SAHRO | Roman @sahro_roman Channel on Telegram

SAHRO | Roman

@sahro_roman


Мустафо Юсуф қаламига мансуб "Саҳро" романини мутолаа қилинг! Кўчириб олганда манбани кўрсатинг.

SAHRO | Roman (Uzbek)

Siz Mustafo Yusuf qalami bilan tanishingmi? Agar ha, unda "Sahro" romani siz uchun ideal bo‘lishi mumkin! Sahro romani, sevgi, do'stlarlik va muhabbatning ona tili bo‘lib, qiziqarli voqealarni o‘z ichiga oladi. Telegram kanalida bu dastanini barcha qiziquvchilar bilan baham ko‘rish imkoniyatiga ega bo‘ling. Barcha so‘zlar birinchi navbatda Mustafo Yusuf qalaminigina mansub bo‘lib, har birini ko‘chirib olishda qanday hiss etganini tushunishingizga imkon beradi. Sahro romani o‘qilganida, dunyo shahodatlarida ekspress e’lon qilinganiga ishonishingizga imkon beradi. "Sahro | Roman" Telegram kanalida yuqoridagi qayg‘udagi tarjima ilovaingiz bilan nikkatchilik va hayajon muhitida Salomlashing!

SAHRO | Roman

15 Feb, 18:50


SAHRO | Roman | 30-bob (2-qism)

✍️ Mustafo Yusuf
🎙Abdukarim Mirzayev

SAHRO | Roman

15 Feb, 18:50


Хадича дугонасига нима дейишни билмай қолди. Аммо тушунтиришга ҳаракат қилди:
– Қарагин, дугонажон, – деди астойдил уриниб. – Бу эътиқод демакдир! Оламни бир Зот яратган эканига эътиқод қилиш, шайтон эса инсоннинг ғаними эканлигини билишдир...
Хадичанинг гапи оғзида қолди, феминистлар маликаси шошиб-пишиб, балки қизишиб ўз фикрини уқтира кетди:
– Эътиқод ҳамма балонинг боши! – деди қатъий қилиб. – Инсоният тафаккури ўз чўққисига чиқиб боряпти, Хадий. Ҳамма биладики, ҳақиқатан, бир метафизик борлиқ бор, уни психология ўрганади, аммо худони олий ҳокимият эгаси деб сиғиниш тўғри эмас. Худо сизлар айтгандек бешафқат эмас, унинг учун қандайдир ахлоқ ва қандайдир қонунларнинг қизиғи йўқ. У чексиз бўлса! Келиб-келиб шу нарсаларга овора бўладими? Қўйсанг-чи! Ахлоқ деган нарса ҳам бекор. Бир куни бориб инсонлар ахлоқ ва одоб деган нарсаларнинг ғирт аҳмоқона эканлигини ёппасига англайди. Одамлар йўқ нарсалар учун жонларини жабборга берганларини тушунадилар. Ҳа, дунё ўткинчидир, аммо фикр абадий. Фикрдан туғилажак роҳат ва лаззат абадий! Ва ҳаёт ўта қадрли, чунки сен айнан бугунги ҳолингда эртага қайта мавжуд бўла олмайсан, ўлганингдан сўнг сенинг жавҳаринг қачондир ўзини қандайдир кўринишда намоён этади, аммо у сен бўлмайсан. Шунинг учун бугун ўзинг бўлиб қол! Ақлингни, қалбингни нималаргадир асир қилма, дугонажон!
Ҳа, Хадича феминистлар маликасини яхши танирди, аммо унда бундай фикрлар ва хулосалар пайдо бўлганидан мутлақ бехабар қолибди.
– Дугон, – деди бироз ҳайрат билан. – Агар эътиқод ва ахлоқни рад қилсанг, жамиятлар таназзулга учрайди, инсоният ҳалок бўлади!
– Ана шу хаёлинг энг катта муаммо! – деди “малика” билағонлик билан. – Ҳамма инсоният тартиб билан яшашини истайди, тартиб йўлида ҳали динга, ҳали эътиқодга, ҳали ахлоққа сиғинади! Ана шу нарсаларсиз ҳаёт жуда мароқли кечади. Сизлар эса инсонни қамоққа, эрксизликка тиқасизлар, айниқса, аёлларни одам ўрнида кўрмайсизлар. Агар инсонларнинг барчаси ўзаро тажовуз қилмай яшасалар, ҳамма бир-бирини англаб умр ўтказса, чинакам бахтиёрлик ўшадир! Инсоннинг бу оламда амалга ошмайдиган бирор орзуси йўқ, бирор хаёли йўқ! Ҳозирча Ер шаридаги энг оқил жонзод бўлган одам ўз хаёллари ва орзулари рўёбини топишга ҳақли! Инсоният тафаккур ва маданиятнинг шундай чўққисига чиқадики, бугун унинг ҳаёти ва тушунчасини эгаллаб олган, унинг бахтиёрлик туйғусига тўсиқ бўлган бетайин ақийдаларнинг барчаси чил-парчин бўлади! Одамзод буткул саодат чекланмаган эрк қучоғида эканлигини тажрибаси билан кўради ва шундай яшайди.
Хадича дугонасига бирор гап уқтириб бўлмаслигига иқрор бўлди, лекин бу иқрор унга сўнгги бир гапни айтишдан тўсмади:
– Бу фикрларинг адашиш деб ўйлайман, Клара, – деди ниҳоят Хадича опа дугонасининг исмини тилга олиб. – Агар сен айтгандек инсоният ўзи истаганча яшаса, ҳеч бир истакларига тўсиқ қўймаса, қисқа фурсатда ҳеч ким қолмай қирилиб кетади. Ҳамма бир-бирини ўлдириб, гўштини пишириб ейди. Кечирасану, гапларинг ёш боланинг хаёлларини эслатиб юборди. Инсон табиатидаги ёмонликлар, иллатлар, ҳукмронликка бўлган ҳирсни унутиб қўйибсан, Клара. Фақатгина нафсига қул бўлганлар сен каби фикрлайдилар.
Кларанинг ранги қув ўчди. Шиширилган лаблари титради, улама киприклари пирпиради.
– Хадича! – деди заҳарханда билан. – Ўғлингни терорист деб қамашибди деб эшитгандим. Тўғри экан, сени ҳам айнитишибди.
У шундай деб тарс-турс юриб чиқиб кетди.
Бундан бир қанча вақт олдин Хадича опага Кларанинг сўнгги гаплари каби таъналари оғир ботаётган эди, ҳозир таъсирланмади, чунки бундай сўзловчиларнинг дунёқараши, ҳаёти, Хадича опа наздида, уларнинг сўзларини ҳисобга олмаслик учун етарли эди.

SAHRO | Roman

15 Feb, 18:50


Феминистлар маликасининг ҳам бу борада ҳеч кимдан кам жойи йўқ – ёғи олинган қорин, тортилган юзлар, умуман, бутун тана косметологларнинг машаққатли ва қиммат меҳнатидан дарак бериб турибди. Шунинг натижасида унинг юзлари тиниқ, ажинлари кам, қомати тик, ўтирганда ҳам елкасини букмайди, узун тирноқлари шарбат ёки шароб ичганида шиша финжонда ўзга хос кўриниш билан намоён бўлиши шарт.
Кўкракларини жозибали кўрсатиш мақсадида ёқаси очиқ ва белдан тепа қисми тор тикилган либоси, бўйнидаги ингичка ва нафис тилла занжири, таранг тортиб жилвали кўринишга келтирилган қоп-қора сочлар, мовий бўлиши учун линза остида қолган қорачиқлар феминистлар маликасини ёш кўрсатишга хизмат қилади. Аммо Хадича бу ҳолдан қаттиқ қайғуга тушади. Сохта гўзалликнинг қисмати маълум, аммо умрни мана шундай беҳуда ишга сарфлашдан кўра каттароқ қандай фожиа бор?
– Жуда ғалати гапларни гапиряпсан, Хадий, – деди феминистлар маликаси. – Дунёни намунча тор кўряпсан? Олам сенинг кулбангдан иборат эмас-ку! Оҳ, қарамайсанми! Сени ким айтади Парижни, Миланни, Лондонни. Римни кўрган деб! АҚШни саёҳат қилган деб! Дунёнинг гўзаллик билан тўлиб-тошганига боқ! Биз ҳатто Яннийнинг концертларига тушганмиз! Унинг концертига Ўзбекистондан эмас, ҳатто Ўрта Осиёдан борган одамлар борми ўзи? Луврдаги санъат асарлари ёдингдами? Ван Гог суратларидаги сирлар-чи? Бетховен мусиқалари-чи? Пруст, Камю ва Диккенсларни ўқигансан сен! Қандай қилиб бундай тушунарсиз оламга кириб қолдинг? Иллюзага қамалиб қолдингми?
Хадича ғамгин кулимсиради.
– Сен айтган ҳамма нарсани кўриб келдим-ку, дугон, – деди. – Бундай ҳашаматлар инсон ақлига қўйилган тушов, холос. Жуда мукаммал тушов. Кел, сен мақтаётган ўша концертлар, санъат асарлари ҳақида ўз хулосамни айтаман. Биз қаердан бўлса ҳам пул топсак ва ўша гўзалликларни томоша қилсак деймиз. Бизнинг ҳам болаларимиз ана шундай бетакрор чиройни яратсалар деб орзу қиламиз. Аммо ўша гўзалликнинг моҳияти нима? Унинг қандай аҳамияти бор инсон ва дунё учун? Тафаккур ва туйғунинг ифодаси, юксак ақл ҳосиласи, ўзни англаш йўлидаги машаққат ва изтироблар чизгиси деган ҳар хил жумлалар билан бу нарсаларни таърифлаймиз. Ҳа, сен санъат деб атаётган барча гўзалликлар инсоннинг йўқлик ичидан гўзаллик излаши туфайли пайдо бўлган. Аммо бу топилмаларнинг барчаси мен учун ёлғон таскиндан иборат. Ёдингда бўлса, биз Ҳиндистонга борганимизда икки кун саҳродан юрганмиз уловда. Шунда узоқдан бир нима ялтирар эди. Бизга бу ялтираётган гўзал шаффофлик ўзи аслида мавжуд бўлмаган нарса, яъни сароб деб айтишган. Дугонажон, бизни мафтун қилаётган ва биздан аввал кимдир чизиб қўйган бу гўзалликларнинг барчаси сароб. Аммо собит бир гўзалликлар бор. У гўзалликни инсон ақли ярата олмайди. Ва у ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди. Мен ана шундай гўзалликни топдим. Шундай чирой ва нур қаршисига бордимки, бу дунёдаги энг мукаммал санъат ҳам унинг олдида ғариб бўлиб қолади.
Феминистлар маликаси қош чимирди.
– Жуда ҳам фантастик олам ҳақида гапиряпсан, Хадича, – деди. – Эҳтимол, англаганларингни қоғозга солсанг, бу ҳам санъат бўларди.
– Йўқ, мен бу ҳолни баён қилишдан ожизман, – деди Хадича. – Мен айтаётган жозибани фақат Роббингга ибодат қилиб топасан. Оддийгина иш – пешонангни саждага қўясан ва шовқинга тўлган оламнинг нақадар ёлғон эканлигини англайсан.
– Йўқ, йўқ! – деб юборди феминистлар маликаси. – Нималар деяпсан! Тасаввур ҳам қилиш мумкин эмас! Мен Исломни биламан. Мусулмонлар ўзларини ҳамма одамлардан устун билишади! Улар танланган уммат, шарафли уммат! Улар инсонларнинг энг асл вакиллари! Тавба қилдим, шундай ҳам худбин бўлиш мумкинми?! Мен бундай тушунчалардан нафратланаман! Бу орийларнинг олий ирқ ғоясига ўхшаш ғоя-ку! Гитлер фашизмни ана шу ғоя устига қурган эди. Бутун дунё олий ирқнинг қули бўлсин деган жирканч ғоя! Исломнинг таълимоти ҳам айнан шундай-ку! Мусулмонлар тинмасдан ўзини мақтайдиган бир гуруҳ, холос. Мен диндан руҳий исканжадан чиқиб кетишдаги бир восита деб фойдаланишларига қарши эмасман. Аммо агар унинг ҳамма қирраларини амалга татбиқ қилсак, инсоният учун зарардан бошқа эмас, ахир! Буни тасаввур қилиш даҳшат!

