Aрғумчоқлар учгин, камалак билан,
Гир айлан, рақс туш, капалак билан,
Яшасанг, яша, фақат, жон ҳалак билан,
Умр асли бир кундир, ўша кун — бугундир.
Эртани ўйламоқ сен учун эмас,
Ўтганга йиғламоқ сен учун эмас,
Жазони қўлламоқ сен учун эмас,
Умр асли бир кундир, ўша кун — бугундир.
Этагингдан шамол ўтдими, басдир,
Тириклик олдида ҳар неки, ҳасдир,
Бошинг омон бўлса, тоғлар ҳам пастдир,
Умр асли бир кундир, ўша кун — бугундир.
Ота-онанг қайтмади, сен ҳам қайтмассан,
Бу олам тубига сен ҳам етмассан,
Ки, Навоий айтмади, сен ҳам айтмассан,
Умр асли бир кундир, ўша кун — бугундир.
Нуҳдайин умр кўрмоқ истасанг ҳам — шу,
Вақтнинг тулпорини қистасанг ҳам — шу,
Яхши ном олсанг ҳам, олмасанг ҳам –шу,
Умр асли бир кундир, ўша кун — бугундир.
Эй, Фарид, лаҳзалар, шукри-ла, яша,
Бу дунё байрамдир, қилгин, тамоша,
Ошиқ номинг қолар асрлар оша,
Умр асли бир кундир, ўша кун — бугундир.
✍Фарида Афруз
🎤Сардор Мамадалиев.
https://t.me/Qalbgavhar
@Qalbgavhar