан ҳар қандай тўсиқни Унинг зоти поки инояти билан енгиб ўтамиз. Ё Ҳаққ!
Саййид Азиз Саййид Исо ўғли
Илтимоси дуо...
® https://t.me/xujasoatliklar