SAHRO | Roman

15 Feb, 18:50


Буюк саҳобий, Аллоҳнинг қиличи унвони билан чақирилган Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу дубулғаси остидан кийган арақчин дўпписига Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочларидан бир толани тикиб олиб юрган экан. Ҳатто бир жангда дубулғаси бошидан тушиб кетади ва жангдан сўнг мужоҳидлар бу дубулғани излаб топадилар, чунки унинг ичидаги мўйи муборакни ташлаб кетишга буюк саркарда асло рози бўла олмаган. Энг севикли зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соч толалари тупроқларда қоришиб кетишига унинг қалби, иймони изн бермаган. Нега буни ёдга олдик? Чунки Тошкент ҳимоясига чиққан амири лашкар мулла Алимқул ҳам қўйнида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак соч толаларини ўзи билан олиб юрган. Чирчиқ дарёси бўйида бўлган савашда бир хоин беркиниб келиб унинг қорнидан ўқ узади, лашкарбоши отдан йиқилмайди, жангда давом этади, лекин қон йўқотади, урушда ўрисларни ортга чекинишга мажбур қиладилар, сўнг шаҳар ичига кирганларида Кўкча дарвозаси олдида лашкарбоши ўлимини сезади. Энди унга табиблар ҳам ёрдам бера олмасди, шунда қошига келган ўғлига юзланади. Ўғли отасининг ранги оқарган, қон йўқотган ва беҳол кўриб йиғлайди.
– Йиғлама! – дейди лашкарбоши ўғлига. – Ўляпманми мен? Аллоҳнинг йўлида жон берганлар ўликлар эмас! Сизлар уни ўлик деб ўйлайсизлар, ҳолбуки, улар тирикдирлар! Аллоҳ уларни ризқлантириб туради!
Бу Қуръон ояти эди. Бақаранинг 154-ояти ва бошқа сураларда бундай башоратлар кўп учрайди. Ўғил кўзёшини тияди. Мулла Алимқул қўйнидан мўйи муборакни олиб ўғлига беради: “Бу Набийимиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи ва салломнинг соч толалари!” – дейди ва калима шаҳодатни айтиб жон беради.
Бу воқеалар баёнига қадар биз Хадича опа ва феминистлар маликаси орасидаги суҳбат билан танишсак.
– Хадича, – деди феминист хоним. – Мен сени таний олмай қолдим. Умуман, барча дугоналар танимай қолдик. Ахир, сен қандай ҳам замонавий очиқ фикрли аёл эдинг! Ўғлинг қамалганига шунчами? Ахир, бир куни чиқар! Одамларнинг қанчаси қамалади, қанчаси озодликка чиқади? Дарров хурофотга берилишинг нимаси, ахир?
Хадича қаршисидаги бу аёл билан бир вақтлар орасидан қил ўтмас дўст бўлганлигини ўйлади, аммо энди бу хилқат унга жуда бегона. Шу қадар бегонаки, улар орасида масофа миқдорини ҳисоблаб чиқиш имконсиз.
– Дугон, – деди Хадича опа барча фикрларини жамлашга тиришиб. – Сен ва мен энди бошқа дунёга тушиб қолдик. Мени кечирасан. Мен ўзим учун мутлақ ҳақиқат дунёсини кашф қилдим. Энди у дунёни йўқотишни истамайман. Аввал ҳаётим ўйин-кулги, зеб-зийнатланиш, қимматбаҳо дўконларда айланиш ва шу кабилар билан ўтарди. Ўзимизни эркакларга кўз-кўз қилиш билан ҳузурланардик, биласанми, аёл кишининг табиатида ҳеч қачон ўз хатосини тан олмаслик хусусияти бор. Фикримча, ана шу хусусиятни енгиш керак. Мен ҳаракат қиляпман. Аёл киши ҳеч қачон холис бўла олмаслигини билдим. Ҳамиша баҳсга ва эътироз билдирмоққа мойилмиз. Шунинг учун бизни алдаш осон. Алданишимиз осон бўлгани каби ёлғон гапиришимиз ҳам жуда тез. Лекин биз образ яратишга устамиз. Санъат мухлиси қилиб кўрсатамиз ўзимизни. Адабиёт шинавандаси деб одамларга тақдим қиламиз. Эртага ҳамманинг эсидан чиқиб кетамиз. Умуман, эсидан чиқмаганимизда ҳам бизга одамлар ёдида қолиш қандай манфаат беради? Гўрда ётарканмиз, бизни мақтаганларидан сўнг тирилиб чиқамизми? Йўқ, ундай бўлмайди. Мен жуда кўп ўйладим, жуда ҳам кўп...
Хадича гапдан тўхтаб дугонасига қаради. Феминистлар маликаси қоматинини сақлаш учун кўп уринадиганлар хилидан, умуман, гўзал қомат бугун аёллар орасидаги энг долзарб масала эди. Бунинг учун улар кам овқат ейишади, ҳар хил дамламалар ичадилар, ҳатто еган овқатларини қусиб ташлайдиганлар бор, пулдор аёллар эса қориндаги ёғларни олдириб ташлаш учун жарроҳлик столига ётмоқдалар.

SAHRO | Roman

15 Feb, 18:50


Ниҳоят саҳро ортидан Мадина кўринди. Денгиз эҳромга кирганди. Қадим Ясриб уйларининг томлари, хурмозорлар, масжид қуббалари кўзга ташланди. Денгиз ҳаммадан аввал боришни истарди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам равзаларига боришни истарди. Қанчалик тез қадам босмасин, оёқлари ортга юраётгандек эди. Ҳатто карвондан ўтиб кетди. Дўстлари ундан қолмасликка тиришдилар.
Денгиз ўзида эмасди. Кўзидан ёш оқарди. Қулоғи ҳеч бир сўзни эшитмасди. Бу вақт тонг отганига беш соатдан ошиб, қуёш тиккага кўтарилмоқда эди.
Ўн уч киши ридосини елкасидан ўраб шиддат билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиди ҳовлисига етиб келди. Одамларнинг аксари ибодатда, тиловат ва зикрда эди, Денгиз ҳеч кимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлари қани деб сўрамади, яшил гумбаз ҳужраси олдига келди, ҳужра эшигига қулф осилган, халифа ёки волий изнисиз ҳеч ким киритилмасди.
Денгиз қулоқларини қоқиб, намозга кирди. Саждага келганда бошини ердан ололмай узоқ йиғлади...
Денгиз равзадан узоқлаша олмай қолди. Таомни унутди. Дўстлари унга хурмо ва сув тутиб турдилар. Денгиз ҳужраи саодат қаршисида йиғлаган кўйи зикр қилмоқда эди... У гўё олов бўлиб ёнар, яқинлашганни куйдиргудек эди...
Байрамжон “Мозий” китобининг бу саҳифаларини ўқиркан, дин ва эътиқод, ҳаёт ва борлиқ ҳақида кўп ҳақиқатларни англаётганини фаҳмлади. Денгизнинг ҳаж сафари ўта ёрқин ва жонли тасвирланган экан. Айниқса, Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлари ҳузурида Денгиз мутлақо бошқа одамга айланади. Бир неча кун Мадинада қолади. Ҳар куни тушида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўради. Энг қизиғи, китобда ёзилишича, Денгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чеҳраларини умуман кўра олмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан суҳбатлашаётганлигини яққол идрок этган, насиҳатлар тинглаган. Бу насиҳатларнинг деярли ҳаммаси ҳадис тўпламларида бор экан.
Одилбой ва Хадича опалар ўғиллари маҳкумият остонасида тураркан, Одилбой намоз ўқишни бошлади, Хадича эса мунис ва мушфиқ муслимага айланди. Унинг ўтмиш ҳаётидан хабардор бўлганлар бу воқеани ақлларига сиғдира олмас ва кўпчилик шу гаплар ёлғон ё ҳақиқатлигини билиш учун уларнинг уйига келиб кета бошладилар.
Байрамжон бу фурсатлар “Мозий” китоби саҳифаларида саёҳат қилиб, Хористон халқи йўлбошчиси Денгизнинг ҳаётидан кўп мутаассир бўлди, турли диний китоблар харид этиб, уларни ўқишга киришди. У ҳам масжидга қатнади. Китобхон Байрамжоннинг, унинг янгаси Хадича опанинг тавбаю тазаррулари, кечирган ҳиссиёт ва хулосаларини аввалроқ ўқиган эди, унутмагандир, албатта.
Асаримизнинг бу бобида биз Сизга Денгиз ҳаётидаги воқеаларни тугал равишда баён қилиб беришимиз мумкин эди, аммо шу ўринда Хадичанинг олдига унинг эски дугонаси, Ўзбекистон феминимстларининг маликасиман деб юрган бир аёл келганлигини ҳам айтиб ўтишга эҳтиёж пайдо бўлди. Маълумингизким, баробар ҳолда Усмоннинг қамоқдаги саргузаштлари ҳам эътиборингизга ҳавола этилмоқда. Усмон бу вақтда Қудратуллоҳ акадан Тошкентни ўрислар қандай босиб олгани ҳақидаги воқеаларни тингламоқда. Қудратуллоҳ ака унга Тошкент босқинига бош-қош бўлган Черняев, аслида, шайтонийлар ташкилотидан топшириқ олгани ҳақидаги воқеа баёнига келган эди.
Биз Черняев шайтонийлардан, яъни бевосита шайтон вазирларидан қандай топшириқ олди, узоқ ўрис ўлкасидан, Петербургдан дашти Қипчоқ ва Қозоқ чўлларини кесиб Тошкентга кириб келиш жараёни қандай кечди – бу ҳақда келгуси бобда ҳикоя қиламиз. Хусусан, Тошкент ҳимояси учун курашга отланган амири лашкар мулла Алимқул қиссаси ҳам ўта таъсирли.

