HR assistant @hrassistant_uz Channel on Telegram

HR assistant

@hrassistant_uz


HR xizmatlari xodimlari uchun foydali manba

HR (Human Resource management) — Inson resurslarini boshqarish

Hamkorlik uchun — @fimediateam

HR assistant (Uzbek)

HR assistant kanalida kadrlar bo'limlari va HR xizmatlari sohasida faoliyat ko'rsatadigan xodimlar uchun foydali ma'lumotlar tarqatiladi. Bu kanalda HR sohasidagi so'nggi yangiliklar, qonun hujjatlari, kadrlar bo'limlari ustalarining tajribalari va ko'ngil ochar maslahatlar paydo bo'ladi. Kanalda mavjud bo'lgan ma'lumotlardan foydalanib, sizning kompaniyangizdagi HR jarayonini sifatliroq yoki yangi HR xizmatlarini boshlashda yordam olishingiz mumkin. HR assistant kanali O'zbekistondagi HR sohasidagi yangiliklarni biror hajmida o'rganish uchun raqobatbardosh manbalar to'plami sifatida faoliyat ko'rsatadi. Hamkorlik uchun - @fimediateam.

HR assistant

21 Jan, 13:57


#Эслатма

❗️Давлат органларида кадрлар ҳужжатлари ягона — hrm.argos.uz платформасида юритилади

Ҳукумат қарори билан Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни hrm.argos.uz электрон платформасида шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинган.

Низомга кўра, давлат органларининг ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш, таркибий тузилма, штатлар, лавозимлар ва ходимлар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва уларга ишлов бериш, ходимлар фаолиятининг самарадорлигини автоматик тарзда баҳолаш, кадрлар бўйича маълумотларнинг электрон архивини юритиш, раҳбар кадрлар учун белгиланган захираларни шакллантириш ҳамда инсон ресурсларини бошқаришга оид бошқа фаолияти электрон платформада амалга оширилади.

Инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни шакллантириш ва юритиш учун юридик шахс мақомидаги давлат органлари электрон платформадан фойдаланувчи ҳисобланади.

Барча фойдаланувчилар электрон платформада шахсий ЭРИ калити орқали рўйхатдан ўтади, бунда:

давлат органи раҳбари шахсий ЭРИ калити ёрдамида давлат органининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаси масъул ходимини белгилаб, унга электрон платформадан фойдаланиш имкониятини беради;

инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаси ходими шахсий ЭРИ калити ёрдамида электрон платформада маълумотлар ва ҳужжатларни шакллантиради ҳамда юритади.

Электрон платформада давлат органи тузилмасини унинг штат жадвалига мувофиқ бўлинмалар ва иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни киритиш орқали шакллантирилади. Бунда ҳар бир лавозим алоҳида яратилади.

Электрон платформада давлат органларининг ички идоравий ҳужжатлари (буйруқ, қарор ва фармойиш) ЭРИ билан тасдиқланган ҳолда фақат электрон платформада шакллантирилади ва қабул қилинади.

Электрон платформа орқали қабул қилинган ички идоравий ҳужжатлар ижрога қаратиш учун edo.ijro.uz ахборот тизимига автоматик тарзда юборилади.

Давлат органларининг вакант лавозимларини эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнлар электрон платформа ва vacancy.argos.uz ахборот тизимининг ўзаро интеграциялашуви асосида амалга оширилади.

Давлат органининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари томонидан электрон платформага киритилган:

давлат органи тузилмаси, ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари ва уларга қўшимча битимлар, меҳнат шартномаларининг бекор қилиниши ҳамда вакант иш ўринлар тўғрисидаги маълумотлар “ЯММТ ИДАК” электрон тизимига;

ходимларга ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш учун зарур бўлган маълумотлар “UzASBO” дастурий мажмуасига автоматик тарзда юборилади.

Давлат органларининг белгиланган раҳбарлик лавозимлари учун кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш жараёни электрон платформа орқали амалга оширилади.

Кадрлар захирасига киритилган ходимларнинг шахсий маълумотлари электрон платформа ва zaxira.argos.uz платформасининг ўзаро интеграциялашуви асосида юритилади.

