АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТЛАРИ
(Дадам Абдиназаров Эшбобо хотирасига бағишланади)
Хотин ўлгач эгилди,
Шодмон ака гавдаси.
Ўн йиллик турмушида,
Бўлмади бир боласи.
Эру-хотин ўксиниб,
Бир тирноққа зор ўтди.
Охири аёлининг
Қўлидан ажал тутди.
Ёлғиз қолди на ота,
На онаси ёнида.
Яхшиям акаси бор,
Бир жигар, бир жонида.
Ака излаб бир жувон,
Дарагин топиб келди.
Дер: "Ёлғизлик Аллохга,
Ахир хотининг ўлди".
Ёлғиз аёл, бегуноҳ
Икки гулдек қизи бор.
Тўрт ёш, бири олти ёш
Ширин бийрон сўзи бор.
Шу тирик етимларни,
Бошини силаб ўтгин.
Савобидан Аллохдан,
Бир тирноқ тилаб ўтгин".
Шодмон ака бош силкиб,
Розилигин билдирди.
"Хотиржам бўлинг" дея,
Кам кўнглини тўлдирди.
Зулмат уйга нур тўлиб,
Кириб келди бир жувон.
Ортида икки фарзанд,
Эргашгандир икки жон...
Шодмон ака уйига
Тушди гўё юлдузлар.
Бир оз ҳуркиб туришди
Шодмон акадан қизлар.
Қучоғин кенг очиб дер:
"Қизларжоним келинглар.
Мен сизнинг дадангизман,
Шуни яхши билинглар".
Қизлар хам югурганча,
Қучоқлаб ачомлашди.
"Дадажон" деб юзидан,
Ўпишиб саломлашди.
Шодмон аканинг кўзи
Тўлиб кетди кўз ёшга.
Аллоҳ омонатларин,
Кўтарди баланд бошга.
Деди: " Аллохим!!! кечир,
Ўн йил бағримни тилдим.
Берган омонатларинг,
Кўзга суртишим билдим.
Қизлар исмини айтмай,
"Гулларим" деб атарди.
Ўстириб пок, бокира,
Халол луқма тутарди.
"Жаннатим калити" деб,
Меҳри билан ўрарди.
Намозида қизларнинг,
Ойдай бахтин сўрарди.
Бир куни совуқ қишда,
Бетоб бўлди қизчалар.
Иссиғи ҳеч тушмайди,
Ёниб турар юзчалар.
Шаҳри Кешнинг четида,
Жойлашган чекка қишлоқ.
Шифокор йўқ, дори йўқ,
Ҳеч кимдан чиқмас нажот.
Ўнта қишлоқ нарида,
Битта дорихона бор.
У вақтлар телефон йўқ,
Қайда тез ёрдам, тезкор.
Тизза бўйи ёққан қор,
Машина хам юролмас.
Эшаги хам совуқда,
Дирдираб тик туролмас.
Шодмон ака этигин,
Кия бошлади шошиб.
Дори обкелиш учун,
Ўнта қишлоқни ошиб.
Хотини дер: "Дадаси,
Кўча жуда совуқку.
Буни устига қаранг,
Этигингиз тешикку.
Пиёда бориб келмоқ,
Ўлим билан тенг ахир.
Аллоҳ шифо беради,
Марҳамати кенг ахир".
"Қўй қайтарма йўлимни,
Оёқ қўлим саломат.
Жим қараб туролмайман,
Улар менга омонат".
Шундай деди-ю, шахдам,
Кўча томон интилди.
Хотин кўзда ёш билан,
Юраги қон титилди.
Уч кеча-ю, уч кундуз
Деганда қайтди эри
Гўё ажалдан ғолиб,
Аёндек ҳаёт сири.
Қўлда дорини кўриб,
Аёл кўзин ёшлади.
Эркак ҳушин йўқотиб,
Ўзин ерга ташлади.
Тушдами, ё хушида,
Учиб борар осмонга
Қўлин тутиб эргашди,
Фариштадек инсонга.
Ёқимли овоз келди:
"Қулоқ тут хушхабарга.
Жаннатларда сен энди,
Қўшнисан пайғамбарга".
Чўчиб ўйғониб кетди,
Юзга томган кўз ёшдан.
Икки қизча йиғларди,
"Дадажон" деб бошида.
Оёқлари сезмасди,
Аёл малҳам сурарди.
Гоҳи юзларин ушлаб,
Иссиғини кўрарди
Аёл дер: "Бу дорилар,
Керакдир ўзингизга.
Совуқдан қотган оёқ,
Кўкарган юзингизга.
Сиз кетган кун Аллоҳнинг,
Қизларга раҳми келди.
Ё юборган синовдан,
Ўтганингизни билди.
Тузалиб кетиб қизлар,
Ўйнаб кулиб юришди.
"Дадажоним соғ асра"
Деб дуолар қилишди.
Розиман тақдиримдан,
Розиман минг бор сиздан.
Ҳатто жонингизни хам,
Аямадингиз биздан".
Шундан сўнг кўп ўтмасдан,
Аёл айтди хушхабар.
Шодмон ака Аллоҳга,
Ҳамд айтар бўлиб бедор.
Шодмон ака ҳаётнинг
Туйди ширин тотини.
Алпомишдек бир ўғил,
Ҳадя қилди хотини.
Шукронаси мўл бўлди,
Шодмон ака шод бўлди.
Тағин худойим бериб,
Ўғил-у қизли бўлди.
Уч ўғил ва бир қизни,
Туҳфа қилди худойим.
Шодмон ака уйида,
Байрам эди ҳар доим.
"Омонат гуллар" бошин,
Силаб ўтди бир умр.
Аллоҳ йўлига қалбин,
Тўшаб ўтди бир умр.
"Опаларимдек мени,
Гулим денгчи бир бора".
Деб гоҳ рашк қилар эди,
Кенжа қизи Дилдора.
Дадажоним шод бўлсин,
Доимо руҳларингиз.
Хавотир олманг, яхши
Юрибди Гулларингиз.
ДИЛДОРА АБДИНАЗАРОВА ✍
✨ 𝐓𝐞𝐥𝐞𝐠𝐫𝐚𝐦 | ZOR_SHERLAR
https://t.me/joinchat/AAAAAFSr_DNLiYs5emlrpw
☝️ Do'st va Yaqinlarizga yuboring ❗️