SAHRO | Roman

15 Feb, 18:50


– Дунё ишларига шўнғиган амирлар, мунофиқлар эгаллаб олаётган давлатдан бирор нажот бор деб ўйлайсанми? – Бистомий ҳазратларининг ёноғи қизариб кетди. – Ислом давлати ич-ичидан емрилмоқда. Унинг номи фақат Ислом бўлиб турибди, лекин... Қолганини айтишга тилим бормайди!
Ҳазрат жим қолди.
– Нафслар ғолиб бўлмоқда, – деди ҳорғин ва ғамгин. – Холислик ўлмоқда. Риё ва ужб олови ловулламоқда. Аллоҳим, бизга ёрдам бер! Хуросон ўз ишини мустақил юритмоқда. Мовароуннаҳрда сомонийлар давлат тепасига келди. Улар ҳам яқин-орада мутлақ ҳукмронликка эришадилар. Насронийлар олами эса бизни пойлаяпти. Ғарбий Рум насронийлари оёққа туриш ҳаракатидалар. Улар Қустантания насронийларидан кўра ашаддийроқ. Улар Исломни бутун ўлкаларига нафрат билан танитмоқдалар. Шарқда, Мовароуннаҳрнинг кунботарида ҳали Исломни билмайдиган инсонлар бор. Улар маъжусийга ўхшайдилар. Гарчи бугун тарқоқ яшаётган эсалар-да, бирор кун келиб мусулмонлар бошидаги катта офатга айланишлари мумкин. Бугун ўзини унутган халифалик эртага икки олов орасида қолишини кўзларим қуёшни кўргандек кўрмоқдаман. Аммо бу ҳақиқатни англайдиган бировни топа олмаяпман. Зотан, гуноҳлар кўпайди, қалблар қорайди, жазо муқаррар бўлиб боряпти. Бу тўфонни инсон зоти тўсиб қолишга қодир эмас. Яқиндагина Қуръон бобида улкан фитна бўлди. Имом Аҳмадга Аллоҳ нусрат берди, у Қуръонга қилинган туҳматга кўксини қалқон этди. Суннат аҳлининг эътиқодини Роббим ҳифз этди, лекин бундай фитналар беҳад кўп ва уларни англамаяпмиз. Сен эса халифалик саройи остонасида юрибсан. Сенга Аллоҳ йўл кўрсатади, сенга хизмат қиладиганлар ўз оёқлари билан остонангга боришади, сен ибодатни ўйла, Қуръонни қалбингга жамла, ҳажга борар экансан, ниятингни қайта-қайта поклаб ол!
Шавволнинг ярми ўтар-ўтмас олд карвонлар ҳаж сафарига отланди.
Денгиз қўшилган карвон Карбалони кесиб ўтиб, ўн тўрт кунда Арабистон тупроқларига кириб борди. Қум барҳанлари, туялар, Аллоҳнинг байтига шошган қалблар, қуёшнинг қизиғи, тунларнинг салқин шамоли, тонгларнинг насими, зулматларни ёритган ой, юлдузлар – Денгизнинг наздида ҳаммаси жуда шукуҳбахш эди. Ҳар бир зарра Аллоҳ таолони зикр қилмоқдаю, у буни тингламоқда.
Денгиз билан бирга унинг ўн икки сабоқдоши ҳам ҳажга отланган эди. Денгизнинг ҳамёни ҳам йўқ эди. Шу чоққача у тирикчилик ҳақида қайғурмади. Ҳажга боришим керак деди ва илк карвоннинг ортидан пиёда йўлга отланди. Унинг кетганидан хабар топган дўстлари шомга яқин карвонга етиб олишди. Уларнинг беш нафарида эшак, икки нафарида хачир, қолгани пиёда эди. Хуржунларида қотган нон, бир неча мешда сув, бироз хурмо, талқон...
Хуфтондан сўнг ялангликда карвон аҳли тиккан чодирларига жойлашди. Йигитлар очиқ осмон остида қолдилар. Кўпчилик уларни чодирларга таклиф қилишди. Аммо қабул қилиш хижолатли, қолаверса, ҳозир эҳтиёж ҳам йўқ эди. Карвонбоши улардан хабардор эди. Икки қулга таом кўтартириб келди.
– Йигитлик тақвонинг айни мағзини қўлга киритадиган давр, – деди. – Йигитда ҳиммат бўлади. Ёшлигимда жиҳодга чиқардим. Абдуллоҳ ибн Муборакни кўрганман. Қустантания остонида жанг қилганман. Жабали Ториқ денгизларида ҳам сузиш насиб қилган. Ёшим улғайгач, ҳаж карвони тузишга, одамларга муборак сафарда йўлбошчи бўлишга ният қилган этдим. Роббим муваффақият бериб турибди. Ҳар йили сизлар каби жаҳонгашталар карвонга ҳаж нияти билан қўшиладилар. Уларнинг орасида кимларни кўрмадим: дарвешлар, собиқ мужоҳидлар, ёш болалар, йигитлар, олимлар, орифлар, косиблар... Аллоҳим ҳажингизни қабул айласин! Нимаики камчилик бўлса, хизматингизга ҳозирман.
Ҳаж ишқи йигитларнинг бутун борлиғини эгаллаб олган эди. Улар зарра қадар ҳам машаққат ҳис этмадилар. Маъшуқа висолига шошилган ошиқдек тезроқ Мадинаи мунавварани, Маккаи мукаррамани кўрмоқ иштиёқида эдилар.
Мадинага кириб борарканлар, Денгизнинг ҳуши ўзида эмас эди. У босиб ўтаётган ҳар бир ерини, қадам босаётган ҳар бир қарич тупроқни қачондир кўрганлигини эслар, аммо қачонлигини аниқ тасаввур эта олмасди.

SAHRO | Roman

15 Feb, 18:50


Шаввол ойи жуда тез ўтди. Бу ойда у халифа махсус қўшинлари таркибида хизмат қилиш истаги билан саройга борди. Халифаликда ғазот юришлари сийраклашиб кетган, бу масалада сусткашлик бўлаётгани учун кўпчилик эътироз билдираётган эди. Шунинг учун халифа жиҳодга хайрихоҳ бўлганларга уруш сирларини ўргатиш, қўшин сифатини ошириш, қуролланиш ва қўшин харажатларини кўпайтириш ҳақида бир неча ой аввал махсус фармон имзолаган эди. Саҳобалар ғазотга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир оғиз даъватлари билан ёппасига қурол кўтариб, барча харажатларни ёнларидан қилиб чиқишарди. Аммо бу урушларга Рум босқинлари мажбурлаган эди. Аббосийлар ичида Ҳорун ар-Рашид салтанатни чўққига олиб чиққан эди, аслида. Шарқу Ғарб, Шимолу Жануб Ислом давлати шавкатини бир овоздан тан олган, Ер юзининг бирор нуқтасида мусулмонлар шаъни ҳақида ножоиз сўз айтиш мумкин бўлмаган, халифа осмондаги булутга қарата: “Эй булут! Қаерга бориб ёғсанг, ёғ! Барибир менинг мулкимга ёғасан!” – деб айтса-да, жиҳодларнинг тўхтаганига рози бўлмаганлар кўпчилик эди. Улар: “Ернинг ҳар қаричида “Ла илаҳа илаллоҳ” калимаси янграмагунча мусулмонларга қилични қинга солишлари мумкин эмас!” – дб гапириб юришарди. Халифа Рум подшоҳи Никофорнинг исёнига қарши қўшин тортиб борганида бутун уммат жўшиб кетди, юз минглаб ёшлар қуролланиб ғазотга ошиқдилар, Қустантанияда Ислом байроқлари ҳилпирайди деган ишончда эдилар, лекин Никофор тиз чўкди, жизъяни ортиғи билан келтириб халифанинг оёқлари остига тўкди, ҳатто йиғлади: “Эй шонли Ислом халифаси! – деди хотинлардек ҳиқиллаб. – Сизнинг динингизда мажбурлаш йўқ. Насроний бўлиб қолишимизга изн бер. Истаган мусулмон учун чегараларимиз очиқ, шахсий хавфсизлигимиз учунгина қўшин сақлаймиз, ҳар бир насроний учун сизга солиқ тўлаймиз, истаган хизматингизни айтинг: қулдек ишлаймиз. Аммо Қустантанияни вайрон қилманг! Шайтон йўлдан урди бизни!..”
Никофор жуда айёр эди, у юз минглаб мужоҳиддан иборат Ислом лашкари Қустантанияни эгаллаб олишидан қўрқарди, аммо бу қўшинни ортга қайтса, яна бу лашкарни қайта йиғишга қанча вақт кетишини, ташкилий ишлар беҳад қийин кечишини биларди, гарчи Ҳорун ар-Рашид ғалаба билан Бағдодга кириб борса-да, Никофор ғалаба насронийларники бўлади деб ишонади. Чунки мусулмонларни безовта қилиш, уларнинг ҳаловатини ўғирлаш, унинг назарида, катта иш ва энг буюк иш Қустантанияни қўлда сақлаб қолмоқ эди.
У мақсадига эришди: халифа Никофордан жизъяни олди, унинг йиғлаганига кўнди, атрофда бир қанча амирларни қолдирди ва пойтахтга йўл олди.
Ҳақиқатан, халифа оиласи сиёсий муаммоларга овора бўлиб қолган. Бармакийларнинг салтанат ичида салтанат қургани кўпчиликка маъқул эмас эди. Алалоқибат, бармакийлар хиёнатда айбдор топилиб қатл қилинди. Бу халифа Ҳорун ар-Рашид давридаги йирик кўнгилсизликлардан бири бўлди.
Халифалик саройидаги шариатдан ташқари ишлардан олимлар, сўфийлар рози эмасдилар. Улар давлат ичида Исломга қарши кучлар ўрнашиб олаётганидан хавотирда эдилар. Гарчи аниқ далиллари бўлмаса-да, бошқарувга мунофиқлар аралашмагунча фитна уйғонмайди деб ишонадилар.
Бистомий Денгизнинг сарой қўшини таркибида ҳарбий тайёргарлик кўриш учун боргани ҳақида эшитди. Шомдан сўнг даргоҳга чақирди.
– Денгиз, мен Бистом шаҳрида туғилганман. Ҳажга бориш учунгина она шаҳримни тарк этаман, холос. Бағдодга эса умуман келиш ниятим бўлмаган, зотан, Роббим мен истаган кашфларнинг барчасини ўз шаҳримдан чиқмасимдан ризқ қилиб берди, – деб сўз бошлади. – Аммо тушимда менга Бағдод кўрсатилаверди. Пойтахтда эканимни жуда кўпчилик билмайди. Чунки мен ваъзлар қилмайман, насиҳатларим йўқ. Сукут ва зикрни лозим тутаман. Шогирдларим ҳам кам. Зотан, бу йўл оғир. Унинг юкини кўтариш машаққат. Сен нима учун мендан маслаҳат қилмай халифалик саройига борасан? Нима учун қўшинга кирмоқчисан?
Денгиз хижолатдан бош кўтара олмай қолди. “Хористонда жанг қилиш учун қўшин керак...” – деди ичида. Ҳатто бу ўй ҳам ғўлдираган товушда янгради.

