- Дада, шунга телефон қилаётгандим. Икки-уч кун шунга хўп деб туринг. Биласиз-ку, кейин ўчади.
- Э-э, гаплари теппа сочингни тикка қилади-да, ўқишга кира олмайганига мен айбдор эмишман. Ўзи хоҳлаган марказга юбормабман. Ойинг ҳам айбдор эмиш. Уйнинг ишларини қилдирибди. “Гулранг борган жойга бормадинг-ку, ўзинг. Ўша ердан опанг кирди ўқишга, мана Гулранг кирди, ўзинг менсимадинг. Аслида ўзинг тайёрланишни истамадинг”, десам ҳам уй ишини қиламан, ҳам бошим балога қолади, дейди. “Супер контракт”га ўқийман дейиши ортиқча.
- Нима? Супер-контрактга ўқирмишми?
- “Пулингиз борми, дада?” деб сўрамайди. Цех ёпилиб ётган бўлса, иш тўхтаган бўлса, мижозларни йўқотиб бўлдим. Сен энди, сал вақт топа оласанми? – хўрсинганча сўради Аббос.
- Билмасам, дада. Дарсдан кейин куёвингизнинг ўзи уйга олиб бориб қўйяпти. Чет элдан келганимиз учун тинмай меҳмон келяпти, уйга. Яна мени ўзимни ҳам қариндошлари меҳмонга чақиряпти. Эртага ҳам битта жойга ўтиришимиз керак. “Дарсдан келиб, сомса пишириб турасизми?” деганди ойижон. Ҳар куни битта иш чиқяпти, шунақа. Лекин хаёлимда цех. Гулюзгами, Гулранггами, ўргатмаган эканман, деяпман.
- Нимани ўргатасан? Сен ўйлаб топадиган фасонларни ўйлаб топа олармиди, улар? Мижозларни ҳам йўқотдик.
- Бичишни дада. Зилолга бўлсаям ўргатаман, энди.
- Ҳайронман қизим. Ишимиз буткул тўхтаб қолди. Қандай яшаймиз? Бу ёғи синглинг ва укангнинг ўқиши бор, сенинг шартнома пулинг... Ишни юрғизиб олмасам, мижозларни йўқотяпмиз.
- Дада, менинг шартнома пулимни ўйламанг. Бобом “Ўзимиз тўлаймиз, энди бизнинг қизимизсиз”, деди.
- Шунақами? – ичида бир енгиллик бўлди, Аббоснинг. – Барака топсин, бобонг. Майли, салом де, уйдагиларингга. Вақтинг бўлганда айт. Ҳеч бўлмаса, ярим кун вақт ажратсанг, бичиб бериб кетсанг, мени ишчиларни чақирардим.
- Хўп, дада, майли салом айтинг.
Гулҳаё отаси билан гаплашиб бўлгач, ўйланиб қолди. Усиз цехнинг иши битмайди. Аммо ҳозир келинлик уйидан ҳам чиқиб кета олмайди.
Ҳамма ишда бўлади. Бобоси ва бувисининг ош-овқатига Гулҳаё қараб ўтирибди. Қилмасаям бўмайди, янги келин. Яна уни ўз қизларидек яхши кўришади. Бундан ташқари, бобосининг унга қанча яхшиликлари бор? Тағин кунора меҳмон келяпти, уларга бирор пишириқ пиширмаса, дастурхон ҳозирламаса бўлмайди. Хуллас, шу кунларда цех учун умуман вақт ажрата олмаслигини Гулҳаё тушунди. Лекин бу отасининг касод бўлишига олиб келиши мумкин. Нима қилиш керак, а?
* * *
Севара кечаси билан йиғлаб чиқди. Тўйиб-тўйиб, ўксиб-ўксиб йиғлади. Кўзларидан тинмай ёш оқаётган бўлса-да, ичига, юрагига қувватбахш бир нур кириб келган эди:
- Сардор ота-онамнинг ёнида қолди. Маликдан сўрай олмадим, ўзлари олиб кел, дейишдимикан? Албатта айтган. Ахир Сардор бош неваралари. Жонидан ортиқ кўришарди. Соғинишибди. Мени ҳам, Самирни ҳам соғинишганмикан?
Сеавара ёнгинасида ётган Самирнинг бошларини силади. У уйқуда ҳам хўрсиниб қўяди. Узун киприклари намли. Озмунча йиғладими, ахир? Севара Сардорни Малик олиб кетганини ичига сиғдиролмади. Самирга айтди. “Сардор бобонгларникига кетибди”, деди. Айтиши билан Самир “Мени ҳам олиб боринг”, деб йиғласа... Кўндириб, тушунтириб бўлса экан унга бирор гапни.
- Менам бобомга бораман, менам соғиндим, - деб роса тўполонни қилди.
- Сени эртага юбораман, - деди ноилож қолган Севара.
“Маликка қўнғироқ қиламан. Энди Самирни олиб бор, йиғлаяпти”, дейман. Ота-онам Самирниям соғинган. Албатта, борса хурсанд бўлади. Эй Худойим, уларнинг кўнглини юмшатганинг рост бўлсин! Мени ҳам кечиришсин, илоҳим...”
Севаранинг кўзлари яна ёшланди. У шу қадар хурсанд ва енгил эдики, таърифлаб бўлмасди. Ахир салкам икки йилдан буён ота-онасини кўрмайди, овозини эшитмайди, ҳолини билмайди. Бу жуда катта бахтсизлик эканлигини Севара жуда кўп бор англаган. Яқинларининг меҳрисиз, кўмагисиз, уларнинг ўзисиз ҳеч бир одам ўзини тўкис ҳис қилмаслигини тушунган. Севара ҳам мажруҳдек гап эди. Тик юргани, ишлагани, елиб-югургани билан қаеридир хаста, ноқис ва безовта эди. Бу кемтиклик унинг ҳаловатини олган, нима қилмасин, нима демасин барибир тўлмасди.