ШАЪБОН ОЙИНИНГ 15-КЕЧАСИ БИЛАН БОҒЛИҚ БЎЛГАН МАЪЛУМОТЛАР.
•┈┈• ❀ 🍃🌸🍃 ❀ •┈┈•
Шериги, тенги, ўхшаши бўлмаган, на маконга, на Аршга, на осмонларга, на Ўзи яратган бирор нарсага муҳтож бўлмаган, бутун борлиқнинг яратувчиси бўлган Аллоhга ҳамд-у, санолар бўлсин ва оламларнинг саййиди бўлган Пайғамбаримизга саловат-у саломлар бўлсин.
•┈┈• ❀ 🍃🌸🍃 ❀ •┈┈•
• Тунда туриб намоз ўқишнинг афзаллиги ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссалом ўзларининг ҳадисларида шундай дедилар:
أَفْضَلُ الصَّلَاةِ بَعدَ الفَرِيضَةِ صَلَاةُ اللَّيْلِ
Маъноси: “Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз бу тунда ўқилган намоздир.” (Имом Муслим ривояти.)
Аллоh ризоси учун тунда туриб намоз ўқишлик бу - нафл ва мустаҳаб амаллардандир. Расулуллоh ўзларининг жуда кўп ҳадисларида тунларни ибодатда ўтказишликка чорлаганлар. Бу тундаги ибодат: намоз, дуо, зикр, истиғфор, Пайғамбаримизга салавот айтиш, Қуръони карим оятларини ўқиш каби қайси ибодат бўлмасин, буларнинг барчаси Аллоhнинг раҳматига яқинлаштиради. Албатта, барча фарзларни ва барча вожибларни бажариш билан биргаликда.
•┈┈• ❀ 🍃🌸🍃 ❀ •┈┈•
• Шаъбон ойининг 15-кечаси ҳақида келтирилган ривоятлар.
Шаъбон ойининг 15-кечаси жуда ҳам муборак ва мушарраф тунлардан бири ҳисобланади. Бу тунни турли ибодатлар билан масалан: намоз, зикр, Қуръон тиловати ва бошқа солиҳ амаллар билан ўтказиш жуда ҳам савобли ишдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
إذا كانت ليلة النصف من شعبان فقوموا ليلها وصوموا نهارها
Маъноси: “Шаъбон ойининг ўн бешинчи санасининг тунини ибодат билан, кунини эса рўза билан ўтказинг.”
Ҳар бир инсонга энг афзал нарса бу - шу тунни ва қолаверса бошқа тунларни ҳам Аллоhга тақво қилган ҳолда ўтказиш, яъни барча фарзларни бажариб ва барча ҳаромлардан ўзини сақлаган ҳолда ўтказишлик. Бундай амал инсонни Аллоhнинг раҳматига, розилигига, марҳаматига эриштиради. Инсонга бу ўткинчи дунёда тақводан фойдалироқ нарса йўқ.
Қуръони каримда шундай дейилган:
يَاأيُّهَا الَّذِينَ ءامَنُوا اتَّقُوا اللّٰه
Маъноси: “Эй имон келтирганлар Аллоҳга тақво қилинг.”
Тақво бу - барча фарзларни бажариш ва барча ҳаромлардан ўзини сақлашдир.
Оқил киши яқинлашиб келаётган ўлим, қайта тирилиш, маҳшаргоҳда тўпланиш ва ҳар бир нарса учун ҳисоб китоб бўлишини эслаб, ҳар вақт ибодатга шошилади. Шунингдек, Шаъбон ойининг 15-кечасида ҳам Аллоhу Азза ва Жаллага ибодат қилишга шошилади.
Қуръони каримнинг ушбу оятида шундай дейилган:
وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيرَ الزَّادِ التَّقْوَى
Маъноси: “(охиратга) Захира тўпланг, захиранинг энг хайрлиси бу тақводир.
•┈┈• ❀ 🍃🌸🍃 ❀ •┈┈•
• Пайғамбаримиз номидан айтилаётган ёлғон ҳадислар ҳақида.
Инсонлар орасида Шаъбон ойининг 15-кечаси ҳақида жуда ҳам кўп тарқалиб кетган икки ёлғон, тўқима ҳадис бор. Бу ҳадис деб номланадиган сўзларга ҳеч қандай асос йўқ, аксинча улар шариатга зиддир. Шунинг учун ҳам бундай ҳадислар Пайғамбаримизга нисбат қилинмайди.
Ушбу тўқима ҳадисларда айтилишича гўёки Пайғамбаримиз: “Ражаб бу Аллоhнинг ойи, Шаъбон Менинг ойим, Рамазон эса умматимнинг ойи” демишлар – бундай сўз асло Пайғамбаримизнинг сўзлари эмас.
Шунингдек, Расулуллоҳ гўёки “Ражаб истиғфор ойи Шаъбон Пайғамбарга саловат айтиш ойи Рамазон эса Қуръон ойи” демишлар – бу сўзлар ҳам Пайғамбаримиздан собит бўлмаган.
Юқорида келтирилган ҳадисларнинг иккиси ҳам олимлар томонидан асоссиз тўқима ҳадис деб топилган.
Ясин сурасига келадиган бўлсак, бу муборак сурани бошқа тунларда ва бошқа вақтларда ўқишнинг савоби катта бўлгани сингари бу тунда ҳам ўқишда савоб каттадир. Лекин, шуни билишимиз керакки “Ясин сурасини бу тунда ўқиш махсус мустаҳаб” - деган Пайғамбаримизнинг сўзлар йўқ.
•┈┈• ❀ 🍃🌸🍃 ❀ •┈┈•