Бу воқеага ҳам роппа-роса 1 йил бўлди. Умуман олганда эса, бу лойиҳа билан ишлай бошлаганимга 6 йил бўлди. 6 йил... бир қарашда катта муддат эмас, лекин бу давр биз учун, мен учун катта мактаб, катта ҳаёт йўли бўлди. Ҳозир жамоамизда салкам 100 киши ишламоқда, 6 йил аввал 4–5 киши билан бошлагандик йўлимизни.
Нима учун бу расмни ва воқеани асос қилиб эслаяпман. Бу – илк катта чақириқ бўлганди. Илк жиддий синов, биз учун ҳам, умуман лойиҳамиз учун ҳам. Ўша кунлари албатта кўпчилик бизни қўллаб-қувватлади, бир кун ўтиб қоралади. Бошқалар майли, лекин ҳамкасблар, шу соҳанинг қаттиқ нонини еб юрганлар ҳам қоралаб чиқиши менга эриш туюлганди.
Алҳамдулиллаҳ. Ўзим орзу қилган ҳаётга етказди Аллоҳим. Айнан қандай ҳаётни ва нимани орзу қилганимни яқин инсонларим билади. Алҳамдулиллаҳ, шу синовларни кўрдик, танамизда ҳис қилдик, юрагимиздан ўтказдик, виждонимиз элагидан ўтказишга имкони борича ҳаракат қилдик, нафсимиз билан курашдик.
Яқинларимга бир нарсани кўп қайтараман: Ҳаётда шундай яшаш керакки... биринчи навбатда ўзинг кўзгуга қарашга уялишинг керак эмас. Ин шаа Аллоҳ, бу лойиҳамизда қилган ишларимиз учун кўзгуга қараб уялмайман. Аллоҳим, иш жараёнида бўлган хато-камчиликларимиз учун Ўзинг бизни афв эт. Бойликни қўлимизга бер, қалбимизга эмас, атрофимизга яхшиларни жамла, ёмонлардан узоқ қил. Эл-юрт олдида юзимизни ёруғ қил, ишимизни жамият учун манфаатли қил. Бу дунё ва охиратимизни обод қил... Сўнгги йилларда дуоларда Аллоҳдан сўрайдиган энг асосий тилакларим.
Фаришта эмасмиз. Камчиликлар бўлди, лекин шу йиллар ичида ўзимиз билганча адолат қилишга ва ҳақиқат тарафда бўлишга уриндик. Ҳалол ишладим, бировдан бир сўм пул олмадим. Топган пулимиз фақат рекламадан бўлди, рекламани ҳам танлашга, яхшилаб текширишга ҳаракат қилдик, дунёқарашимиз ва тарбиямизга тўғри келмайдиган рекламаларни бермасликка ҳаракат қилдик. Топган пулимизнинг аксарият қисмини лойиҳанинг ўзига, жамоага сарфладик.
Бу жамият учун сўз эркинлиги, Kun.uz, Daryo.uz, Xabar.uz, Газета.uz'лар жуда керак. Фақат кўпайишини истайман. Яна шуни айтишни истардимки, журналист ҳам инсон, у ҳам инсон фарзанди.
Бир интервьюда Kun.uz биз учун биринчи навбатда бизнес дегандим. Бу гапимни ҳам баъзилар ўз қаричи билан ўлчади, тушунди. Азизлар, бизнес бу ҳаром пул ёки эгри йўл дегани эмас. Мен учун бу – тўғри ва ҳалол ризқ топиш учун восита. Агар лойиҳамиз асосида бизнес бўлмаганда, у сиёсий инструмент ёки кимларнингдир қўлида ўйинчоқ восита бўлиб қоларди, ким пулини тўласа ўша куйни чаладиган. Алҳамдулиллаҳ, ундай бўлмади шу пайтгача, бунинг асосий сабаби – молиявий мустақил бўла олдик, тўғри бизнес стратегия қила олдик, Аллоҳ барака бериб, ишимиз ўзимизга ва атрофимиздагиларга етарлича даромад келтирди, келтирмоқда, ривожланишимизга, кенгайишимизга сабаб бўлмоқда.
Алҳамдулиллаҳ. Эътибор учун раҳмат. Ўз устингизда ишлашдан, ўзингизни ислоҳ қилишдан тўхтаманг. Ҳурмат билан, бош муҳаррир.
P.S. Бу постдан мақсадни аниқ ўзим ҳам билмадим. Балки, атрофга... ҳали-ҳамон кўзгуга қарай оляпмиз, уялмаяпмиз, юзимизни йўқотмадик, Ин шаа Аллоҳ, ишлашда давом этамиз; жамиятга, атрофга керак эканимизни ҳис қилиб турибмиз... шуларни айтмоқчи бўлдим балки. Озгина бўлса ҳам ишимиздан мамнун бўлсангиз, дуоларингизда эслаб қўйинг. Раҳмат, барчамиздан Аллоҳ рози бўлсин.
Kun.uz кундалиги