Обуна бўлинг ва улашинг — @hrassistant_uz

HR assistant

20 Jan, 09:13


❗️Ходимлар дам олиш ва овқатланиш учун танаффусдан ўз ихтиёрига кўра фойдаланади

Қонунчиликка кўра, иш куни давомида ходимга дам олиш ва овқатланиш учун давомийлиги камида 30 дақиқа ва кўпи билан 2 соат бўлган, иш вақтига киритилмайдиган танаффус берилиши керак.

Дам олиш ва овқатланиш учун танаффус бериш вақти ва унинг аниқ давомийлиги ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.

Ходимлар дам олиш ва овқатланиш учун танаффусдан ўз ихтиёрига кўра фойдаланади. Бу вақтда улар иш жойидан чиқиб кетиши мумкин.

Обуна бўлинг ва улашинг — @hrassistant_uz

HR assistant

14 Jan, 04:03


#Биласизми

Қонунчиликка кўра, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси қуйидаги ҳолларда берилади:

▪️вақтинчалик меҳнат лаёқатини йўқотиш билан боғлиқ касаллик вақтида (шикастланишда);

▪️санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида даволанганда;

▪️касалланган оила аъзосини парваришлаш зарур бўлганда;

▪️карантинда;

▪️сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бошқа ишга ўтказилганда;

▪️меҳнат лаёқатини тиклаш ёки ясама аъзо (протез) қўйдириш учун реабилитация муассасаларига ётқизилганда.

Обуна бўлинг ва улашинг — @hrassistant_uz

HR assistant

09 Jan, 09:48


❗️Қонунчиликка кўра, ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари жумласига қуйидагилар киради:

ходимларининг сони 20 нафар ва ундан ортиқ бўлган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги ташкилотни (унинг алоҳида бўлинмасини) тугатиш;

ходимлар сонининг (штатининг) қуйидаги миқдорда:

▪️ 30 календарь кун ичида 50 нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;

▪️ 60 календарь кун ичида 200 нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;

▪️ 90 календарь кун ичида 500 нафар ва ундан ортиқ ходимнинг қисқариши.

❗️Аммо, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорларни ушбу кечиктириш келтириб чиқарган йўқотишларни иш берувчига бир вақтнинг ўзида қисман ёки тўлиқ компенсация қилиш орқали 6 ой муддатгача тўхтатиб туриши мумкин.

Обуна бўлинг ва улашинг — @hrassistant_uz

HR assistant

01 Jan, 12:54


#Биласизми

Дам олиш кунлари ёки ишланмайдиган байрам кунлари учун камида икки ҳисса ҳақ тўланади.

Ички ҳужжатларда икки ҳиссадан кўпроқ ҳақ тўланиши белгиланиши мумкин.

Дам олиш кунидаги ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш ходимнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилиниши мумкин.

Дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш учун ходимга ўзининг хоҳишига кўра бошқа дам олиш куни берилиши мумкин. Бунда ходимга бир ҳисса ҳақ тўланади.

❗️
Ходим жадвалга ёки меҳнат шартномасига мувофиқ умумий белгиланган дам олиш кунларида (беш кунлик иш ҳафтасида шанба ёки якшанба кунлари ёки олти кунлик иш ҳафтасида якшанба куни) ишласа, дам олиш кунлари эса унга бошқа кунда берилса, умумий дам олиш кунларидаги иш учун бир ҳисса ҳақ тўланади.

Обуна бўлинг ва улашинг — @hrassistant_uz

HR assistant

26 Dec, 04:00


2025 йилга мўлжалланган иш вақти меъёрлари давомийлигининг тақвими ишлаб чиқилди

Президентнинг “Янги йил байрамини нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунни белгилаш ва дам олиш кунини кўчириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишда фойдаланиш учун 2025 йилга мўлжалланган иш вақти меъёрлари давомийлигининг тақвими ишлаб чиқилди.

Унга кўра, 2025 йилда 5 кунлик (40 соатли) иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар 252 кун ёки 2 010 соат ишлашади. Бунда 8 соатли иш куни ва 7 соатли байрам (9 та байрам) олди иш кунлари ҳисобга олинади.

