#закот
❓1422-CАВОЛ: Бир одамнинг тижоратдаги пул маблағлари нисобга етмайди. Яйловда юрадиган 25 та атрофида қўйлари бор. Бу одам нисобга етмаган пуллари билан қўйларини битта ҳисоблаб закот чиқарадими ёки иккиси ҳам нисобга етмагани учун закот бермайдими? Шунингдек, 40 тага етмаган қўйи ва 30 тага етмаган қорамоллари бўлса, бунинг закоти қандай бўлади?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Закотда бир-бирига қўшиладиган бир қанча нарсалар бор. Масалан, тилла, кумуш, нақд ва электрон пул (пул маъносидаги қимматли қоғозлар), тижорат моллари (турли турдаги товарлар бўлса ҳам) бир-бирига қўшилади ва умумий молдан закот чиқарилади. Чунки буларнинг барчаси битта жинс ҳисобланади.
Аммо нақд пул ёки тилла-кумушга чорва ҳайвонлари, чорва ҳайвонларнинг бирини бошқасига қўшилмайди. Агар масалан, яйловда 25 та қўйи ва 20 та сигири бўлса, закот чиқармайди. Чунки уларнинг жинси турлича бўлгани учун ҳар бири закот чиқаришда алоҳида-алоҳида ҳисобланади. Бу ҳақда “Мажмаъул анҳур” китобида бундай дейилган:
وَاعْلَمْ أَنَّ السَّوَائِمَ الْمُخْتَلِفَةَ الْجِنْسِ كَالْإِبِلِ وَالْبَقَرِ وَالْغَنَمِ لَا يُضَمُّ بَعْضُهَا إلَى بَعْضٍ بِالْإِجْمَاع
“Билингки, (закотда) туя, сигир ва қўй каби жинси турлича бўлган яйловда юрган чорва ҳайвонлари бир-бирига қўшилмайди. Бунга уламолар ижмо қилишган”.
Лекин чорва ҳайвонларини тижорат мақсадида боқаётган бўлса, бу тижорат молига айланиб, закотни ҳисоблашда уларнинг қиймати тилла-кумуш ва нақд пулларга қўшилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife
🔗 Улашинг: @diniysavollar