Агар оддий арифметик жиҳатдан ҳисоблаганда бу жавоб тўғри, яъни насияга сотилгандаги нарх нақдга сотилгандаги нархнинг 140% ини ташкил қилади. Бу тўғри чизиқли ҳисоблаш усулини қўллаганда чиқадиган натижа.
Масалан, биз қўйган мисолдаги ҳолатни олиб қараймиз:
2.541.000 (маҳсулотнинг насияга сотиладиган нархи) / 1.815.000 (маҳсулотнинг нақд пулга сотиладиган нархи) = 1,4, яъни бу ҳолатда маҳсулотни харидор насияга 1,4 баравар қимматга сотиб олади. Демак, бу ҳолатда сотувчининг устамаси 40% ни ташкил этади.
Бироқ, биз ушбу саволни қўйганда масаланинг бошқа томонини, яъни молия муассаларининг ўз устамаларини турли усуллар билан аниқлашларини ва бу харидорлар учун қандай молиявий оқибатларга олиб келишини ҳам кўрсатишни ният қилган эдик.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, тўғри чизиқли ҳисоблаш усули бор ва яна кўпчилик билмайдиган аннуитет ҳисоблаш усули ҳам бор. Бугунги кунда банклар ва бошқа насия савдо билан шуғулланувчи аксарият молия муассасалари ўз устамаларини айнан аннуитет усулида ҳисоблашади. Бу усулда харидор ҳар ой бир хил миқдорда тўловларни (яъни маҳсулот таннархи ва сотувчи устамаси йиғиндисидан иборат тўловларни) амалга ошириб боради. Бундай ҳисоблаш усули қўлланганда дастлабки ойларда устама бўйича кўпроқ, тани бўйича эса камроқ тўлов ҳисобланади, лекин умумий тўлов ўзгармас равишда бир хил бўлади. Бу усулда харидор бир йил муддатга маҳсулотни ҳар ойда 211,750.0 сўмдан тўлаб бориш шарти билан (савол-бошқотирмага асос бўлган расмга қаранг) насияга сотиб олса, устама ҳисоблашнинг анниутет усулида ҳисобланганда 12 ой учун устама 67%ни ташкил этади.❗️
Бошқача қилиб айтганда, агар харидор шу маҳсулотни анъанавий истеъмол кредити ҳисобига сотиб олганда кредит фоизи аннуитет усули бўйича ҳисобланарди, бу эса харидор ушбу маҳсулотни сотиб олиш учун фоиз ставкаси 67% бўлган истеъмол кредити олди, дегани бўлар эди.
Кўриб турганимиздек, тўғри чизиқли ҳисоблаш усулидан кўра аннуитет усули сотувчи учун моддий жиҳатдан манфаатлироқ чиқади.
Таъкидлаш лозим, бир нечта обуначимиз 12 ой учун устама 67%ни ташкил этишини тўғри кўрсатиб беришди. Биз уларга ўз эътирофимизни изҳор қиламиз.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, насия асосидаги савдо шаклида харидорлар ўзлари сотиб олаётган маҳсулот уларга (нақдга сотиб олган ҳолат билан солиштирганда) қанчага тушаётганлигини тушунишлари ва шунга қараб иш кўришлари керак.
✅@IslomMoliyasi канали