Тадбиркорга яратилаётган имкониятлар кўлами
янада кенгаймоқда
Жорий йилнинг 20 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклида учрашуви ўтказилди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида, сўнгги 8 йил давомида эришилган натижалар мамлакатимизда бошлаган ислоҳотларимизнинг илк куниданоқ тадбиркорлар билан елкама-елка туриб, доимий равишда мулоқотда бўлганлигимиз оқибатида эришилганини таъкидлаб ўтди. Дарҳақиқат, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот йил давомида бўлди десак, асло муболаға бўлмайди, сабаби Президентдан бошлаб Бош вазир, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар, Савдо-саноат палатаси, Бизнес омбудсман ҳамда бошқа раҳбарлар тадбиркор билан доимий мулоқотда бўлиб, иш жараёнида вужудга келаётган муаммоларни ўрганиб, таҳлил қилиб, ечим топиш бўйича тегишли амалий ҳаракатларни бажариб бордилар. Юқори натижаларга эришишда замонавий технологиялар асосида замонавий корхоналар очаётган, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида минглаб янги иш ўринлари билан таъминлаётган ва жаҳоннинг етакчи бозорларига шаҳдам кириб бораётган фаол тадбиркорларнинг роли жуда катта эканлигини Президент томонидан алоҳида қайд этилди. Тасдиқланган режадан ташқари, тадбиркорлар кўтариб чиққан 700 дан зиёд масала, ташаббус ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватланди, 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилгани, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматларни янада ривожлантириш, тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилаш мақсадида яна 18 триллион сўм йўналтирилгани айтилди. Айниқса, маҳаллаларда ташаббус қилиб олиб чиқилаётган энг кичик лойиҳадан энг каттасигача қўллаб-қувватлайдиган мутлақо янги бир тизим ташкил этилганлиги ҳам юртбошимиз томонидан эътироф этиб ўтилди. Бундай стартап лойиҳаларни яратишда айниқса ёшларимиз фаоллик кўрсатаётгани кишини қувонтиради. Барчамизга маълумки, сўнги йилларда мамлакатимизда барча соҳалардаги каби хусусий мулк даҳлсизлигини таъминлаш бўйича ҳам талайгина ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ ердан айнан инвестиция объекти сифатида фойдаланиш тизими ҳали етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги, ер сотиб олиш ҳаражатлари эса ўз ўрнида кескин ошаётгани Президент томонидан таъкидланди. Ернинг нарҳи кескин ошиб кетганлиги оқибатида тадбиркор уни сотиб олишига катта пул сарфлаб, қурилишни амалга ошириш, техника ва ускуналар сотиб олишга келганда эса маблағи тугамоқда. Давлатимиз раҳбари бу муаммонинг ҳам ечимини топиб бериб, энди тадбиркор аукциондан ер сотиб олганда, унга қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш бекор қилинишини эълон қилди. Бу имтиёз албатта тадбиркорга катта ёрдам ва янги имкониятлар эшигини очади. Даставвал, айрим ҳудудларда аукционда олинган ер учун тўлов пулини 2 йилдан 7 йилгача бўлиб тизимини жорий этилган бўлса, бундан кейин Президент таъкидлаганидек, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида сотилган ер учун тўлов пулини 3 йилгача, қолган ҳудудларда 5 йилгача, 4- ва 5-тоифа туманлар учун эса 10 йилгача бўлиб тўлашга рухсат берилади. Яъни, тадбиркор бор маблағини ерни тўлалигича сотиб олишга сарфламай, йиллар давомида йиғиб-йиғиб, қурилиш ишларини олиб бориш билан бир қаторда тўлаш имкониятига ҳам эга бўлади. Юртбошимиз томонидан яна бир қулайлик яратилмоқда-ки, агар тадбиркор ер учун дарҳол тўлов қилишни режалаштирган бўлса, унга 20 фоизгача чегирма берилади ва бу тартиб бино ва иншоотларни хусусийлаштириш жараёнида қўлланилади. Давлатимиз раҳбари яна бир имтиёз ҳақида гапирар экан, эндиликда йирик лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида ер қийматини тадбиркор устав фондига давлат улуши сифатида киритиш мумкинлигини ва у истаган вақтида бу улушни ўзи сотиб олиш имкониятига эга бўлишини қайд этиб ўтди. Айнан ери йўқлиги сабабли катта-катта лойиҳаларни амалга ошира олмаётган тадбиркорларимиз учун бу жуда яхши имкониятларни яратади десак, адашмаган бўламиз.