SAHRO | Roman

15 Feb, 18:50


– Бизлар абдоллармиз, – деди ул зот. – Ер юзида Аллоҳнинг йўлига кирган ҳар кимнинг ёрдамига шошамиз. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгач, унинг сулбидан одамларнинг барчасини чиқариб, “Мен Сизларнинг Роббингиз эмасманми?” – деб сўраганида барчамиз: “Албатта, Сен бизнинг Роббимизсан!” – деганмиз. Аллоҳ бизлардан руҳ ҳолимизда Ўзига итоат қилиш қасамини, мусулмонлик ваъдасини олди. Дунёнинг ҳаёти мангулик олдида бир неча лаҳзадир. Шу бир неча лаҳзалик ҳаётда ваъдамизга мувофиқ яшамоғимиз лозим. Роббимиз бизга лутф қилди, биз бу ҳақиқатни англадик. Жисм оламининг ўткинчилиги ва руҳ оламининг абадийлигини билдик. Жисм биз руҳларга кийдирилган либослар, холос. Агар бу либосни пок ҳолда сақлаб дунё ҳаётидан яшаб ўта олсайдик, Роббимизга берган ваъдамизга хиёнат қилмаган бўлардик. Аллоҳ кимни муносиб билса, унга қурбат мақомини беради ва уни жисм оламидан руҳ оламига лутф қилиб ўтказади. Биз шулар сафига кирдик. Роббимизнинг изни билан Унга талпинган бандалар ҳақига дуо қиламиз, уларга Аллоҳнинг мададини сўраб берамиз. Биздан ихлос ила дуо сўраганларга дуолар қиламиз. Бу мухлис бандаларнинг насибаси. Ҳаммамиз Роббимизнинг қулимиз. Ҳаммамиз Унинг лутфига кўз тутамиз. Унинг қайтариқларидан қайтамиз. Амрларига итоат қиламиз. Денгиз сен Хористон халқини Роббимизнинг ҳидояти томон даъват этмоғинг керак. Ҳуррият, Аллоҳнинг дини бўлмаса, асло бўлмас! Сўнг қул эканларини ҳам идрок эта олмайдиган у халқни ҳурриятга бошла. Биз ҳамиша Сен учун Аллоҳдан мадад сўраймиз. Ўз ишингда собит туришинг учун сени меҳмон қилмоқдамиз. Сен билан суҳбат қурмоқдамиз. Шуни ёдда тут. Дарвоқе, мени таниб ол: Зуннуни Мисрий деб атайдилар. Булар эса менинг дўстларимдир. Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаган, аммо ул зоти шариф алайҳис салоту вас саломнинг силсиласига боғланмоқ умидидаги ҳалқалармиз, иншааАллоҳ. Сенга Аллоҳнинг изни билан ошкораю пинҳона мадад йўллаб тургаймиз. Роббимиз Ўзи истаган бандаларига нусрат ва ғалабалар ёғдириб қўяди. Умид қиламизки, Сен ўша бандалар сафида бўлажаксан!
Денгиз бу нуроний зотлар суҳбати ва илтифотидан шодлик ва бахтиёрлик туйди, айни пайтда, нақадар ҳақир ва хор ҳолатидан уни шундай улуғлар жирғасига келтирган Аллоҳга ҳамд айтди.
Суҳбатдан сўнг бир лаҳзада ҳужрага қайтдилар. Барча истироҳатда эди. Ҳазрат сассиз ва садосиз ҳолда чиқди.

SAHRO | Roman

15 Feb, 18:50


– Доимий зикр ва нафл ибодатлар номи вирд дейилади. Нофилалар доимий бўлмаса, вирдга айланмайди, – деди ҳазрат ниҳоят. – Вирдда бардавом бўлиш бор, унда ихлос ва эҳтимом билан собит туриш бор. Инсон ақли, қалби, нафси ва руҳини мутлақо ибодатга бўйсундирганда у кашф эшикларига яқинлашади. Бу онда Унга Аллоҳ таоло Ўзининг жалол сифатини тажаллий қилади. Жалолият қошида банда сен каби ҳолга тушади. Роббимизнинг жалолияти тажаллийсини инсон кўтариши беҳад маҳол. Устозсиз бу йўлга кирганлар ана шу тажаллий чоғида ҳалок ҳам бўладилар. Бу аслида буюк муждадир. Одам ўзидаги ҳолни англаши унинг учун фойдали. Билки, бугун сенга Аллоҳ жалол сифатидан бир зарра кўрсатди. Уни ақлинг, нафсинг ёки кўзларинг эмас, қалбинг туйди. Руҳинг қабул қилди. Жисминг соғу саломат, аммо қалбинг Роббимизнинг жалоли қаршисида эриб кетгудек ҳолга келди. Бу онда устозларнинг вазифаси ёрдамга етиб келмоқдир. Айрим ҳолларда инсонлар алданадилар. Устозгина бу тажаллий Аллоҳдан эканлигини билади. Бу йўлни босиб ўтган Устоз! Сен асло хавотир олма, Роббимизга бу неъмати учун ҳамд айт! Хаёлингни бир жойга йиғ, хотирингни жам қил! Вирдлардан тўхтама! Агар тўғри ният билан қалбингни холис сақлаб Аллоҳдан ёрдам сўраган ҳолда давом этсанг, ҳайратларга шўнғийсан. Сўнг ҳеч нарсага эҳтиёж сезмай қоласан, бунинг номини истиғно деб атайдилар. Ва сенга сен қилишинг шарт бўлган ишлар китоб ўқитилгандек ўқитилади. Сен яқиний мақомга кўтариласан. Ва Аллоҳ нимани истаса, шу бўлаверади. Гоҳо шогирдлар мақоми устоздан ҳам кўтарилиб кетади. Устоз бу онда шогирднинг ортидан эргашади. Кимки ўзидан ўзган шогирд етиштира олса, бу унга Ҳақ таоло ато этган буюк кароматлардан бири бўлади.
Денгизнинг ақли тиниқлашди. Ҳазратнинг сўзларини қалбига нақшлади.
Ҳақиқатан, Рамазоннинг кейинги кунларида қалбидаги титроқлар кўпайди, ҳузур ва латофат уни эгаллаб келаверди. Бир он ҳам Аллоҳ зикридан айрилишни истамасди.
Қуръон ўқиётганда гўё самоларга кўтарилар, кўтарилган жойларини эса аввал кўргандек эди. Ҳа, у аввал ҳам мақомларга чиққан, лекин англамсиз равишда жазба билан чиққан эди. Энди эса у солик эди, сулук зиналаридан кўтарилмоқда эди. Бу мустаҳкам кўтарилиш эди.
Қадр кечасида таровеҳнинг ўн олтинчи ракати ўқилгач, Бистомий ҳазратлари Денгизни чақирди. Денгиз биринчи сафда, меҳробга жуда яқин жойда эди. Қаердандир: “Денгиз, бери кел!” – деган нидо уни йўқлади. Тасбиҳ айтиларкан, у тезда хонақоҳдан чиқди ва ўз ҳужрасига борди. Ҳужрада Бистомий ҳазратлари ўтирган эди.
– Ўн еттинчи ракатни бошқа жойда ўқиймиз, – деди ҳазрат. Денгизнинг қўлидан ушлади. Худди ота гўдак фарзанднинг қўлидан ушлагани каби. Сўнг эшикка қараб юрди. Эшикдан ташқари чиқдилар, аммо Бағдод жомесининг ҳовлисига эмас, бошқа бир ёруғ саҳнга чиқдилар. Бу баланд гумбазнинг таги эди. Ўнг томонда оппоқ баланд меҳроб, бу жойни оппоқ либосли, юзлари офтоб каби порлаган инсонлар тўлдирибди. Улар Бистомий ва Денгизни кўриб ўринларидан турдилар. Бистомий ҳазратлари Денгизни етаклаган кўйи уларнинг ичидан ўтди. Барча қўлини кўксига кўйиб ҳурмат кўрсатди. Меҳробга келдилар. Имом навбатдаги ракатга такбири таҳрима билан қулоқ қоқди.
Таровеҳ тугади. Жамоат тарқади.
Хонақоҳда бир неча ўн киши қолди. Улар ҳалқа бўлиб ўтирдилар. Бистомий ҳамд ва саловат билан сўз бошлади:
– Бу Денгиз, – деди. Давранинг улуғи бош ирғаб қўйди ва Денгизни ёнига чақирди. Денгиз борди ва унинг қўлини ўпди.

