ОТАМНИНГ ТАНБЕҲЛАРИ – ОЛТИНЛАРДАН ҚИММАТ ЭКАН!
❗️Ушбу ҳикояни кўпроқ, ҳозирги азиз ёшларимиз ўқиб, тўғри хулоса чиқарсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ҳар вақт отам менинг хонамга кирган пайтида, чироқ ёхуд бошқа электр ускунаси ёниқ турган ҳолда, ўзим ташқарида бўлсам, отам: “- Нега бекордан чироқни ёқиб қўясан, нега электр ускуналарни ёлғондан ишлатиб қўясан, исрофгарчиликка йўл қўясан?!” – деб, танбеҳ берарди.
Агар ҳаммомга кирганида, крандан сув томчилаб турган бўлса, дод солиб: “- Қачонгача исрофгарчиликка йўл қўясанлар?! Нега сувни ёпиб қўймайсанлар?!” – деб танбеҳ берарди.
Ҳатто, касал бўлган пайтида ҳам бундай можароларни тарк этмасди.
Доимо, “Тезроқ бирор иш ҳал бўлсаю, шу можароларни кўрмай...” – деб юрардим. Куни келиб, бир ташкилотга ишчи-ходимларни қабул қилиш учун конкурс эълон қилинди. Унинг шартларига кўра, талабгор шахс корхона раҳбари ва мутахассислари билан суҳбатдан ўтиши керак эди.
Бугун шундай фурсат келди. Бугун, олий ўқув юртини тугатганлигим ҳақидаги дипломим ва бошқа талаб қилинган ҳужжатларни олиб, суҳбатга йўл олдим. Орзуйим шу эдики, яхши бир иш топадиган бўлсам, ушбу безор қиладиган уйни тарк этаман ва отамнинг танбеҳларидан умрбод қутуламан – деган эдим.
Эрталаб вақтлироқ уйқудан турдим-да, ҳаммом қилиб, энг башанг кийимларимни кийиб, ўзимни кўчага қараб ураётиб, елкамга қунган кичик бир чангчани қоқиб ташладим. Отам заифлашган кўзи ва ажин босган юзи билан табассум қилган ҳолда, қўлимга бир нечта пул купьюрасини бериб, деди: “- Ҳар бир нарсага мусбат назар билан боққин, ҳар бир ҳолатни яхшиликка қабул қилгин, доимо ўзингга ишонгин ва ҳар қандай ҳолат бўлганида ҳам, баданинг титроқ босмасин. Чунки, бундай ҳолат сени ўзгалар кўз ўнгида заиф қилиб кўрсатади.”
Отам берган насиҳатларни истамаган ҳолда, ёқимсиз сўзлар сифатида бир амаллаб эшитиб турдим-да, ичимда ўзим-ўзимга: “Шу бугун ҳам отам ўзининг насиҳатлари билан мендан қўл узмайди...” – деб, эътиборсизлик билан туравердим. Худдики, отамнинг сўзлари менинг бугунги ширин хаёлларимга заҳар сепаётгандек бўлди. Дарҳол кўчага югуриб чиқиб, битта такси олиб суҳбатга чақирилган жойга ошиқиб кетдим.
Ўша ишхонанинг бош кириш дарвозасига келиб етганимда, бирор жиддий ташкилотчилик ҳолат, ҳатто, бирор нафар қаровул ҳам кўрмадим. Идоранинг ҳовлисига кириб борар эканман, аҳён-аҳёнда йўл кўрсатадиган йўл кўрсатгич (табличкалар) илинган эди. Ҳовлида бир ҳовузча қилинган, ҳовузчанинг сув қўйиб юборадиган жойи очиқ, унинг ичига шланг ташлаб қўйилган ва ундан оз-оз сув томчилаб турибди. Краннинг жумрагини ёпиб ўтдим. Ҳовлидан йўл кўрсатгичга асосан, корхонанинг асосий биносига кирдим. Коридорга кирсам, коридор тартибсиз, сув босиб сув камайган. Чироқлар бекордан ёқилган. Шу пайтда отамнинг берган танбеҳлари қулоғимда зам-зама бўлди-да, қўрқинч юзасидан ўша чироқларни ўчириб йўлимда давом этавердим.
Бинонинг марказий қисмига келганимда, кўплаб ёшлар суҳбат учун рўйхатдан ўтган. Ихтиёрсиз, уларнинг бир-бири билан суҳбатларини ва мақтанишларини эшитиб қолдим. Уларнинг бири АҚШ да ўқиб олиб келган дипломи билан мақтанадиган бўлса, бошқа бири эса, Англия ёхуд бошқа бир мамлакатнинг нуфузли олийгоҳида таҳсил олиб келгани билан оғзини кўпиртириб мақтанарди. Буларнинг суҳбатларини эшитар эканман, булар шундай нуфузли олийгоҳлардан келган бўлса, буларнинг орасида менга йўл бўлсин, деб, барибир отамнинг “Доимо ўзингга, ўз нафсониятингга қаттиқ ишонгин” – деган сўзлари эсимга тушиб, сўровномани тўлдириб, рўйхатга ёзилдим.
Қараб турсам, мендан олдин суҳбатга кираётганлар, атиги 2-3 дақиқа ўтмай, хафа бўлиб, қабул бўлмаганлигидан ноумид ҳолда чиқиб кетишарди.
Ўзимча “Шармандаи шармсор бўлмасдан туриб, ўз иззат-обрўйим билан бу ерни тарк этганим маъқул” – деган фикрда эдим, отамнинг “Доимо ҳар бир нарсага ва ҳар бир ҳолатга нисбатан мусбат назар билан боққин, яхшиликни ўйлагин” – деб берган насиҳати фикримга келди.
Охири менинг навбатим келганида, ҳаяжон ва қўрқув босди. Шунда, отамнинг “Ўз кучинг, қудратинг ва нафсониятингга ишонгин. Бекордан бекорга ҳар нарсага баданингни қалтироқ босмасин.” – деган, сўзлари эсимга тушди.