❗️Мазкур иш вақти меъёри давомийлиги 2025 йилда иш жараёнидан фойдаланиш учун йиллик иш вақти фонди ҳисобини тавсия этади.

Обуна бўлинг ва улашинг — @hrassistant_uz

HR assistant

16 Dec, 12:51


#Биласизми

Қонунчиликка кўра, ҳомиладор аёлларга ва бола туққан аёлларга йиллик меҳнат таътили, уларнинг хоҳишига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин берилади.

Ҳомиладор аёлларни йиллик меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.

Болани парваришлаш таътилидан фойдаланаётган ходимга йиллик меҳнат таътили, унинг хоҳишига кўра, бола парваришлаш таътилидан олдин ёхуд ундан кейин берилади.

Ишлайдиган эркакларга хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида ўз хоҳишига кўра йиллик меҳнат таътили:

биринчи иш йили учун — ишлаб берилган вақтдан қатъи назар;
кейинги йилларда — таътиллар бериш жадвалидан қатъи назар берилади.

Обуна бўлинг ва улашинг — @hrassistant_uz

HR assistant

12 Dec, 11:09


#Биласизми

Қонунчиликка кўра, давлат фуқаролик хизматчисига белгиланган шаклдаги хизмат гувоҳномаси берилади. Унда давлат фуқаролик хизматчиси эгаллаган лавозими, унинг малака даражаси, давлат органининг тўлиқ номи, гувоҳнома берилган сана ва унинг амал қилиш муддати кўрсатилади.

Хизмат гувоҳномаси идентификацияловчи карта кўринишида ҳам берилиши мумкин.

Хизмат гувоҳномасини бошқа шахсларга бериш мумкин эмас.

Хизмат гувоҳномасининг амал қилиш муддати ўтган ёки давлат фуқаролик хизматчиси лавозимдан озод этилган тақдирда уни берган давлат органига қайтарилади.

Обуна бўлинг ва улашинг — @hrassistant_uz

HR assistant

12 Dec, 05:39


#Биласизми

Қонунчиликка кўра, интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмаслиги белгиланган.

❗️Аммо, давлат фуқаролик хизматчисининг интизомий жавобгарликка тортилиши унга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилишини бекор қилмайди.

Обуна бўлинг ва улашинг — @hrassistant_uz

HR assistant

11 Dec, 12:08


#Биласизми

❗️Қонунчиликка кўра, ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилишни рад этиш ёки меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини камайтириш тақиқланади.

Бунда, аёлни ҳомиладорлиги ёки шахсни ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш, қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилишига сабаб бўлади:

БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда (9 млн 375 минг сўмгача) жарима;
3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Обуна бўлинг ва улашинг — @hrassistant_uz

HR assistant

04 Dec, 04:56


#Эслатма

Меҳнат кодексига асосан дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги иш кунига кўчирилади.

Бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмайди.

Дам олиш кунларидан ва ишланмайдиган байрам кунларидан ходимларнинг оқилона фойдаланиши мақсадида дам олиш кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан бошқа кунларга кўчирилиши мумкин.

Обуна бўлинг ва улашинг — @hrassistant_uz

HR assistant

15 Nov, 04:40


Янги Меҳнат кодекси бўйича таътилни қандай қайта ҳисоблаш керак?

Янги Меҳнат кодекси меҳнат таътили давомийлиги борасида уларни ҳисоб-китоб қилишда янги талабларни назарда тутади:

1️⃣ таътиллар аввалгидек иш кунларида эмас, балки календарь кунларида ҳисоблаб чиқарилади;

1️⃣ асосий таътилнинг энг кам давомийлиги 21 календарь кунни ташкил қилади (илгари – 15 иш куни эди).

Таътилнинг йигирма бир календарь куни 3 календарь ҳафтани ташкил этади. Бу 6 кунлик иш ҳафтасидан (худди шу уч календарь ҳафтаси) келиб чиқиб ҳисобланадиган таътилнинг 18 иш кунига тенг. Мазкур «формула» келгусида таътиллар давомийлигини календарь кунларда тўғри қайта ҳисоблашга ёрдам беради.