SAHRO | Roman

15 Feb, 18:50


Зуҳодан сўнг салом билан намоздан чиққач, Денгизни ҳам уйқу элтди. Муаззиннинг пешинга айтган азони уни уйғотди. Пешиндан сўнг ҳам бироз мизғиб олди. Асрдан намозидан сўнг зикр билан машғул бўлди. Шом азонидан сўнг хурмо билан ифторлик қилинди. Одамлар масжид кўчаларини ғала-ғовур билан тўлдирди. Намоз бошлангач, олам сув қуйгандек тинчиди. Фақат Фотиҳа ва зам сура саслари қандил ва гумбазлар ичра кезмоқда эди.
Денгизнинг эътикофи бошланди. У бутун Рамазон эътикофга ният қилди.
Унинг бутун ойдаги кунлари шу тариқа ўтди. Ҳар куни Қуръонни бир марта тўлиқ хатм қилди.
Биринчи кун чўзилган таровеҳ иккинчи кун бироз қисқа бўлди. Таровеҳдан сўнг бироз ухлаб тургач, таҳажжуд ўқиди. Таҳажжуддан сўнг битта хурмо ва бир қултум сув билан оғиз ёпди...
Рамазоннинг биринчи ўн куни тугаши билан Денгиз Аллоҳнинг иноятини сезди. Аср намозидан кейинги зикр, шом намози, сўнг олти ракатлик аввобийн, жамоат билан хуфтон ва таровеҳ, уйқу, сўнг таҳажжуд, таҳажжудда бир пора Қуръонни ёддан ўқиш, саҳарлик, яна Қуръон тиловати, бомдод, яна зикр, шуруқ, Қуръон, зуҳо, уйқу, пешин, сўнг яна қайлула, тўрт ракатлик мандуб суннат, аср намози, Қуръон ва зикр, яна шом намози – шу тариқа кечаётган кун унинг учун кашфлар эшикларини очиб бермоқда эди. Айниқса, ҳар бир оят замиридаги маънодан қалби титроққа тушди.
Рамазоннинг илк ўн куни сўнгида таҳажжудга уйғонган Денгиз бутун вужудини эгаллаган титроқдан ерга йиқилди. Ғужанак бўлиб қолди. У шу қадар чуқур қўрқув ичида эдики, сабабини идрок қилишга ожиз эди. Ҳали бирор марта бу каби қўрқувни у туймаган эди. Аслида, бу қўрқувми, ҳадикми, даҳшатми, ваҳшатми – қандай номлаш лозим? Йўқ, у билмасди.
Юраги кўкрак қафасидан чиқиб кетгудек тепди. Бу тепишдан тўхтамади. Кўзларини очишга мадори етмасди.
“Ёрдам... Ёрдам беринг!..” – дерди у пичирлаб чап кўксини чангаллаган кўйи. Гўё ча кўкси ичига жуда майда бир нарса санчилган, эҳтимол, ўша майда нарса думалоқдир, тинимсиз визиллаб юрагини тешиб чиқмоқчи ҳам, эҳтимол.
“Аллоҳим... Аллоҳим...” – Денгиз қора терга ботди. У ҳужрасига киргани учун ёлғиз эди. Ҳолидан хабар оладиган бирор одам йўқ эди ҳозир. Вужуди ўзига итоат қилмасди.
“Ҳазратим... – деди беихтиёр Бистомийни кўз олдига келтириб. – Ўлиб қоламан!.. Ўлиб қоламан! Ўлишни истамайман!.. Менга ёрдам беринг! Ҳазратим!”
Шу пайт бирдан ҳужра эшиги очилди. Шу қадар шиддат билан очилдики, ҳужра қандили ва токчаларида ёниб турган шам оловлари ўчиб қолгудек бўлиб эгилди. Ичкарига ридосини боши билан бирга ўраган, бутун вужудидан ҳайбат ёғилиб Боязид Бистомий ҳазратлари кириб келди. Буни Денгиз дарров пайқади. Лекин келган инсонни туриб кутиб олишга заиф эди.
Бистомий ҳазратлари Денгизнинг ёнига тиз чўкиб ўтирди. Унинг бошига кафтини кўйди.
– Аллоҳим, Сен Зул Жалолу вал Икромсан! Сен ал-Қаҳҳорсан! Сен ал-Қобизсан! Сен ар-Раҳмонсан! Сен ар-Раҳиймсан! Сен ас-Саломсан! Бандангга раҳм қил! Ё Роббим, Сенинг раҳматинг ғазабингдан устундир! Бизларга раҳм қил! Қулларингга раҳм қил! – деди овоз чиқариб, сўнг пичирлаб яна дуолар ўқишда давом этди.
Бир муддат ўтди ва Денгиз ўзини қуршаб олган қўрқув чекинганлигини сезди. Кўзини очди. Уни чангалига олган ҳиссиёт ё шамолда қолган тутундек тарқалди, ё вужудига қақроқ ерга сингигани каби сингиб кетди.
Бистомий ҳазратларини кўрдию сапчиб ўрнидан турди ва ҳазратнинг қўлини ўпиб, тик оёқда қўл қовуштирди. Аммо ҳали уни қўрқув юки тўла тарк этмагани учун кузда бир ўзи шохда қолган сариқ япроқ каби қалтираётган эди.
– Ўтир, болам, – деди ҳазрат. Денгиз тиз чўккан кўйи ўтирди. Бистомий ҳазратлари бир муддат жим қолди. Кўзларини юмди. Ҳужрада фақат Денгизнинг энтикиб олган нафаси эшитилмоқда эди.

SAHRO | Roman

15 Feb, 18:50


Денгиз Исломнинг беш рукнидан бири ҳаж эканини ўргангани учун қалбида Макка зиёратига бориш истаги оловлана бошлаган эди.
– Бугун ражаб ойининг ўн еттинчиси, сўнг шаъбон ва рамазон келади. Рамазондан кейин шаввол ва зулқаъда. Зулҳижжа эса ҳаж ойи. Ўнинчи зулҳижжада Арафотда бўлишинг керак. Ҳозирдан тайёргарлик кўр. Ҳамроҳлар изла. Карвонсаройларда ҳаж карвонлари тузилади, уларни топ. Бағдоддан Ҳижозга қадар узоқ эмас...
Рамазон Денгиз учун кашф бўлди. Бутун Бағдодни байрам руҳи қамраб олди: одамлар шодон эдилар. Бутун дунёдан мусулмонлар пойтахтга оқиб келди. Чунки бу ой Қуръон ойи. Ибрат ва насиҳатлар ойи. Шайхлар, зоҳидлар, орифлар, воизлар, қурролар... мусулмонларнинг барча йўлбошчилари муборак ой боис жамланмоқдалар. Улар бу ойда умматга насиҳат ва илм тарқатишда ҳар қачонгидан кўра ғайрат қиладилар. Закотчилар закотлар йиғадилар. Камбағалларнинг кулбаларига ёруғлик киради. Ғариб дилларга қувонч инади. Ислом давлатининг ҳар бир қарич ерида тунлари чироқлари порлайди. Кечалар кундузларга эврилади гўё.
Денгиз ҳазратнинг маслаҳати ва кўмаги билан Бағдод жомесининг бир ҳужрасига жойлашди.
Шаъбоннинг сўнгги куни асрдан сўнг Бағдод ташқарисида бир гуруҳ олим, мударрислар, мадраса ва масжид томлари, мезаналарда яна юзларча кишиларнинг кўзлари кунботарга қадалди. Агар бу оқшом осмонда янги ой – ҳилол кўринмаса, демак, субҳда саҳарлик учун уйғониш йўқ, зотан, Шаъбон ойи тугамаган ҳисобланади.
Қалблар Рамазонни соғинган, кўзлар унинг йўлига интиқ.
Бу сафар Рамазон айни кўкламнинг сўнгги ойига тўғри келмоқда. Баҳорнинг илиқ нафаси, яшил қирларнинг ҳавоси, лолақизғалдоқлар алвони, булбуллар сайроғи, насимлар елиши – мусулмонлар қалбида ибодатга бўлган рағбатни, жамоат бўлиб намозда Қуръон хатм қилмоққа бўлган истакни оловлантириб юборди.
Қуёш зарғалдоқ уфққа бош қўйгач, таранг тортиган камоннинг ёйи каби ҳилол кўринди. У нозлангандек истиғно билан бир муддат пайдо бўлди ва сўнг яна қаергадир яширинди. Буни унга муштоқ бўлганларнинг ҳаммаси кўрди. Бу Рамазон ойи эди. Қувончдан кишиларнинг: “Аллоҳу акбар!”, “Алҳамдулиллаҳ!” – деган саслари самоларга юксалди. Мўминлар Рамазон билан бир-бирларини қутлаб масжидга кирдилар. Муаззинларнинг шом намози учун одамларни чорлаб айтган азони Бағдод ва унинг атрофидаги қир-адирлар бўйлаб таралди.
Масжидларга келаётганлар ҳар кунгидан кўпроқ севинчга тўла эди. Хуфтондан сўнг имомлар ваъз бошладилар. Улар Рамазони шарифнинг фазилатидан сўз очдилар. Қуръон нузули, бу ойнинг шукуҳи, бу ойдаги ғазотлар, мусулмонлар учун бу ой ва унинг рўзаси нақадар улкан неъматлиги айтилди.
– Бизлар рўза тутмоқ дея тийилмоқни биламиз, – деди имом. – Тийилмоқ жимо, таом ва сувдангина эмас, балки ёмон сўзлар айтмоқдан, ёмон сўзлар тингламоқдан, ҳатто қалбга нохуш ўйларни келтирмоқдан тийилмоқдир. Аллоҳ учун бутун вужудимиз, нафсимиз, кўз ва қулоқларимиз, тилимиз ва дилимиз ҳам рўза тутсинки, бу билан Роббимиз қурбатига яқинлашсак, шояд!
Қорилар дуо билан Қуръон хатмига киришдилар. Ярим тундан ошиб кетди. Субҳ яқинлашди. Тиловатлар тўхтади. Дастурхонлар ёзилди. Хурмо, нон, сув тортилди. Ҳамма сувдан ҳўплади, нондан бир бурда олишди, хурмодан оғизларига солишди. Қуръон тиловати руҳларни нурга чўмдирганди.
Шафақ кўкимтир-оқимтир тусга кириб, содиқ субҳдан хабар берди. Муаззинлар саси осмонларни тўлдириб юборди. Фажр намози ажиб хушнудлик ила адо этилди.
Денгиз умрида туймаган роҳат ва фароғатни туйди.
Қуёш чиққунча зикр билан машғул бўлди. Қуёш чиққач, бироз ўтиб, шуруқ намозини ўқиди. Намоздан сўнг Қуръон ўқиди. Офтоб яна ҳам кўтарилиб, атроф-жавонибни қиздира бошлагач, зуҳо учун ўрнидан турди.
Кўпчилик масжид хонақоҳида ухлар эди. Нимқоронғу хонақоҳ инсон руҳини моддий оламдан узиб олиб, руҳоният дунёсига етаклайди.

