ХОТИРЖАМЛИК СИРИ НИМАДА?
Ҳозирда кўп одамлар моддий фаровонликка эришиш пайида туну кун елиб-югурмоқда, яхши еб-ичишга, чиройли кийинишга, ҳашаматли уйлар қуришга ҳаракат қилмоқда. Аммо тараққиёт чўққисига чиққан кўп мамлакатлардаги ҳаёт ҳозирги кунда унчалик хотиржам эмас, кишиларда руҳий сокинлик йўқолиб боряпти. Яқин тарихга мурожаат қилсак, хонадондан бир киши деҳқончилик, боғбонлик ёки ҳунармандчилик билан рўзғор тебратар, унинг бир мавсумда топгани бутун бошли оиланинг йиллик сарф-харажатларига етарди. Ҳатто муҳтож қариндошларга ҳам ёрдам қилинарди.
Аммо бугунги кунда оилада ҳамма – эр ҳам, хотин ҳам, ҳатто болаларгача тирикчилик ғамида тиним билмай ҳаракат қилади. Шунга қарамай хотиржамлик, ҳузур-ҳаловат йўқ...
Хотиржам яшаш учун мол-дунё топиляпти, “Бойлик тўплаб олай, кейин хотиржам яшаймиз” деб орзу қилиняпти, “Мана шу ишни қилиб олсам, кейин хотиржам бўламан”, деб ўйлашяпти. Аммо бу иш кўпинча ортидан бошқа юмушларни етаклаб келади.
Аслида тинчлик-хотиржамликка Аллоҳни зикр қилиш билан эришилади. Ҳар соатда, ҳар сонияда Яратганнинг бирлигини, борлигини ўйлаб, барча ишларида Парвардигорига таваккал қилган
қалбларгина ўзи истаган хотиржамликка эришади.
Ақлли инсон ўзига берилган мол-дунёни Аллоҳнинг омонати деб билади, топаётган мол-дунёсида ўзгаларнинг ҳам ҳақи бор, деб ишонади, бойлигини керакли жойга, айникса Унинг розилиги учун сарфлайди. Шу билан кўнгли таскин топади.
Агар танасида дард бўлса, буни синов деб сабр қилади, дардига даво излайди. Мўмин киши буларнинг барчаси тақдирдан деб ишонади.
Банда Аллоҳга таваккал қилмаса, Парвардигорига суянмаса, ожиз-нотавон бўлиб қолади. Зеро, дунё ҳаёти шу қадар мураккабки, бунда биз Олий Зотнинг мададига, Қудратли Аллоҳнинг қўллаб-қувватлашига жудаям муҳтожмиз. Аллоҳга таваккал қиларканмиз, зинҳор ўзимизни ёлғиз ҳис этмаймиз, ҳар дамда Аллоҳ биз билан эканини, бизга ёрдам беришини қалбдан сезиб турамиз. Мана шу ишонч бизга руҳий далда беради, кўнглимизни кўтаради.