Иккита вариантни кўриб чиқамиз.

1️⃣ Агар жамоа шартномасида ва меҳнат шартномаларида ходимларга қуйидаги таътиллар берилиши назарда тутилган бўлса:

асосий (меҳнат) – 15 иш куни давомийлигида;
қўшимча – 9 иш куни янги МК шартлари бўйича асосий таътилнинг давомийлигини албатта ўзгартириш керак.

Қўшимча таътил кунларининг давомийлиги 6 кунлик иш ҳафтаси ҳисобидан дам олиш иш кунларининг умумий давомийлиги бўйича фақат календарь кунларида қайта ҳисобланиши мумкин.

Мисол учун, агар душанбадан бошлаб 9 иш кунини санашни олсак, улар чоршанба куни тугайди. Энди бу душанбадан чоршанбагача календарь кунларида қандай кўринишини қайта ҳисоблаймиз. 10 календарь кун ҳосил бўлади.

Шундай қилиб, ушбу вазиятда ходимларга янги қоидаларга кўра қуйидаги миқдорда таътиллар берилиши керак:

асосий (меҳнат) – 21 календарь кун давомийликдаги;
қўшимча – 10 календарь кун

2️⃣ Агар жамоа шартномасида ва меҳнат шартномаларида ходимларга қуйидаги таътиллар берилиши назарда тутилган бўлса:

асосий (меҳнат) – 24 иш куни давомийлигида;
қўшимча – йўқ, корхона раҳбариятига ходимларнинг вакиллик органи (касаба уюшмаси қўмитаси) билан биргаликда янги Меҳнат кодексига биноан асосий таътил муддатини 21 календарь кунга ўзгартириш ёки фақат таътил кунларини календарь кунларига қайта ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилишни тавсия қиламиз. 24 календарь кунлари билан таққослаганда, бу ерда таътилнинг қисқариши ва тегишинча, ходимлар меҳнат шароитларининг ёмонлашиши кузатилади.

24 иш куни (4 календарь ҳафта) календарь кунларига қайта ҳисобланганда тахминан йигирма 8 календарь кунни (худди ўша 4 календарь ҳафта) ташкил қилишини эътиборга олинг, бу белгиланган энг кам таътил давомийлигидан (21 календарь кун, 3 календарь ҳафта) кўпроқдир.

Шунинг учун сиз ходимларга давомийлиги 28 календарь кун бўлган таътилни қолдиришингиз мумкин. Бу қонун бузилиш бўлмайди, чунки у меҳнат шароитларини ёмонлаштирмайди, балки яхшилайди.

Ушбу вазиятларнинг барчасини жамоа шартномасида ёзиб қўйишни ва ходимлар билан меҳнат шартномаларига қўшимча келишувлар тузишни тавсия этамиз.

Уларда – асосий ва қўшимча таътил кунлари сонини аниқ белгиланиши керак (меҳнат шартномаси шартларини бироз ўзгартириб). Масалан:

асосий (меҳнат) таътил – 21 календарь кун давомийлигида;
қўшимча – 7 календарь кун,
уларнинг умумий давомийлиги камида 28 календарь кундан кам бўлмаслиги керак. Бу илгари амалда бўлганларга нисбатан меҳнат шароитларини ёмонлаштирмайди.

Ҳамкасбларингизга улашинг — @hrassistant_uz

HR assistant

14 Nov, 11:14


#Биласизми

Таътилларнинг турлари ҳамда таътил олиш ҳуқуқи

Меҳнат кодексининг 213-моддасида иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси асосида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимлар учун таътилларнинг қуйидаги турлари назарда тутилган:

ҳар йилги меҳнат таътили;
ижтимоий таътиллар;
иш ҳақи қисман сақланадиган таътил;
иш ҳақи сақланмайдиган таътил.

❗️Мазкур Кодекснинг 214-моддасига кўра, иш берувчи:

▪️ ходимларга қонунчиликда кафолатланган таътиллар бериши;

▪️ ходимларга давомийлиги қонунчиликда кафолатланганидан кам бўлмаган таътиллар берилишини таъминлаши;

▪️ таътиллар бериш тартибига риоя этиши;

▪️ ходимларга жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида назарда тутилган таътиллар соҳасидаги қўшимча ҳуқуқ ва кафолатларни бериши шарт.

