ЎТГАН ИШГА САЛОВОТ
🌷
Ўтган ишни эслаб, унинг таъсирига тушиш, фожеалардан хафа бўлиш аҳмоқлик ва жинниликдир. Бундай қилиш иродани синдириш ва ҳозирги ҳаётни совуриш ҳамдир. Ўтган ишни ақлли кишилар пинҳон тутади, бошқаларга билдирмайди. Ўтган ишлар доимий унутиш зиндонига қулфланиб, бепарволик қамоқхонасига мустаҳкам арқон билан боғлангандир. У ҳеч қачон чиқиб кетмайди. Шу даражада ёпиладики, ёруғлик кўринмайди. Чунки ўтиб кетди ва тугади. Хафа бўлган билан қайтиб келмайди, ғам чеккан билан ўнгланмайди, қийинчилик қайта бўлмайди, чунки у йўқ бўлиб кетди.
Сен ўтган замоннинг босинқирашида, унинг йўқ бўлиб кетувчи сояси остида яшама. Мозий хаёлига берилма. Нима, сен оқиб ўтган сув яна анҳорнинг бошига қайтишини, қуёшнинг чиққан жойига, бола она қорнига, сут кўкракка ва кўз ёши кўзга қайтишини хоҳлайсанми? Демак, ўтган замон учун қайғуриб таъсирланишинг, ундан безовта бўлиб, куйинишинг, остонасига қулашинг ўзинг учун қўрқинчли, даҳшатли хавф-хатардир. Ўтган замон дафтарини ўқиб, изтироб чекишинг ҳозирги кунингни йўқ қилишинг, хатти-ҳаракатларингни ҳозирги ҳолатингни барбод қилишингдир. Аллоҳ аввал яшаган умматлар нима қилишганини зикр қилиб: "Улар ўтиб кетган кишилардир", деб айтган (Бақара сураси, 134-оят).
Иш тугаб, ўтиб бўлган, замон жуссасини ёриб кўришнинг ва тарих ғилдирагини қайтаришнинг фойдаси йўқ. Ўтиб кетган ишга қайтиш худди унни яна тегирмонда ун қиламан, ёки арраланган ўтин қипиғини қайтадан арралайман, деган одамнинг ҳолига ўхшайди. Қадимда марҳумларни эслаб йиғлаганларга "Йиғлаганинг билан ўликлар қабрдан чиқмайди", дейишган. Эшакка: "Етаклашганда нима учун орқага тортмайсан?" дейишганда, у: "Ёлғонни ёмон кўраман", деган экан.
Бизнинг фожиамиз шуки, ҳозирги нарсаларни рўёбга чиқаришдан ожиз бўлганимиз ҳолда, мозийни эслаш, уни орқага қайтариш билан машғулмиз. Чиройли қасрлари-мизга беэътибор бўлиб, эскирган харобаларга ўзимизни бахш этамиз. Агар инсону жин жам бўлса ҳам, ўтмишни асло қайтаролмайди. Чунки бунинг иложи йўқ.
Одамлар кетишаётганида орқага қарашмайди. Чунки шамол ҳам олдинга эсади, сув ҳам олдинга қараб оқади, карвон ҳам олдинга қараб юради. Шундай экан, сен ҳам ҳаёт қонунига хилоф ишни қилма.
"Ғам-қайғусиз яшай десангиз (ўксинма)" китобидан.
🍃🌹МЕҲР КЎЗДА🌹🍃