🔴 ОХИРАТ МАВСУМИ БОШЛАНДИ
Ишбилармон савдогар савдо-сотиқ учун мавсумини пойлайди. Сезонгача дам олиб, сезон бошланиши билан ишга киришади. Бир сўмлик нарсаси ўн сўмдан сотиладиган кун ухламасдан, мижжа қоқмасдан савдо қилиб, роса пул топади, «соққа»ни босади.
Худди шунга ўхшаш ишбилармон тақводор киши ҳам охират сезонини пойлайди. Охират сезони келиши билан енг шимариб астойдил Аллоҳ билан савдо қилади. Пул қудрати синиб, «соққа» иш бермайдиган Кун учун савобни кўпайтиради.
ҚИЁМАТДА ФАҚАТ САВОБ ВА ЯНА САВОБ ФОЙДА БЕРАДИ.
ҲОЗИР БИР НЕЧА ДАҚИҚАЛАРДАН СЎНГ ОХИРАТ МАВСУМИ БОШЛАНАДИ!
ЛАЙЛАТУЛ ҚАДР УМИД ЭТИЛГАН РАМАЗОННИНГ ОХИРГИ ЎН КУНЛИГИ КИРИБ КЕЛАДИ.
БУ ОХИРАТИНИ ЎЙЛАГАН АҚЛЛИ ИНСОН УЧУН ЭНГ КАТТА МАВСУМ, ЭНГ ФОЙДАЛИ МАВСУМ!
Бу мавсумда бир кеча минг ойдан яхшироқдир.
﴿لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ﴾
«Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир!» дейди Аллоҳ.
Эътибор беринг, бир кеча минг кечага тенг, дейилмаяпти, йўқ! Балки бир кеча минг ойдан яхшироқ, афзалроқ, дейилмоқда.
Бозор тили билан айтганда, бир сўмлик нарсангиз минг сўмдан кўпроққа сотилади. Бир сўмлик нарса мингга тенг эмас, мингдан кўпроққа сотилади. Агар харидор қўли очиқ бўлса, минг эмас, икки мингни санаб беради, балким нақ уч минг, тўрт минг санаб бериши мумкин.
Худди шунга ўхшаш ولله المثل الأعلى бу кеча харидорингиз энг сахий, энг бой зот Аллоҳдир!
Ё Раб, бизларни шу баракотли, серфайз кечага етказганинг учун ўзингга ҳисобсиз шукур.
Илоҳо, бу саноқли кунлар ва тунлардан тўғри фойдаланишни бизга ҳам насиб эт...
Бу кечада бажариладиган асосий ибодатлар:
1. Хуфтон намози, таровеҳ ва тунги қиём.
2. Қуръон ўқиш.
3. Зикр.
4. Дуо, илтижо.
5. Истиғфор.
6. Масжидда эътикоф ўтириш. Истаганлар ўн кун, истаганлар бир кун эътикоф ўтириши мумкин. Бир неча соатга эътикофни ният қилиб, масжидда ўтирса бўлаверади, дейди олимлар.
7. Инсонлар қалбига қувонч улашиш.
Қўлингиздан келса, ҳар кеча шароитингизга қараб садақа беринг.
Жамоат билан намоз ўқиб бўлгандан кейин ўзингиз қўлингизга Мусҳафни олиб, яна намоз ўқийверинг.
«Тунги намоз икки ракаат, икки ракаатдан» дейилган ҳадисга биноан тундан тонггача икки ракаатдан намоз ўқисангиз бўлаверади.
اللهم أعنا على ذكرك و شكرك و حسن عبادتك
Жалол Иброҳим.
𝐌𝐔𝐙_𝐃𝐀𝐋𝐈𝐅𝐀𝐀 | 𝐓𝐄𝐋𝐄𝐆𝐑𝐀𝐌