Ҳамкасбларингизга улашинг — @hrassistant_uz

HR assistant

30 Oct, 14:37


#Биласизми

Илмий иш қилаётган ходимларга ўртача иш ҳақи ва лавозими сақланган ҳолда қуйидаги муддатларга ижодий таътиллар берилади:

фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) илмий даражасини олишга доир диссертацияни якунлаш учун ҳамда дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар қўлёзмаларининг муаллифларига – 3 ойгача;

фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражасини олишга доир докторлик диссертацияни якунлаш учун – 6 ойгача.

Ушбу таътилларнинг берилиши ходимларнинг йиллик таътилидан фойдаланишига тўсқинлик қилмайди.

Ҳамкасбларингизга улашинг — @hrassistant_uz

HR assistant

22 Oct, 05:57


❗️Кимлар давлат фуқаролик хизматчиси ҳисобланади?

Давлат хизматчиларини «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун нормалари билан таништириб борамиз!

▪️ Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 8 август куни (№ ЎРҚ—788) имзоланган.



🔰 10-модда. Давлат фуқаролик хизматчиси

Давлат фуқаролик хизмати лавозимида ўз фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат фуқаролик хизматчисидир.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинланган пайтдан эътиборан давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақомига эга бўлади ва давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти тугатилиши муносабати билан уни йўқотади.

Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига тааллуқли давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ бўлган қўшимча ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва чекловлар алоҳида қонунчилик билан белгиланади.

Ҳамкасбларингизга улашинг — @hrassistant_uz

HR assistant

17 Oct, 10:04


❗️Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази ташкил этилади

Манба: 629-сонли Ҳукумат қарори, 04.10.2024 й.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

02 Oct, 04:29


❗️Маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилаётган фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб этилишининг олди олинади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-967-сон, 27.09.2024 й.) билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

🔰 Унга кўра, иш қидираётган шахсларнинг меҳнат органларига ортиқча ҳужжатлар тақдим этишига йўл қўйилмаслигини, бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш учун субсидиялар тақдим этиш механизми такомиллаштирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

🔍 Шунингдек, иш берувчилар томонидан маҳаллий меҳнат органларига бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни, ходимларнинг ишдан бўлғуси озод этилиши ҳақидаги ахборотни ҳар ойда электрон тарзда тақдим этиш шартлари белгиланмоқда.

📝 Бундан ташқари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг номланиши аниқлаштирилмоқда, шунингдек оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифасига киритилмоқда.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

30 Sep, 06:21


#Биласизми

Қонунчиликка кўра, ишланмайдиган байрам кунлари арафасида ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади.

➡️ Агар ишни қисқартириш имкони бўлмаса (масалан, узлуксиз ишлайдиган ташкилотларда ва айрим турдаги ишларда) ортиқча ишлаганлик учун ходимга қўшимча дам олиш вақти берилади ёки ўша вақт учун 2 ҳисса ҳақ тўланади.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

30 Sep, 04:26


❗️Қонунчиликка кўра, иши юқори даражадаги руҳий, ақлий ва асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлган, яъни алоҳида хусусиятга эга бўлган тиббиёт ходимлари, педагоглар ва бошқа тоифадаги ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига кўпи билан 36 соат қилиб белгиланади.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

23 Sep, 04:05


❗️Меҳнат кодексига кўра:

🔹меҳнат шартномаси бу - ходим ва иш берувчи ўртасидаги тарафларнинг ўзаро ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишув ҳисобланади;

🔹жамоа шартномаси бу - меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳамда ходимлар томонидан ўз вакиллари орқали ва иш берувчи томонидан тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

17 Sep, 06:54


#Меҳнат_ҳуқуқлари

❗️Қонунчиликка кўра, иш берувчи қуйидаги ҳолларда ходимга унинг ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиши шарт:

хизмат сафарларида бўлганда;

сайёр ва кўчиб юриш хусусиятига эга ишларда, шунингдек дала шароитларида ёки вахта усулида ишлаганда;

