ЯНГИ ЙИЛДА ОТАМ КЕЛСИН,
ОТАМ КЕЛСИН...
❄️❄️❄️❄️❄️❄️❄️❄️❄️❄️❄️❄️❄️❄️❄️
ЎЗИМНИЯМ ЙИҒЛАТГАН ШЕЪРИМ
🧚♀🧚♀🧚♀🧚♀🧚♀🧚♀🧚♀🧚♀🧚♀🧚♀🧚♀🧚♀🧚♀🧚♀🧚♀
Мана 2025 - йилнинг отамсиз қарши олмоқдаман.Айрим инсонларга ўтинчим илтимос, бу илҳомим номасидан иллат ахтарманг.(Нега Янги йил, Қорбобо хақида ёзаяпсиз?!деган мунозара тарзида...)Янги йилда отасини соғиниб армон этаётган барча инсонларга ҳамдардлик билан, азизлар, ушбу шеьрим уйғоқ қалб туйғулари завқида ўқиб, озроқ таскин ва руҳан юпанч топишингизга тилакдошман...
Фарзандларим хурсанд, кўркам, арчалари,
Сизлар яйранг, менинг қалбим мотам, дедим.
Вужудимда ҳаста юрак парчалари,
Янги йилда отам келсин, отам, дедим...
Хаяллашиб, майли, манзил излаб қолсин,
Қорбобо ва Қорқиз йўлда музлаб қолсин,
Тошлар қотган кўксим, меҳрин тафти олсин,
Отам келсин, Янги йилда, отам келсин.
Мусофирдай эшигимнинг тақиллатиб,
Қўлларида тасбеҳини шиқиллатиб,
Аста ёғоч ҳассасини дукиллатиб,
Отам келсин, Янги йилда, отам келсин.
Қандоқ экан, менсиз ёруғ олам, дея,
Бу йил қандай ҳосил, шудгор далам, дея,
Қўй, йиғлама хазиллашдим болам дея...
Отам келсин, Янги йилда, отам келсин.
Қандай ўктам йигит эдинг, бекам султон,
Адо қилди сени нима, ё не армон?
Сочинг бунча оқарибди, ўғлим, дебон...
Отам келсин, Янги йилда, отам келсин.
Қайта - қайта санаб, харом, ҳалолини,
Одам йўлин қайси ҳақ, қай заволини
Ўйчан бураб, оппоқ, мўйлов сақолини,
Отам келсин, Янги йилда, отам келсин.
Отаси йўқ, уйдан бало аримайди,
Билдим, энди менга байрам татимайди,
Отаси бор, ўртоқларим қаримайди...
Отам келсин, Янги йилда, отам келсин.
Ортингиздан кўз ёшларин тўкиб қолди,
Осмон эди, икки кунда чўкиб қолди,
Шоир Мурод, кўнгли ёмон ўксиб қолди,
Янги йилда, отам келсин, отам келсин...
Фарзандларим хурсанд, кўркам, арчалари,
Сизлар яйранг, менинг қалбим мотам, дедим.
Вужудимда ҳаста юрак парчалари,
Янги йилда отам келсин, отам, дедим...
🌲 Қизилтоғ шоири 🌲
Муроджон Жўраев✍