ОНАМ
Ой каби қошимда парвонам – онам,
Офтобдек меҳрда ягонам – онам.
Бошимга тилла тож, кўнглимга таскин,
Туну кун тилимда шукронам – онам!
Олтин-кумуш асли – тош бўлар экан,
Онасизнинг кўзи ёш бўлар экан.
Онаси бор – доим ёш бўлар экан,
Меҳр уммонида дурдонам – онам!
Қайга борсам йўлдош, ҳамроҳ тафтингиз,
Сиздан бахт топдим, сиз нима топдингиз?
Мудом манглайимда илиқ кафтингиз,
Толеимдан ёруғ – пешонам, онам!
Ёнимда болам деб турсангиз, она,
Яшайман ғамлардан ғолиб, мардона.
Келсангиз юксалар ғариб остонам,
Кетсангиз мунғаяр кошонам, онам!
Кўрдим дунё етти мўъжизасини,
Топмадим қалампирмунчоқ исини.
Кўзларимга сурай босган изини,
Жаннат боғларидан нишонам, онам!
Иқбол МИРЗО,
Ўзбекистон халқ шоири
@milliyteatr