SAHRO | Roman

27 Jan, 07:38


SAHRO | Roman | 30-bob (1-qism)

✍️ Mustafo Yusuf
🎙Abdukarim Mirzayev

SAHRO | Roman

27 Jan, 07:38


Ким Ҳаққа қул бўлса, ким Ҳақ дўсти бўлмоқ учун интилса, уларни дўст тутади. Ҳеч қачон ҳавосидан келиб чиқиб қарор бермайди. Аллоҳдан ғофил бўлмоқ – энг катта бахтсизликдир. Халқни шайтон зулмидан озод қилишга бел боғлаган сардорнинг Аллоҳдан ғофил қолиши мумкин эмас. Агар у ғофил қолса, бутун оламга ўт кетади. Ғофил қолмасликнинг йўли доимий зикрдир. Доимий тоатдир. Вирддир! Вирд нелигини биласанми? Вирд ичиш дегани. Ворид сув ичирувчи, соқий демакдир. Аллоҳнинг зикрини ич. Аллоҳга бўлган итоат ва тоатни ич. Аллоҳга қуллик қилиб, Унга ибодат қилмоқни олий мақсад, балки ягона мақсад деб билсанг, билки, сен уйғоқсан. Зотан, бошинг саждада бўларкан, вужудинг рўза тутаркан, тилинг Унинг исмини айтиб ҳўлланаркан, қалбингда фақат Унинг ёди бўларкан, бу энг гўзал Уйғоқликдир. Бундан айрилиш ухлаш, балки тирик ҳолда ўлишдир. Ўлик ҳолда яшашдир. Денгиз! Инсон табиати нуқсон ва камолга тўла. Унинг ботинида иккиланиш, катталик, қўрқув, иккиюзламачилик, ҳийла, ёлғон ва яна саноқсиз касалликлар жам бўлган. Шу қаторда қатъият, камтарлик, жасорат, ростгўйлик, самимият, тўғрилик ва шулар сингари бир қанча фазилатлар ҳам бор. Одамларни тарбиялашда ана шу фазилатларни излаб топиш лозим. Ҳар бир инсон ўзидан ана шундай камолот белгиларини кашф этмоққа интилсин. Инсон юксалгани сайин ўзидаги камчиликларни яққол кўради, чунки у юксалмоқда, юксакдан пастдаги нарсаларни аниқроқ ва тўлиқроқ кўрмак имкони бор, зотан. Чўкаётган банда эса ботқоқ тубига киргани сайин умидсизликка қул бўлади. Қутулмоқнинг ҳеч қандай иложи йўқ деган ёлғонга асир тушади. Сенинг вазифанг бу ёлғондан Хористон халқини халос этмоқдир. Жоҳиллар ҳар бир тақдирда битилган, биз ҳар қанча интилсак ҳам у ўзгармайди деб исён қиладилар. Нақадар чуқур жаҳолат бу! Қадар инсонни мажбурлаш учун ёзилгани йўқ, у Аллоҳнинг азалий илмидан бир хабар ўлароқ битилди, холос. Роббимиз инсонга бир қисм ихтиёр берган, ана шу ихтиёр билан банда ўз ишларини хоҳлайди ва бажаради, Роббимиз эса унинг ихтиёрига яраша ишларни яратиб беради. Одамларга бу ҳақиқатларни англатмоқ шарт. Улар инонсинлар. Ишонсинлар! Инонмакдан ўзга чора йўқ. Акс ҳолда, хорлик ҳаётидан қутула олмаслар. Денгиз, Хористон мустабиди ҳукмдорнинг тошдан бунёд қилинган қасрининг энг чуқур ертўласида бир кутубхона бор. У кутубхонада сизлар яшаётган ўлканинг тарихлари битилган саҳифалар сақланмоқда. Уларни золимлар йўқ қилиб юбормайдилар, чунки бу уларнинг ўзлари учун зарурроқ. Агар тарихни унутсалар, келажакни қўлдан чиқаражакларини чуқур англайдилар. Шунинг учун тарих саҳифаларини асраб-авайлайдилар, ўқийдилар ва унга суяниб иш юритадилар. Аммо бу тарихни асл эгаларидан беркитадилар. Нуҳ алайҳиссаломнинг кенжа ўғли пайғамбар Ёфас алайҳиссаломнинг тўнғич фарзанди исми Турк эди. Хористон Туркнинг авлодларидан бўлган бир қисмнинг Ватани эди. Сен ҳам турклардансан. Қолган ҳақиқатлар эса мозий варақларига битилган. Мустабид ҳукмдорни енгиб, бошини танасидан жудо қилганингдан сўнг уларни олиб ўқий оласан...
Бистомий ҳазратларининг сўзлари Денгиз учун нурга тўла уфқларни очди. Фикратидан пардалар кўтарилди. Устози Исмоилни эслади. Онаси Ойгул хаёлидан кечди. Ишни нимадан бошлашини эса тасаввур ҳам эта олмасди.
– Устозинг Исмоил тирик ва у иблис зиндонида ётибди. У Аллоҳ изн берган фурсатда қутулиб келади ва сенга энг яқин ёрдамчи бўлади. Онанг Ойгул ҳам умрининг сўнгига қадар сенга ҳамроҳлик қилади. Унинг бошидан кўп машаққатлар ўтган ва у матонатли муслимадир. Ишни нимадан ва қандай бошлашинг Аллоҳнинг изни билан сенга кўрсатилади, – деди Бистомий ҳазратлари Денгиз ҳали бирор сўз айтмай туриб. Балки бу сўзларни ҳам ҳазрат овоз чиқариб баён қилмагандир, балки у ҳам қалби билан нидо қилгандир Денгизга...
Денгиз тутқунликда эканида кўрган тушларини эслади. Нуҳ алайҳиссалом, Юсуф алайҳиссаломлар ҳақида кўрган эди. Айниқса, Юсуф алайҳиссаломни Миср азизининг хотини туҳматига учрагани устида бу туш узилган эди. У энди билдики, буларнинг барчаси ҳақ ва раҳмоний тушлар бўлиб, пайғамбарлар ҳаёти унга танитилган экан.

SAHRO | Roman

27 Jan, 07:38


Мукаллаф иш – ибодатдир, Аллоҳнинг зикридир. Ибодат ва Аллоҳнинг зикри кўтарилгач, қалб Аллоҳга бўлган муҳаббатни бой бераркан, унинг ўрнини заифлик эгаллайди, ҳар бир ишга лоқайдлик билан қараш бошланади. Масжидлар тўла, мадрасалар илм билан нурли, закотлар бериляпти, ғаниматлар келмоқда, лекин хатар аригани йўқ, аксинча, кучаймоқда. Биз ўзимиз билан фахрланиб қолмоқдамиз. Қўлимиздаги мулк билан шодланяпмиз. Дунё молини кўпдан-кўп истаяпмиз. Агар шу тарзда давом этсак, яқин вақтда кофир қувватини тўплайди, Ислом юртлари устига юриш бошлайди. Бизда эса уларга қарши супурги кўтариб чиқишга ҳам қувват қолмайди. Силоҳий, моддий, сиёсий қувватларнинг барчаси фақат илоҳий амрларга итоат билан қўлга киради. Мусулмон илоҳий амрлардан бўйин товласа, заиф ҳолга тушади. Ундан кўра заифлар унинг устидан ҳукм юргизади. Шу боис тасаввуф мусулмонларни Аллоҳнинг амрига, муҳаббатга даъват қиладилар. Зотан, муҳаббат бўлмагунча ҳеч бир ишда зафар, ҳеч бир ишда барака бўлмайди. Қалблар бирлашмайди. Фитналар босилмайди. Сени қўлга олганлар шайтон лашкарлари эди. Сен шайтон қароргоҳларидан бир қароргоҳда сақландинг. Сени кўп азобга солдилар. Ўша қароргоҳ соҳиби дажжолнинг хизматкоридир. Унинг отаси кофир жинларнинг сардори, онасининг ҳам қонида инсон ва жин қони бирлашган эди. Онасининг отаси одам, онаси эса девлардан бўлган. Шу тариқа жин ва одам наслидан мана шундай кофир туғилди. У шайтоннинг вазирларидан бири, дажжол ҳузуридаги уч юз иблис кенгашининг аъзосидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келишларидан аввал жинлар осмонларга чиқиб юришарди. Лавҳул маҳфуздан осмонга ер юзидаги бир йиллик ҳодисалар хабари туширилади. Еттинчи қават осмонда фасод ишлар, олтинчи қаватда солиҳ ишлар, бешинчи қаватда урушлар, тўртинчи қаватда муждалар, учинчи қаватда кўнгилхушликлар, иккинчи қаватда илмлар ҳақидаги хабарлар сақланади. Фаришталар у битикларни ўқиб муҳокама қилишади, бир-бирларига хабар берадилар. Жинлар фаришталар атрофида айланиб уларнинг гапларига қулоқ тутардилар. Гапларни чалакам-чатти эшитиб олгач, ердаги шериклари – сеҳргарлар, фолбин, раммолу коҳинларга хабар бергани учишарди, шунда фаришталар бирорта юлдузни олиб уларга отардилар, ўзбошимча жинлар хабарларни бошқасига етказиш учун бақириб қоларди, юлдуз эса унга келиб тегар, уни ўлдирарди. Шу тариқа ер юзига айрим ғайб хабарлари етиб келиб қоларди. Расулимиз, набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилишлари билан осмон эшиклари беркитилди. Шайтонлар эсини йўқотдилар. Иблис Азозил мотам тутди. Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дажжолни туттириб Қоф тоғига занжирбанд қилдирдилар. Аммо дажжол ҳеч лаҳза тўхтамади. У Ер юзини фасодга тўлдирмоқ учун ўзининг ёрдамчилари ҳамда шайтон билан бирга ҳаракат қиляпти. Бу ҳақиқатларнинг барчаси Аллоҳнинг валийларига аён. Улар кечаларию кундузлари ана шу ёвузликлар билан жанг қиладилар. Уларнинг кўзга кўринмас жанглари зоҳирий жанглардан кўра шиддатлидир. Аллоҳнинг авлиёлари Аллоҳнинг мужоҳидлари, ғозийларидир. Уларнинг тақвоси, ибодати, ҳоли, мақоми шайтон ва жинларни пароканда қилади, шайтон ва жинлар билан ўралган, нафсларига қул бўлганларни тарбиялайди, осийларини қўрқитади. Денгиз! Сен Хористонга қайтасан. Сен у ердаги ўлкада шайтон зулмини ер билан яксон қилмоғинг шарт. Хористон мустабиди ҳукмдор тушида бир чақалоқ уни йўқ қилишини кўрган эди. Ўша чақалоқни излаб минглаб гўдакларни сўйдириб юборди. Хористон халқи кутган нажоткор балки сен бўлсанг, не ажаб. Асрлар давомида шайтон зулми остида қолганларни қутқар. Қандай қутқариш ҳақида сенга айтиб бераман. Ҳар қандай жангларда истеҳком, қалъалар ичидан очиб берилмаса, ташқаридан бузиб кириш деярли имконсиздир. Инсон ҳам бир қалъадир. Унинг ичига бузиб кириш ичдан бўлган хиёнатдан сўнг амалга ошади. Инсон нафсига қул бўлса, нафс шайтонга барча эшикларни очиб беради. Хористон халқини зулмдан халос қилмоқ учун уларга нафси тарбияланган комил йўлбошчи керак. Сўнг у йўлбошчи халқни тарбиялайди. Йўлбошчи фақат Ҳақ сўзини олий қилмоқ учун курашади. У бу йўлда асло ортга чекинмайди. Унинг учун ёлғиз Ҳақнинг Ўзи Дўст.

