"Кун келиб албатта тавба қиламан",
Деса ким эшитиб ҳайрон қоламан,
Фалон кун ўлишин ким билиб ўлди?
Фикр қил умрингни қанчаси қолди?
Истиғфор янграсин ҳардам тилингда,
Фикр қил ўлимни юрган йўлингда,
Кафолат борми ё дўстим қўлингда,
Фикр қил умрингни қанчаси қолди?
Ким йўлда яна ким уйда жон берар,
Азроил кеч қолмай вақтида келар,
Руҳингни бир онда қўлига олар,
Фикр қил умрингни қанчаси қолди?
Ҳаттоки пайғамбар билмайди буни,
Келмоғи муқаррар ажал бир куни,
Унутма ёдда тут дўстим сен шуни,
Фикр қил умрингни қанчаси қолди?
Ўлимни ўйлаган ҳаддин билар,
Қўрқувдан кўп йиғлар камдан-кам кулар,
Тавба қил ўтмоқда бу қайтмас кунлар,
Фикр қил умрингни қанчаси қолди?
Яратган тотмайди ўлимни ёлғиз,
"Мен ҳали ўлмайман" демагин ҳаргиз,
Кетасан қолмайди сендан ҳатто из,
Фикр қил умрингни қанчаси қолди?
✍ Лутфуллоҳ Хўжаев.