Бегим, ота-онамизни рози қилинг.
Қайтар дунё бир кун қайтар болангиздан,
Ҳар бир қадам ўйлаб туриб, кейин босинг,
Фарзандимиз ўрнак олар сизу биздан,
Бегим, ота-онамизни рози қилинг.
Яхши-ёмон кунлар ўтди бошимиздан,
Ҳар бир куни ўйлаб туриб, фикр қилинг,
Курмак чиқди гоҳо бизнинг ошимиздан,
Шукур қилиб, ота-онамиз рози қилинг.
Ҳожи қилинг, хурсанд бўлсин, арзир булар,
Маккаларда замзам сувин ичсин улар,
Шулар биздан рози бўлса, жаннат кулар,
Бегим, ота-онамизни рози қилинг.
Умр сойдай, вақтлар ҳам тезда ўтар,
Дуосини олсангиз бас бўлди етар,
Бу дунёдан ҳар бир инсон бир кун кетар,
Бегим, ота-онамизни рози қилинг.
Ғаниматим дуо қилар кунда сўраб,
Омонат жон, доим асра, қўлла ё раб,
Не деса ҳам, рози бўлинг, «Хўп» денг қараб,
Бегим, ота-онамизни рози қилинг.