иш берувчи билан олдиндан келишувга кўра бошқа жойдаги ишга кўчиб ўтганда;

иш берувчининг йўлланмаси билан касбий тайёргарликдан, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва стажировкадан ўтганда;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги натижасида ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолганда;

ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтганлиги муносабати билан;

ходим фойдаланмаган йиллик меҳнат таътили учун;

иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ходимни огоҳлантириш муддати мутаносиб пул компенсацияси билан алмаштирилиши муносабати билан.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

11 Sep, 05:31


❗️Ходим мавжуд манфаатлар тўқнашуви ўзига маълум бўлганда раҳбарига ёки махсус бўлинмага хабар бериши керак

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти бўйича ҳар бир HR-хизмати ходими билиши керак бўлган маълумотлар.

Батафсил инфографикада.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

28 Aug, 06:27


❗️Мустақиллик байрамида кетма-кет 4 кун дам олинади

Ўзбекистонда Мустақиллик байрами муносабати билан кетма-кет 4 кун дам олиш куни бўлади:

◽️ 31 август — олти кун ишлайдиган ходимлар учун қўшимча дам олиш куни;
◽️ 1 сентябрь — Мустақиллик байрами куни;
◽️ 2 сентябрь — кўчирилган дам олиш куни;
◽️ 3 сентябрь — барча учун қўшимча дам олиш куни.

Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь — Ўзбекистон мустақиллиги куни 2024 йилда якшанба — дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш куни 2 сентябрь, душанба кунига кўчирилади.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

27 Aug, 10:36


#Эслатма

Янги қабул қилинган Меҳнат кодексига асосан дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги иш кунига кўчирилади.

❗️Эслатиб ўтамиз, ушбу кодекс 2023 йил 30 апрелдан кучга кирди.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

26 Aug, 04:40


Вақтини тўғри тақсимлаш — давлат хизматчиси фаолияти самарадорлигининг бош мезони ҳисобланади.

Ушбу роликда давлат хизматчилари учун муҳим тавсиялар берилган.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

30 Jul, 06:55


#Биласизми

Қонунчиликка кўра, белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.

Ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида кўпи билан 26 календарь ҳафта давомида тўланади.

Ишсизлик нафақаси ишсиз деб тан олинган шахсга у маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган биринчи кундан эътиборан ҳисобланади ва тўланади.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

16 Jul, 06:35


❗️Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасида давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш тартиби келтирилган.

Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш танлов асосида амалга оширилади, бундан қонунчилик билан белгиланган кафолатларга мувофиқ олдинги лавозимни ёки унга тенг бўлган лавозимни тақдим этиш ҳоллари, шунингдек ушбу Қонуннинг 39 ва 41-моддаларида назарда тутилган ҳолатлар мустасно.

Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш учун номзодларга жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳуқуқларининг тенглиги кафолатланади.

Давлат фуқаролик хизматининг бўш турган (вакант) лавозимини эгаллаш махсус ваколатли давлат органининг ахборот тизими орқали ўтказиладиган ички ва ташқи танловлар асосида амалга оширилади.

Ички танловларда фақат давлат фуқаролик хизматчилари, ташқи танловларда эса тегишли малака талабларига жавоб берадиган барча Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Танлов ўтказиладиган давлат фуқаролик хизмати лавозимлари ва танлов ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

09 Jul, 13:55


#Биласизми

Дастлабки синовдан ўтиш меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши керак. Бундай шартлашув мавжуд бўлмаган тақдирда, ходим дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган деб ҳисобланади.

Дастлабки синов фақат ходимни ишга қабул қилиш чоғида белгиланиши мумкин. Ходим бошқа ишга ўтказилаётганда ва бошқа иш берувчига хизмат сафарига юборилганда дастлабки синов белгиланишига йўл қўйилмайди.

Дастлабки синов муддати 3 ойдан, ташкилотларнинг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари учун эса 6 ойдан ошмаслиги керак.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

25 Jun, 06:34


#Биласизми

Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва у:

▪️3 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан;

▪️3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан;

▪️5 йилдан 10 йилгача
иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан;

▪️10 йилдан 15 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 150 фоизидан;

▪️15 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 200 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

19 Jun, 12:09


#Биласизми

«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун нормалари билан таништириб борамиз!

