МУЗОРАБАДАГИ ХАРАЖАТЛАР ҚАЙСИ МАБЛАҒДАН ҚОПЛАНАДИ?
CАВОЛ: Бир киши пул тикиб, бошқаси шу пулга тижорат қилиш кўпайган. Харажатлар учун сармоя пулидан сарфланадими ёки иш юритувчи ўзининг ёнидан сарфлайдими?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Тижорат билан боғлиқ ҳар қандай харажатлар сармоядан олинади. Харажатдаги асосий нарса бу борада тижоратчилар орасида жорий бўлган урфга қараб белгиланади.
Дўконнинг ижара ҳақи, ишчи ёлласа, унинг ҳақи, электр тўлови, юк олиб келиш учун техника ёлласа, унинг ҳақи каби тижоратни ривожлантириш учун сарф-харажатлар музораба молидан олинади. Лекин шахсий мақсадларда фойдаланса, бу иш юритувчининг ўзидан кетади.
Масалан, ўзи ишламай бошқа ишчини ёллаб, ўзи шахсий ишлари билан юрса, мазкур ишчининг пулини ўртадаги пулдан эмас, ёнидан тўлайди. Чунки бу ҳолатда зиммасидаги ишни бажармаяпти.
Тижорат учун сафарга чиқса, у ердаги еб-ичиш, турар жой харажати ҳам сармоядан кетади. Фақат мазкур ҳаражатлар маъруф тарзда, яъни савдогарлар савдо учун борганда қилинган миқдорда харажат қилади. Саёҳат, дам олиш учун қилинадиган харажатлар қилинмайди.
Шунингдек, тижоратни ривожлантириш учун қилинадиган харажатлар учун ҳам ўртадаги сармоядан ишлатилади. Масалан, манфаатли ҳамкорлар билан алоқани мустаҳкамлаш учун зиёфат қилиб бериш каби ишлар.
Ўз шаҳрида еб-ичиш, кийим-кечак, турар-жой, машинанинг бензини каби шахсий мақсадлар учун бу маблағдан ишлатмайди. Олган бўлса, тўлаб беради. Бу ҳақда “Ҳидоя” ва унинг шарҳи “Иноя” китобида қуйидагилар айтилган:
وإذا عمل المضارب في المصر فليست نفقته في المال وإن سافر فطعامه وشرابه وكسوته وركوبه فيه ... لِأَنَّ خُرُوجَهُ إذْ ذَاكَ لَهَا وَالنَّفَقَةُ مَا تُصْرَفُ إلَى الْحَاجَةِ الرَّاتِبَةِ كَالطَّعَامِ وَالشَّرَابِ وَكِسْوَتِهِ وَرُكُوبِهِ شِرَاءً أَوْ كِرَاءً كُلُّ ذَلِكَ بِالْمَعْرُوفِ . وَأُلْحِقَ بِذَلِكَ مَا كَانَ مِنْ مُعَدَّاتٍ تُكْثِرُ تَثْمِيرَ الْمَالِ كَغَسْلِ الثِّيَابِ وَأُجْرَةِ الْحَمَّامِ وَالْخَادِمِ وَالْحَلَّاقِ وَعَلَفِ الدَّابَّةِ وَالدُّهْنِ فِي مَوْضِعٍ يَحْتَاجُ فِيهِ إلَيْهِ كَالْحِجَازِ ، فَإِنَّ الشَّخْصَ إذَا كَانَ طَوِيلَ الشَّعْرِ وَسِخَ الثِّيَابِ مَاشِيًا فِي حَوَائِجِهِ يُعَدُّ مِنْ الصَّعَالِيكِ وَيَقِلُّ مُعَامِلُوهُ فَصَارَ مَا بِهِ تَكْثُرُ الرَّغَبَاتُ فِي الْمُعَامَلَةِ مَعَهُ مِنْ جُمْلَةِ النَّفَقَةِ ،
Музориб шаҳарда иш юритса, унинг сарф-харажатлари сармоя молидан бўлмайди. Агар тижорат учун сафарга чиқса, еб-ичиши, кийими, улови каби харажатлар сармоя молидан бўлади. Чунки иш юритувчи (музориб) тижорат учун сафарга чиқмоқда. Нафақа таом, ичимлик, кийим, сотиб ёки ижарага олинадиган улов каби доимий эҳтиёжларга сарфланадиган маблағдир. Буларнинг барчаси маъруф (тижоратчилар одатда қилган) тарзда ишлатилади. Сармоя сарф этиладиган харажатларга тижоратнинг ривожланишига ҳисса қўшадиган кийимини ювиш, ҳаммом, хизматчи, сартарош, уловининг озуқаси каби нарсалар ҳам қўшилади. Чунки сочи узун, кийими кир-чир, пиёда юрадиган киши камбағал саналиб, у билан ҳамкорлик қилувчилар кам бўлади. Демак, ҳамкорларни ўзига жалб қиладиган сарф-харажатлар ҳам нафақага киради”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази