Бандлик терапияси
Буюк мусулмон табиб, файласуф ва математиги бўлган Абу Бакр ар-Розий: "машғулликдан-да яхшироқ бир муолажа йўқдир", деган экан.
Айни ҳақиқат. Инсон бу дунёнинг ғам-ташвишлари, қайғу ва аламларини фойдали ишлар билан машғул бўлган ҳолда енгиши мумкин, холос.
Бир соат диванга суяниб ўтириб фақат муаммоларингиз, ташвишларингиз ва қўрқувларингиз ҳақида ўйлаб, сиқилиб, бемалол ўзингизни касал қилишнинг уддасидан чиқа оласиз, ўзингизни бир неча кунлар балки ойлар эҳтимолки, йиллар давом этадиган депрессияга тушира оласиз ёхуд асаб хуружини келтириб чиқаришингиз, чорасизлик ҳиссига енгилишингиз ё бўлмаса тушкунликка тушиб қолишингиз мумкин.
Бирор муаммони кўп ўйлаб, сиқилавериш, эҳтимолий зарар, хавф-хатар ва мусибатлар ҳақида бош қотиравериш ўша муаммо ва мусибатдан ёмонроқдир. Чунки, хавотирланаётган нарсангиз рўй бермаслиги, рўй берса ҳам Сиз ўйлаган даражада бўлмаслиги мумкин. Аммо у ҳақда кўп ўйлайвериш бошқа бир муаммони келтириб чиқаради.
Кўп хасталиклар сабаби зеҳний функцияларимиз эканлиги бугунги кунда сир эмас. Ибн Сино айтади: бадан ва руҳ бир-бирига боғлиқдир, агар кишининг руҳияти хасталанса, бу нарса унинг баданида ҳам акс этади. Буни замонавий тилда психосоматика дейилади. Бу йўналиш психологик омилларнинг соматикага яъни баданга таъсирини ўрганади.
Ҳаддан ташқари кўп ўйлаш қайғулар денгизида катта бир гирдоб яратади ва бу гирдоб бир куни инсонни ўзига тортиб кетади.
Бу ҳолатдан зудлик билан чиқиб кетиш керак. Дардингиз, муаммоингиз ҳар қанча буюк бўлмасин, Аллоҳ буюкроқдир. У сизни эшитиб, кўриб, билиб турибди. Шундай экан, Унга дуою илтижо ва ибодатда давом этсангиз, шунингдек бирор фойдали нарса билан машғул бўлсангиз вақти келади, Латиф зот Ўзининг лутфи билан аста-секин муаммоларингизни аритади.
Агар диққат марказингизни ғам-ташвиш ва қўрқувларингиз, хавотирларингиз эгаллаб олса, онгингиз уларни шу қадар катталаштириб борадики, вақт ўтиб, реаллик билан хаёлий оламингиз ўрни алмашиб қолади. Бу эса шизофренияга қўйилган қадамдир.
Шу ҳолатга тушмаслик учун ўзингизни машғул қилишни уддасидан чиқишингиз лозим. Ўзингизга завқ берадиган фаолият тури билан шуғулланинг, ўзгалар қалбига хурсандчилик олиб киринг, дўсту ёр суҳбатида бўлинг, қариндошларингизни зиёрат қилинг, фарзандларингизни хурсанд қилинг, пулингиз кўпайса сафар-саёҳат қилинг, табиат манзарасидан завқ олинг, қуёш нуридан қалб оламингиз ёришсин, китоб мутолаа қилинг, қийналган ва муҳтожларга ёрдам қўлини чўзинг, эҳсон қилинг, одамлар оғирини енгил қилинг, олимлар суҳбатида бўлинг, ота-онангиз дуосини олинг, хуллас, онгингизни бир шаклда машғул қилинг. Кўрасиз, қора хаёллар, шайтоний васвасалар онгингиз тўридан чекиниб, секин-аста ҳовлига чиқади, кучсизланади ва маъюс бўлиб, Сиздан умидини узган ҳолда қалбингиз уйини тарк этади.
Бир олимдан сўрашибди: "одамларнинг энг бахтлиси ким?", деб. Жавоб берибди: "уларни бахтли қилган киши!".
Ҳа, ўзгаларни тузатиб ўзимиз ҳам тузаламиз, ўзгалар дардига малҳам бўлиб, ўз яраларимиз битади. Ким ўзгаларни хурсанд қилишга одатланса, ўзи ҳам хурсандчиликка эришади, қалб хотиржамлигини топади.
Ирландиялик машҳур ёзувчи ва дараматург Жорж Бернард Шоу бир куни докторига сим қоқиб, тез етиб келишини сўрайди, жуда мазам бўлмаяпти, юрагим жиддий хасталанган деб ўйлаяпман, қўрқяпман, дейди.
Доктор буни эшитгач, шошганча етиб келади, уч қават зинадан халлослаб юқорига чиққунча тер қуйиб кетади. Хонага кирганда эса ҳансираб, диванга чўзилишдан бошқа иш қилолмайди.
Бернард Шоу докторини бу ҳолда кўргач, оҳ-воҳлаб ётган жойидан сакраб туриб, у билан шуғулланишга тушади. Унга бирор нарса бўлишидан хавотирланар экан "нима бўлди Сизга?!.. қаерингиз оғрияпти?" дея ҳол сўраб, стаканда сув ичириб, иссиғини ўлчаб, билагидаги набзини эшитиб, унинг тепасида парвона бўлади.
Доктор эса ҳансираганча, базўр шивирлаб: "менимча, юрак хуружини бошдан кечирдим, ўляпман шекилли", дейди.