SAHRO | Roman

27 Jan, 07:38


– Сен келган ўлка ҳақида айтиб берсанг, ҳамма ҳайрон қолади, Денгиз, – деди ҳазрат. Денгизнинг кўзлари ҳайратдан чақнаб кетди. Зотан, у ҳали ўз юрти ва ўтмиши ҳақида ҳеч кимга сўз очмаган эди. – Шайтон инсоннинг душманидир. Унинг душманлиги иймон эгаларининг ёдидан чиқмайди. Ер юзида Хористон каби ўлканинг бу қадар зулм остида қолишида Аллоҳнинг ҳикмати бор. Биринчидан, агар дин етиб бормаса, инсонлар Аллоҳ ҳукми билан яшамасалар, албатта, шайтон ҳукми билан яшайдилар. Иккинчидан, мусулмонлар Ер юзининг ҳар қаричида Роббимизнинг дини билан ҳукм берилмагунча тўхтамасликлари лозим. Чунки инсониятни нажотга бошлаш, жаҳонда адолат ўрнатиш, зулмга барҳам бериш, золимнинг бошини кесиш, шайтоннинг пайини қирқиш, нафс устидан ғолиб чиқиш мусулмонлар зиммасидаги ишдир. Аммо саодат асри тугади. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломни оёққа қўйдилар, атрофларидаги ҳар бир саҳобани буюк йўлбошчига айлантирдилар, уларнинг ҳар бири бир салтанатни идора қила олажак қадар салоҳиятли, қатъиятли ва эътиқодли эдилар. Чунки улар ўз нафслари ва таналари устидан ҳоким бўлдилар, қалблари ва руҳлари, ақллари ва сирлари покланди. Сўнг Набийимиз алайҳиссалоту вассалом вафот қилдилар...
Шу нуқтага келганда Бистомий ҳазратлари жим қолди. Кўзининг туб-тублари қизарди, балки кўз томирларида қон пайдо бўлди, сўнг кўзёш йилтиллади, аммо у ташқарига томмади.
Инсон атрофидаги улуғ одамлардан ибратланиб тарбияланади. Мусоҳиби бор одам – бахтлидир. Юксак одамлар ўзларининг даражаларидаги кишилар қаршисида порлайдилар, дарё каби тўлқинланадилар, Бистомий ҳазратларининг сукутига сабаб у кишини англайдиган ёхуд қалбларидаги нурларнинг оламга ёйилишига ундайдиган лойиқ бир суҳбатдошнинг ҳамиша ҳам топилмаслигида эди. Айни чоғда ҳазрат Денгизга қараб, йигитга жуда кўп насиҳатлар қилишга қалбининг энг теран нуқталарида алангаланиб келаётган истакни кўрди.
– Рошид халифаларимиз, ҳидоятли имомлар – бизларнинг имомларимизнинг даври бошланди, – бир оз жимликдан сўнг давом этди шайх. – Сўнг бу саодатманд давр ҳам тугади... Тобеинлар, уларга эргашганлар замони ўтди. Ислом чўққига чиқди. Аммо бугун ўзимиз истаб-истамай, билиб-билмай чўққидан пастга қараб энмоқдамиз. Буни ҳатто сезмаяпмиз. Шайтон эса тинимсиз ишлаяпти. Тасаввуф аҳлини дунёни тарк қилган зоҳидлар деб атайдилар, ҳа, дунёни тарк қилмоқдир, аммо бу шариат амрларини бажармоқдан тўсмайди, аксинча, унга қувват беради. Инсон Аллоҳнинг қули эканлигини бутун вужуди билан ҳис этиб, унга тоатда бардавом бўларкан, бутун олам унинг хизматкорига айланади. Аммо мусулмонлар Унинг тоатидан юз ўгириб, оламнинг қули бўлиб қолишлари хавотирлидир. Зоҳиран Ислом қуввати Ер юзининг ҳар бурчига етиб борди, мусулмонлар билан ҳисоблашмаган ҳеч ким қолмади. Лекин Исломдан ташқари қолган ҳар бир куч шайтоннинг ихтиёрига ўтади. Жаҳолат ўлгани йўқ. Зулм тугатилгани йўқ. Ҳақсизликка нуқта қўйилган эмас. Қаерлардадир жаҳолат уруғлари ниш отяпти. Қаерлардадир золимлар янгидан янги фитна режаларини тузмоқдалар. Қаерлардадир ҳақсизлик чангалида тўкилаётган кўзёшлар бор. Мусулмонлар буларнинг ҳеч бирига бефарқ бўлишлари мумкин эмас. Шайтон ишламоқда. Тинимсиз. Хористон бунинг исботидир, рад этиб бўлмас далилидир. Хористон ҳақидаги илк хабар бундан йигирма йил аввал халифа саройига етиб келди. Халифа оиласининг энагаси бу хабарни шахсан ҳукмдорга етказмоқчи эди. Аммо энага сирли равишда вафот этди. Бу жуда ғалати содир бўлди. Шу билан масала ёпиқ қолди. Йилдан йилга халифаликнинг истихборот хизмати суст ишлаяпти. Давлат хизматчилари ўз вазифаларига кўп ҳолларда дангасалик қилмоқдалар. Имом Абу Ҳанифанинг шогирди Абу Юсуф қозиюл қузот бўлган даврларида қозиларнинг адолатидан олам гулистон бўлган эди. Ҳозир эса қозиларимиз ўз вазифаларини унутгандай, субҳаналлоҳ. Хористон ўлкасидаги ҳолатга эса чидаб бўлмайди. Нима учун қўшин пароканда бўлади? Нима учун мусулмонлар танбалликка юз тутадилар? Нима учун ишларига, бурчларига бефарқ қарайдилар? Нима учун илму ирфонни унутиб, меҳнатни унутиб, ғафлатга ботадилар? Чунки мусулмонлар бу фурсатда ўзлари мукаллаф қилинган ишни хотирларидан фаромуш этадилар.

SAHRO | Roman

27 Jan, 07:38


Ҳақиқатан ҳам, инсон ибодат ва зикрдан тўхтамас экан, Аллоҳнинг имдодини ҳис қилиб, вирдларда собит тураркан, ҳоли кўпаяди, ҳоли узаяди ва у кишини тарк этмайди. Энди унинг номи мақомга айланди.
Мақомларнинг энг аввали, энг қуйиси тавба деб аталади. Инсон гоҳ-гоҳида гуноҳларини эслаб, йиғлаб истиғфор айтади, тавба қилади. Шунда у ажиб бир ҳол ҳис этади. У тавбада яшаркан, тавба мақомига чиқади, унинг ҳеч бир они тавба ва истиғфорсиз ўтмайди, унинг қалби истиғфор ва тавбани тўхтатмайди. Сўнг ҳайрат мақоми бошланади. Тавба мақомига ўрнашгач, инсон қалб кўзлари билан Аллоҳнинг зикри билан тўлган оламни идрок қилади. Унинг қалб кўзлари қаро тупроқдан то етти фалак устигача бўлган оламни кўради. Ўнгида, ёп-ёруғ ҳолда кўради. Алаҳламайди. Қушларнинг, майсаларнинг, қурт ва қумурсқаларнинг, ёмғир ва шамолларнинг, тун ва тонг, кеча ва кундуз, ой ва қуёшнинг тилини тушунади. Руҳи коинотни тинглайди. Тушунадики, ҳар бир яратиқ, ҳар бир зарра “У!” – дея шивирлайди. Бу шивир денгизларнинг пўртаналари, саҳроларнинг қуюнлари, тоғларнинг вулқонлари, ернинг зилзиласи чоғида “У!” – деган ҳайқириққа айланади. Ҳа, фақат У бор, қолган барчаси ўткинчидир! Фақат У қолади, фақат У Боқий! У – Илоҳдир, У – Халлоқдир, У – Аллоҳдир! Унинг минг бир исмини сўфийлар кашф этдилар, ҳолбуки, унинг ғайбий хазинасидаги исмларини Унинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Унинг ҳар бир исми, балки исмидаги биргина ҳарф икки оламдан устун, икки оламдан афзалдир.
Валийларнинг маноқибларида ёзиладики, Аллоҳнинг дўстлари файз билан тўлиб-тошган инсонлардир, уларнинг сўзлари оз, зикрлари кўп, амаллари холисдир. Тоатлари вужудларига сингиб кетган, таналаридаги ҳар бир ҳужайра “У!”, “У!”, “У!” – дея Аллоҳни зикр қилади. Аллоҳнинг дўстларидаги ҳол шу қадар порлайдики, уларга назар солган инсоннинг қалби жунбушга келади, нафси кучук боласи сингари заифлашади, ибодат ва итоатга рағбати ортади, беихтиёр саждага йиқилади, зикрга тутинади, махлуқотлардан қўрқишни тўхтатади, танасига қувват киради, юрагида ғайрат жўшади.
Бистомий ҳазратлари сўзламаса ҳам одамлар уни бир кўришда севадилар, беихтиёр итоатга келадилар, жоҳиллар ҳам одоб йўриғини ушлайдилар. Аммо ҳазратнинг уларнинг эҳтиромларини тафаккур этишга вақти йўқ, боши кўкси узра эгилган, кўзлари юмилган ҳолда жим.
Инсон кўкраги – қўрғондир. Бу қўрғоннинг чап тарафига қалб, ўртасига сир, ўнгига руҳ жойлашмиш. Валийлар кўкслари узра бошларини эгиб, қалб, сир ва руҳга назар соладилар, улар билан Аллоҳни зикр этадилар, зикрга шу қадар шўнғийдиларки, инсонлар кўрмайдиган оламларга борадиларки, бу оламнинг талатўпларига бегона қоладилар, гўё.
Денгиз мадраса илмларини деярли ўзлаштириб тугатди. Қуръонни уч ойда ҳифз этди. Араб тилида равон ўқишни бошлади. Минглаб сўзларни ёд олди. Энди у Боязид Бистомий ҳазратлари даргоҳига борди.
Ҳазратнинг бу йигитга бўлган эътимодини билганлар уни кўришлари билан пешвоз югурдилар.
– Хуш келибсиз, Баҳриддин! – дейишди. Бистомий ҳазратлари Денгизни дарё соҳилидан олиб келишгани учун: “Унинг исми Баҳр бўлди, бўлганда ҳам диннинг Баҳри!” – деган эди.
– Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ! – деди Денгиз. Мезбонлар хушнуд алик олдилар.
– Ҳазратнинг даргоҳларига келган эдим...
Бистомий ҳазратларининг даргоҳи ўта камтар – тор ва пастак кулба. Деворлари сомонсувоқ. Томи текис. У ҳам сувалган. Кулбанинг бир бурчида қамишдан тўқилган бўйра устида ҳазрат бошини эгиб ўтирган эди. Олдидаги лавҳда Қуръон. Лаблар орасидан оятлар дона-дона бўлиб чиқар эди. Келган оятини тугатиб, “Аллоҳ рост сўзлайди!” – деб қироатни тўхтатди ҳазрат. Денгиз у кишидан уч қадам пойгакка тиз чўкди. Ҳазрат унга бир муддат беозор қаради.

