Ота-онасининг аҳволини кўриб-билиб туриб, қайнонаси айтган аччиқ гапларни қандай қилиб онасига айтади? “Қизим ёшлик қилибди, опажон, ҳаргиз уйимга аразлаб борса остонадан киритмайман”, деб бош уриб, кечирим сўради…
Кунлар кетидан кунлар ўтиб, қизининг ой куни яқинлашиб бораётгани сари онанинг кўнглидаги ғашлик ортиб борарди. Бир томони ранглари сарғайиб, ҳолсизланиб, озиб-тўзиб кетган қизининг соғлиғидан хавотир олса, бир томони…
Ёмон туш кўриб, чўчиб уйғонган аёл минг андиша билан сим қоқиб, қизидан ҳол-аҳвол сўради. “Ойи, аҳволим яхши эмас. Қоним кам, қон босимим кўтарилиб, юрагим тинмай ўйнайди. Кеча текширувдан ўтдим, тайёрлов бўлимига ётинг, дейишди. Аммо ойижон рухсат бермаяптилар”, деди. Ўзим бориб, уйингдагилардан рухсат олиб, туғруқхонага олиб бораман, харажатларини ўзимиз тўлаймиз, деганига қизгина кўнмади.
УЗИ текширувидан сўнг ҳомила ўғил экан, дейилганини эшитган қайнона келинчакка: “Келинпошша, уйингиздагиларга айтинг, овора бўлмай бир йўла ўғил тўйини ҳам ўтказиб юборамиз. Қўни-қўшниларнинг кўзича урф-одатимизни ерга урмай, ижарага бўлсаям той ясатиб келишсин. Музлаткичми, каттароқ телевизорми совға қилиш ниятлари бордир, ҳамма шунақа қилаяпти ҳозир, эртароқ айтсангиз, ҳаракатини қилади”, деди.
Келинчак уйидагиларга айтишга ботинмади. “Турмуш дегани ёшгина жонга жазо дегани экан, ўша пайтда ажрашиб кетсам бўларкан. Оилам яхши бўлиши учун, шунча сарф-харажат қилиб ўтирган ота-онам учун сингилларим, укамни ўқитиб, уйли-жойли қилиш ҳам катта муаммо. Энди нима бўлади?”. Хаёлида фақат шу сўзлар айланарди.
Ота-она энди икки хонали уйларини сотиб, бир хоналик таъмирталаб уйга кўчиб ўтишди. Бўй етиб қолган икки қиз, ўсмир ўғил, эр-хотин барчасининг куни шу тор уйга қолди.
Ҳамма нарса тахт. Ҳали туғилмаган чақалоққа олинган кийимлар орасида мактаб ёшига етганида кийса бўладиганиям бор. Куёв, қуда-анда дегандек, ҳаммасига аталган сарполар тугунларга жойланган, фақат туну кун яхши хабар кутишади. Ҳомиладор келинчакнинг эса кундан кун ранги заъфарон тус олиб, ҳоли абгор бўлиб борарди… Ўзи сабаб ота-онасининг бошига тушган ташвишлар, тўйдан кейинги югур-югурдан кўзлари киртайиб, сочлари оқариб кетган отаси, гапирса мижжалари намланиб турадиган онаси кўз олдидан ўтади. Дили оғрийди, юраги нотинч уради. Дармонсизликдан силласи қуриб қолса ҳам уйидагиларга лом-мим демайди. У ота-онасининг ҳурмати, чеккан заҳмати учун ҳам шу оилада яшаши, барчасига кўниши, чидаши керак эди…
Ярим тунда эшик қўнғироғидан чўчиб уйғонган онанинг юраги ҳаприқди. Эшик ёнида кўзлари йиғидан қизарган куёви титраб турарди. “Вой, келинг, болам, нима гап? Нега хафасиз? Чақалоққа бирор гап бўлдими-а? Ҳозир юрагим ёрилиб кетади, гапиринг…”
Куёвнинг:
– Қизингиз жонлантириш бўлимида… – деган хабари онани ҳушидан айираёзди…
Тўй қилиб қиз узатиш ёки ўғил уйлаш барча ота-она зиммасидаги бурч.. Аммо тўйдан кейинги “тўй”ларни ким ўйлаб топган? Келин-куёв кўриш бахтига етказгани учун Яратганга шукроналар айтиб, дуо қилиб ўтириш ўрнига кийиму буюм ташвишида бозорма-бозор югурсак?
Бугун тўй бўлса, икки кундан кейин “чарлар” қилиб, яна тўй қилган хонадон эгаларининг “чоп-чоп”и давом этади. Янги қудага мулозамат, яна сарпо-суруқ, патнис тўла ширинликлар билан сийлаб, карнай-сурнай билан уйига кузатиб қўйиши керак. Ўғил ўстирганнинг уйида ҳам беш-олти тоғора ташвиши айланганидан, жилмайиб салом билан чой узатаётган келинчакнинг чиройи ҳам уй эгаларининг кўнглига сиғавермайди. Бир хил рангдаги “Жип” ёки “Каптива”лар билан кўча тўлдириб, келинчак ҳузурига кириб борган шўрлик куёвнинг гарданида анча қарз.
Бувим раҳматлининг бир гапи бор эди: “Чиллали одамнинг яқинига борма, чил одим берида тур. Янги туққан аёл ҳам, келин-куёвлар ҳам қирқ кунгача чиллали саналади. Яхши еб, яхши ичиши, шомдан кейин ухлаб дам олиши, кўринган одам билан қучоқ очиб кўришмаслиги керак. Балодан ҳазар-да, болам”, дердилар. Ҳозир эса тўйнинг эртасигаёқ келинчак тонгда қўлига супурги, челак кўтариб, хизматга тушиб кетади. Бир кун ўтиб, ота уйига меҳмонлар қуршовида бориши, барча яқинлари, қўни-қўшнилар билан бағир очиб кўришиши, гоҳида юз марталаб эгилиб салом бериши керак........