Япон тилида “басит, аҳамиятсиз, бетайин” каби сўзлар йўқ. Чунки яшаш тарзида учрамаган нарса луғатга ҳам кирмайди. Худди ўзбек тилидаги “истихола” сўзи каби. Ўзбек тилидан бошқа тилда бу сўз йўқ. Кўп миллатларни кўрдим, фақат ўзбеклардагина истихолага дуч келдим. Айниқса, туркларда умуман бир нарсадан тортиниш, истихола килиш деган тушунчани ўзи йўқ. Истихола қилиб турган бирини кўрса, бу “эзик” дейишади.
Ахлоқ ва одоб қотилига айланиб кетаётган бу дунёмизда бирдан кўнглим япон бўлишни тусаб қолди. Нега?
Ҳажга кетаётган эдик. Аэропортда паспорт назоратидан ўтяпмиз, гуруҳимиздаги бир опа тинимсиз бир нималар еб-ичиб, ахлатини оёғини остига ташлаб кета бошлади. Атрофда ҳар хил миллат бор, инглизлар, японлар... Улар ғалати-ғалати қараб қўяётган эди. “Туба хоним, ахлатингизни менга беринг, ахлат кутисига ташлаб келаман”, — дедим секингина. “Қўявер, ҳеч кимга сездирмасдан, кўрсатмасдан отиб юбораяпман”, — деди.
Аллоҳ-чи?!
У ҳам сезмай қоляптими, кўрмай қоляптими, ажабо? Баъзан қилаётган амалларимизни.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламдан: “Одоб нима?” – деб сўрашганида “Диннинг ярмиси”, – деб жавоб берган эдилар. Яримта дин билан ҳажга кетяпмиз...
Японияда ҳеч ким майда-чуйда ахлатларни ҳам йўлларга ташламайди, ахлат қутисига ҳам отмайди. Сумкасига солиб уйига олиб келади ва уйидаги мусорга ташлайди. Японлар ҳамма нарсага аҳамият беради, қиймат беради, ҳеч кимга бетайин деб қарамайди. Ўша учун ҳам бу сўзлар луғатига кирмаган. Динимизнинг ярми ўша тарафларга қочиб кетаётгандек...
Япониядан нефть чиқмайди, газ, тилла конлари йўқ, аммо бой мамлакат – одоб захиралари бор. Бундан 10 йил аввал америкалик 6 нафар профессор Японияга боришади. Фақатгина бир мақсадда японлар қандай қилиб муваффаққият ва тараққиётга эришмоқда, буни ўрганиш учун боришганди. Яна қаршиларига японларнинг ахлоқи чиқиб келди. Улар ўз ишини, касбини, ҳалолликни ибодат даражасида қилишарди.
Япон аёллари университетда профессор бўлса ҳам, эрталаб вақтли туриб эрига нонуштани ўзи тайёрлайди ва эрининг оёқ кийимларини тозалайди. Эрталаб уйидан аёлининг меҳри ва ҳурмати билан нонушта қилган киши, албатта, бундан руҳланади ва бор имкониятини ишига касбига беради. Сир эди бу ҳам.
Жалолиддин Румийга кўра: “Одоб – ақлнинг ташқи либосидир”. Либосларимиз ҳам у тарафларга қочиб кетаётгандек. Ҳа, биз динимизни яхши биламиз, беш маҳал намоз ўқиймиз. Бироқ, намоз бир кунда беш маҳал, одоб эса йигирма тўрт соат фарздир.
Марзия САЙДАМ
@imomovsohib