▪️ Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 8 август куни (№ ЎРҚ—788) имзоланган.



🔰 13-модда. Давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар

Давлат фуқаролик хизматчиси қуйидагиларга ҳақли эмас:

ўзаро яқин қариндошликда ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар билан (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) айнан битта давлат органида бирга хизмат қилиши, агар уларнинг бирга хизмат қилиши улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўладиган давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллашга, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга, Ўзбекистон Республикаси қонунларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;

тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга;

тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга, бундан акциядорлик жамиятларининг эркин муомалада бўлган акцияларига қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида эгалик қилиш ҳоллари мустасно;

ўзи хизмат қилаётган давлат органи назорати остидаги ёки у билан алоқалар ва манфаатларга эга бўлган ташкилотлардаги улушларни, пайларни ва акцияларни бевосита ёки вакиллар орқали олишга;

ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олишга;

чет давлат фуқаролигини олишга;

қонунчиликда назарда тутилмаган имтиёзлар, преференциялар ёки афзалликлардан ўз хизмат мавқеи билан боғлиқ ҳолда фойдаланишга;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ва уларга эга бўлишга, кўчмас мулкка ва бошқа мол-мулкка эгалик қилишга, бундан чет давлатда таълим олиш, стажировка ўташ ва тиббий хизматлардан фойдаланиш мақсадида очилган ҳисобварақлар, шунингдек давлат фуқаролик хизматига киришдан олдин олинган ва ошкор қилинган мол-мулк мустасно;

ўзининг ваколатларини сиёсий партияларнинг, бошқа жамоат бирлашмаларининг ва улар органларининг манфаатларини кўзлаб амалга оширишга.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

13 Jun, 12:27


#Биласизми

❗️Олий таълим муассасаларининг педагогика йўналишларида кундузги, кечки, сиртқи бўлимларнинг 3-4-курсларида ўқиётган шахслар давлат мактабгача таълим тизимида педагогик фаолиятни амалга ошириши мумкин.

☑️ Бунда уларга ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотга эга бўлган тегишли лавозимдаги ходимнинг базавий тариф ставкаси сингари базавий тариф ставкаси белгиланади.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

12 Jun, 14:09


#Биласизми

Қонунчиликка кўра, икки ва ундан ортиқ 16 ёшга тўлмаган болалари бор ёлғиз оналарнинг меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдоридаги (1 480 500 сўм) даромадлари солиқ солишдан озод этилиши белгиланган.

❗️Бу имтиёз ҳар бир бола учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотнома асосида берилади.

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz

HR assistant

05 Jun, 14:56


Декларация ҳар йили 15 февралгача умумлаштирилади ва таҳлил қилинади

Қонунга мувофиқ, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими шахсга доир маълумотлари ўзгарган тақдирда, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни тўлдириши ва ҳар йили 15 январдан кечиктирмай махсус бўлинмага тақдим этиши керак.

Давлат органига ёки бошқа ташкилотга ишга қабул қилинаётган номзод, шунингдек бошқа ишга ўтказилган ходим эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги белгиланган шаклдаги декларацияни тўлдириши ва тақдим этиши керак.

❗️ Махсус бўлинма:

эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ҳар йилги декларацияни ҳар йили 15 февралгача умумлаштиради ва таҳлил қилади;

эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чораларнинг етарлилигини (тўғрилигини) таъминлаш учун ҳар йили 1 мартга қадар одоб-ахлоқ комиссиясига таклиф киритади;

одоб-ахлоқ комиссияси томонидан қабул қилинган хулосага асосан эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг бевосита раҳбарига ёхуд давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг юқори турувчи раҳбарига таклиф киритади.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимлигига номзод ишга қабул қилинаётганда ёхуд давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими бошқа ишга ўтказилаётганда, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни тақдим этганидан кейин махсус бўлинма юқорида назарда тутилган ишларни 5 кунлик муддатда амалга оширади.

▪️ Қонуннинг тўлиқ матни

Каналга обуна бўлинг — @hrassistant_uz