SAHRO | Roman

27 Jan, 07:38


Денгиз қаерда эканини идрок қилишга тиришиб тураркан, қулоқларига илоҳий калом саси етди. Ҳа, кимдир Қуръон ўқимоқда эди. Умрида Аллоҳнинг каломини тингламаган Денгиз қотиб қолди. вужудини титроқ тутди. Кўзидан отилган ёшни у сезмасди. Руҳи танасидан кўтарилиб кетгандек бўлди. Ваража тутган инсондек қалтироқ ичида қолди. Бошини саждага қўйган кўйи кўзларидан ёш тўкиб титрамоқ эди у. Томирлари, ҳужайрлари миллион йил чанқоқликда қолган ташна сингари илоҳий калом садоларини ўзига сингдириб, ҳаяжон мавжланди, шуур, идрок, ақл, фикрат, ҳуш ғойиб бўлди, қалб, сир, ҳайрат Денгиз борлиғини чайқатиб, йўқлик сарҳадларига олиб кетди, Арш гумбазларини сайр қилдириб, етти қават фалаклар ичра парвоз эттирди гўё.
Бу ҳол қори Қуръон тиловатини тўхтатганидан сўнг ҳам давом этди.
Денгиз учун янги ҳаёт бошланди: Боязид Бистомий шогирдлари унга таҳорат қилишни ўргатишди, Қуръон ўқитишди, масжидга етакладилар, Бағдод кўчалари бўйлаб айлантиришди, мадрасаларни кўрсатишди, халифа саройи жойлашган майдонга, Байтул ҳикмага олиб боришди.
Денгиз инсонлар кўзидаги хотиржамлик, сакинатдан ҳайратда эди. У Хористон ва хорларнинг ваҳшат ва қўрқув тўла нигоҳларини эслаб, инсонлар шу қадар ҳам ҳаловат билан умр кечирмоқлари мумкинми деб ўзига савол бермоқда эди.
Уч ой ўтди.
Денгиз Бағдод ҳаётига мослашди. Соқоли ўсди. Бағдодликлар каби узун тўн, бошига салла кийиб юрди. Мадрасада ўқиди. У берилган топшириқларни мукаммал бажарар, оятларни тез ёд олар, ҳадислар маъносини чуқур тушунар, пайғамбарлар тарихи, саҳобалар ҳаёти ҳақида равон, худди улар билан бирга бўлган инсон сингари сўзламоқда эди. Йигитнинг қисқа фурсатларда бу қадар кенг илмга соҳиб чиқиши ҳаммани ҳайратга солди. Аммо Денгиздан ортиқча сўз олиш имконсиз: у доимо хомуш юради, барваста қомати, қора ва катта кўзлари, қирра бурни, оппоқ юзи, қуюқ соқоли, сочи, жарангдор овози у билан бир кўришган инсонни мафтун этади, айниқса, бироз ёнида бўлгач, босиқлиги, ўйчан кўринса-да, ҳеч хаёлини йўқотимаслиги, зийраклиги, мулойимлиги уни севишга мажбур этади. Денгизни бир кўрган ва у билан бир оғиз саломлашган инсон ундан айрилгиси келмай қолади. Шу боисданми, мадрасанинг ёш талабалари, айримлари у билан тенг, Денгизнинг атрофида парвона бўлиб қолдилар.
Илм даргоҳида кўпчилик ўзи ҳақида, ота-онаси, яшаш шароити ҳақида сўйларди, масалан, бири Самарқанддан, отаси бўзчи, қийналиб яшайди, аммо кенжасини олим қиламан дея Бағдодга юборган; бири Ҳиротдан, етим, ота-онаси вабодан ўлган, лекин ўзининг қалбига илм ишқи тушган, Ҳирот жомесидаги имомнинг суҳбатларига қатнаб юрган, тирикчилиги бойларнинг эшигида хизматкорлик қилиш эди, бир куни ҳимматни баланд қилиб, илм излаб Бағдодга йўл олган, келиб Боязид Бистомий этагини тутган, ҳазрат ҳаммани ҳамиша аввал адабга, сўнг илмга даъват этарди.
Бистомий ҳазратлари кам сўзлайди, аксар сақлайди: юрганда кўзлари ерда, ўтирганда боши эгилади, гўё боши кўксига тушади, аслида, у одам руҳоният оламига қадам босади. Ҳазратнинг очилиб, жўшиб нутқ этиши жуда қийин, паст, майин ва дона-дона қилиб гапиради, кам гапиради. Гаплари ҳам оддий, ҳамма тушунади:
– Одобли бўлинглар, талабалар, – дейди кўпинча. – Дангасалик яхши эмас. Ғайрат қилган ютади.
Ислом оламида ҳазратнинг донғи достон бўлган. Ер юзининг етти томонидан у кишини зиёрат этмоққа минглаб одамлар келадилар. Ҳузурида юзлаб инсонлар хизматда. Ҳеч ким овозини баланд кўтармайди, ҳазрат кириши билан одамлар оёққа туради, қўлларини кўксларига қўядилар, ҳолбуки, ул зотнинг дағдағасини ҳеч ким эшитмаган.
Улуғлар, валийларнинг ҳоли бўлади. Ҳол – Аллоҳни зикр қила-қила инсоннинг инсоний иллатлардан бир муддат халос бўлиши ва бир он нурга кўмилиб, чексиз руҳоний юксакликка кўтарилмоғидир. Ҳолни бир бора туйган унга ошиқ бўлади. Ҳолини йўқотганлар унга талпиниб яшайдилар.
“Ҳол – рағбатдир, – деган эди Бистомий ҳазратлари. – Ибодатда бардавом бўлмоқ учун рағбат ҳадяси. Унга ошиқ бўлманг, зотан, ҳол келади, кетади”.

SAHRO | Roman

27 Jan, 07:38


САҲРО
Роман
Мустафо ЮСУФ

ЎТТИЗИНЧИ БОБ
ИСТИМДОД

“Ҳа (кифоя қилади)! Агар сабр ва тақво қилсангиз, улар шу пайт келиб қолсалар ҳам, Роббингиз сизга белгили беш минг фаришта ила мадад беради”.
Оли Имрон сурасининг 125-оят маъно таржимаси.

Масжид миноралари фалак узра ҳайбат ва сокинлик билан қўрк тўкади. Яшил, мовий ва сандалранг гумбазлар осмон қуббалари билан рақобат қилмоқни истайди.
Қуёш тонгдан шаҳар узра олтинлар сочади. Кўк бу балдаи муборак қошида хокисорлик билан қўл қовуштиради.
Хонақоҳлар, карвонсаройлар, маҳобатли қасрлар, равон йўллар, ранг-баранг гулзорлар, сермева боғлар, барокатли бозорлар жаҳон аҳлини бу муаззам шаҳарга чорлайди. Румнинг энг ғарбий чегараларидан келган юнонлар, Мағриб одамлари, Африқо ҳабашлари, Чин юртининг қийиқкўзлари, Мовароуннаҳрнинг шиддатли турклари, қадим Форснинг нозиктаб ва истеъдодли фарзандлари, Ҳинднинг заковатли фуқаролари, Батҳонинг аслзодлари, Яманнинг муттақийлари, Хуросоннинг фозиллари, Мисрнинг қурролари, Ўрдуннинг донишмандлари, Ҳазариянинг жасур кўчманчилари – етти иқлимдан келган одамлар бу мадинаи хилофотда оловдай ловуллайди, вулқондай қайнайди.
Бу шаҳри азимдан ўғри ва киссавурлар, жаллод ва қонхўрлар, ёлғончи ва фирибгарлар, фоҳиша ва бузуқлари, ҳароми ва насабсизлар, туҳматчи ва бўҳтончилар, пасткаш ва сафиҳлар, золим ва тубанлар ҳали урчиб кетган эмас, чунки олиму уламолар, фозилу фузалолар, шоиру шуаролар, ҳакиму ҳукамолар, валий ва авлиёлар, мужоҳид ва ғозийлар, ботир ва жасурлар, қўрқмас ва мардонлар, футувват ва мурувват соҳиблари, жиҳод ва ғазо ғолиблари, сўфийлар ва зоҳидлар, ориф ва оқиллар, уста ва ҳунармандлар сўзлари бу пойтахти азим бўйлаб янграйди.
Хитойдан Жабали Ториқ бўғози қадар, Ҳазардан Ҳиндгача чўзилган улкан ҳудудда қад кўтарган Аббосийлар давлатининг шони, шарафи, мазлумларнинг паноҳгоҳи, золимларнинг балоси, илму маърифатнинг маркази, улуғларнинг қадамжойи бўлган Бағдоднинг довруғи бугун Ер юзига сиғмай етти фалак устига кўтарилгандир.
Уч улкан ва қалин деворлар билан иҳоталанган шаҳар аҳли хавотир ва қўрқинч нелигини билмайди, кундузлари ёруғ, тунлари ойдин, қишлари осуда, ёзлари баракали, кўкламлари умидли, кузлари тўкин ҳаёт кечирадилар.
Жаҳон маркази бўлган Бағдодда беш маҳал муаззинлар овози тинмайди, уларнинг азонлари Арш гумбазларидаги фаришталарга қадар етади, масжидларда туну кун Қуръонлар янграйди, ҳужраларида обидлар таҳажжуд билан тонг оттирадилар, мадрасаларида оятлар, ҳадислар сирлари очилади, коинот ва Ер юзи бўйлаб сочилган тилсим ва жумбоқлар ечилади, илм толиблари қадим саҳифалар устида кўз нурларини фидо этадилар, кундузлари қуёш бармоқлари остида соч тараган шаҳарнинг бошидан тунлари ойнинг кумушлари сепилади, кўчаларда машъалалар тун зулматини тилади, зоҳидлар хонақоҳларидаги шамлар ўчиш нималигини билмайди, зикру тасбиҳлар, тиловат ва қироатлар, дуо ва тазаррулар фаришталарни бу шаҳарга соқчи ўлароқ чорлайди.
Денгиз кўзини очиб ўзини бир ҳужрада кўрди. Ақлини йиғишга интилди. Лекин қалби ажиб ҳаловат ичида эди. Ҳужранинг деворлари сувоғи орасидан сомонлар кўринади, томни кўтариб туриш учун ётқизилган ходалар шундоққина шифт ичида кўзга ташланмоқда, деворнинг бир томони ўйилган, у ўйиқ токча вазифасини ўтайди, токчада тери билан муқоваланган китоблар, хонанинг бир томонида, деворнинг сал юқори қисмида меҳроб шаклидаги дераза, дераза гириҳли нақш билан мушаккал ром билан қопланган, ундан ичкарига тушган ёруғлик хонанинг ҳар бурчига етиб боради, ер – тупроқ, устига қамишдан бўйра, бўйра устига туя ва қўй жунидан тўқилган кигиз тўшалган, қигизлар қизил ва сандал ранглари билан бўялган, Денгиз девор тагида ана шу кигиз устида ётибди, жун билан тўлдирилган узунчоқ болиш қўйиб бошини сал кўтариб қўйишибди, хонада сокинлик ҳукмрон, сокинлик Денгизнинг вужудига сингди.