ҚАЛБИМНИНГ СОҲИБИ!
У ҳақида кўп ёзганман. Яна кўп ёзсам керак. Ҳамманинг фарзанди ўзига азиз. Аммо, Харун менинг кўзимга бошқача кўринаверади. Унга эркалиги ҳам, тўполони ҳам, хаттоки енгил турдаги касаллиги ҳам ярашиб туради. Бир марта кўрган инсон уни яхши кўриб қолади. Хеч кимдан бегонасирамайди. Ҳаммани ўзининг яқини деб қабул қилади.
Қонига тортса керак, ҳамма турклар каби чойни яхши кўради. Финжондаги чойни хўпларкан, хузурланиб кўзларини юмишини кулиб кузатаман.
Докторлар уни олти ёшигача гапира олмайди дейишганди. Ҳаракат қилдик. Махсус дарслар ва мунтазам муолажалардан кейин тўрт ёшида гапиришни бошлади. Авваллари қачон она деб айтаркан деб кутардим. Энди уни тўҳтатиб бўлмайди. Бир кунда, энг камида минг марта "anne" дейди. Саволлари ҳам ажойиб.
- Нега осмонни ранги кўк? Қизил бўлса бўлмайдими?
- Нега уйимиз денгиз устида эмас?
Хар битта саволига жавоб беришга ҳаракат қиламан.
- Муслим акам нима қиляпти?
- Намоз ўқияпти.
- Намоз китобми?
- Эшит, жойнамоз устида инсонлар, Аллоҳ билан гаплашишади. Ундан тилакларини амалга оширишини сўрашади.
- Аллоҳ ҳаммасини қиладими?
- Астойдил сўрасак албатта беради.
- Унда Аллоҳдан сўраб беринг. Кеча ўртоқларим билан борган саёҳатга яна боргим келяпти.
- Аввал овқатингни е. Кейин бирга дуо қилиб сўраймиз.
Ўша куни унга дастурхон бошида дуо қилишни ўргатдим. Хилма хил дуолари қилиқлари каби ширин эди.
- Аллоҳим, мен катта бўлдим. Боғчага боришни ҳоҳламайман. Ҳамма боғчаларни ёпиб қўйгин. Қайта очилмасин.
Касалликлар мени қўрқитмайди. Оғриқларга бардош бера оламан. Фақат, оҳирги пайтларда касалик мени чарчатди. Ошқозон чурраси ( грижа) амалиёти учун тайёргарлик кўраётган эдим. Бошқа бир касаллик қаршимга чиқди. Кучли оғриқ билан касалхонага тушдим. Таҳлиллар, текширувлардан кейин, доктор ташҳисни айтди.
- Ўт қопида йигирматадан кўпроқ тош бор. Энг каттаси икки см. Тошлар қиррали бўлгани учун, қўзғолганда оғриқ беряпти.
- Доктор, ўт қопи хеч қачон мени безовта қилмаган. Шундай бўлиши мумкинми?
- Бўлиши мумкин. Балки, бошқа касалликлар сабаб эътибор бермагандирсан. Дори ёздим. Бир ҳафта назорат қилайлик.
Бир ҳафта ҳам ўтмади. Иккинчи оғриқ кўп кутдирмади. Саҳарда, соат тўртларда кучли оғриқдан уйғондим. Юрагимга, орқа елкамга бераётган оғриққа чидаш қийин бўлди. Лайло иш сафарида эди. Муслим иккинчи қаватдаги хонасида ухлаяпти. Уйқуси қаттиқлигини билсам ҳам инграб чақира бошладим. Оҳири амаллаб телефонимни олдим. Тез ёрдам чақирсам давлат касалхонасига олиб боради. Бизнинг уйимизга анча узоқ. Яхшиси такси чақираман. Хусусий касалхонага тезроқ олиб боради. Таксини чақирдим. Бу орада шундай оғриқ бошландики, бақириб, икки букилиб ўтириб қолдим. Кўзларини ишқалаб Харун чиқиб келди.
- Нима булди, ойи?
- Тойчоғим, сен Муслим акангни ёнига чиқ. У билан ётиб тур. Мен тезда келаман.
- Мен ҳам бораман.
Егнидагиларни, хатто оёқ кийимларини ҳам тескари кийиб ёнимга туриб олди. Такси етиб келди. Лекин, пастга тушгани ўзимда куч топа олмадим. Кутилмаганда, Харун йўллакка югуриб чиқди. Қўшниларни эшикларини тақилата бошлади. Амаллаб қўшниларни уйғотиб келди. Уларнинг ёрдами билан машинага ўтириб олдим. Касалхонагача бўлган масофа шунчалик узоқ туюлдики, етиб боролмасак керак деб ўйладим. Машинадан биринчи Харун отилиб чиқди. Кейин касалхона биносига қараб югурди. Йўлакни бошига кўтариб бақира бошлади.
- Doktorlar,yardım edin. Annem çok hasta. Annem ağlıyor. Hocam,yardım edin. Lütfen koşun.( Докторлар, ёрдам беринг. Ойим касал, у йиғлаяпти. Доктор, ёрдам беринг, тезроқ югуринг).
Докторлар етиб келди. Мени машинадан туширишаркан, Харун уларнинг оёқлари орасидан ўтиб қўлимдан ушлаб олганди. Ҳамшира оғриқ қолдиручи укол тайёрлашга киришди. Харунни бу шифохонага кўп олиб келганман. Шамоллаганда, грипп бўлганда. У мени гапларимни такрорлади. Хамширага қараб битта кўзини қисиб қўйди.