📝 ФАРЗАНДИМИЗНИ ДАДАСИЗ КАТТА ҚИЛАМАНМИ..
-- Элбек ака, нималар юз бераётганидан хабарингиз борми ўзи? Мен ҳақимда айтилган ёлғон-яшиқларга ишонманг. Ҳаммаси бўлмаган гап. Аслида, воқеалар овсинлариму қайнонам айтиб берганидай эмас. Наҳотки фарзандимиз туғилмасидан ажрашиб кетамиз? Уни отасиз қандай катта қиламан? Ахир ҳали бир йил ҳам яшамадик…
«Тенг тенги билан», деб бекорга айтишмас экан. Аслида, булар ҳақида вақтлироқ ўйлашим керак эди. Кўрпамга қараб оёқ узатмадим. Онангиз уйимизга совчи бўлиб келганида онам «Оиламиз сизларга муносиб эмас», деса ҳам фойдаси бўлмади. Ота-онангиз: «Йўқ, бизга бойлик керак эмас», деб яқинларимни қўярда-қўймай рози қилишди. Икки ой ичида тўй қилиб, олиб кетдингиз.
Мен сиз билан бахтиёр эдим. Тонг саҳардан келинлик вазифамни адо этишга ҳаракат қилардим. Ҳамманинг кўнглига қарадим. Айниқса, сизга. Натижада биз бир-биримизга боғланиб, ўрганиб, суяниб қолдик. Биласизми, бир ҳовлида уч овсиннинг яшаши қийин экан. Улар, албатта, бир-бирига солиштириларкан. Мендан олдин келин бўлиб тушган икки келинойингиз ўзига тўқ оилаларнинг қизлари экан. Ота-оналари доим тўлиб-тошиб, совғалар билан келишади. Шунда онангизнинг димоғи чоғ бўлиб, кетгач ҳам тилидан бол томиб, қудаларини мақтаб юрарди. Аммо… Ҳаммаси шу совғалардан бошланди. Бу орада мен ҳомиладор бўлдим. Сизнинг янада муҳаббатингиз ортди. Мени эҳтиёт қилишга интилардингиз, лекин уйда…
Қайнонамнинг совғалардан сўнг ўзгариб қолаётгани сездим. Менга совуқроқ муомала қиларди. «Нега ота-онангиз сизни кўришга келмайди? Наҳот қизини ўйлашмаса, қандай яшаяпти экан, деб қизиқишмаса?» деб овсинларимнинг олдида гапирар, менинг ер бўлаётганимдан эса келинойиларингиз қувонишарди. Бир куни онамга қўнғироқ қилдим. Онангизнинг гапларини қандай қилиб айтишим мумкин, ахир? Фақат сизларни соғиндим деб йиғладим, холос. Онам: «Қизим, ҳали янги келинсан-да, уят бўлади ҳадеб бораверсак. Қудалар нима деб ўйлайди? Энди эркаликларингни ташла», деб андиша қилди. Бу менинг кўзимга унчалик ваҳимали, арзирли сабаб бўлиб кўринмасди. Лекин аҳвол кундан-кун ёмонлашиб борди. Онангиз доим овсинларимга яхши гапириб, менга ёмон қараб, уришадиган бўлди. Буни сезмасликнинг иложи йўқ эди. Менга: «Сиз иш қилманг, бир нарсани эплолмайсиз», дерди. «Ота-онасига ўхшайди-да, наслига тортди», дея пичинг қиларди. Камситишларига эътибор бермай, дардимни ичимга ютдим. «Ҳали ёшман, мени яхши билмайди», деб янада яхши кўринишга ҳаракат қилардим. Лекин уринишларим зое кетарди.
Туғилган кунимда ота-онам келишди. Уларни соғинганимдан кўзларимга ёш келди. Бағирларига ўзимни отганча, тўйиб-тўйиб йиғлагим келди. Бироқ уларга сездирмай деб ўзимни зўрға тийдим. Ўзим дастурхон тузадим иккиқат ҳолимда. Овсинларим эса атай ўтириб олишди. Бир ўзим ҳамма нарсани тайёрладим, нолимайман бу ишимдан. Лекин уларнинг ота-онаси келса, мен ўзимни қўярга жой тополмай, хизмат қиламан. Улар бўлса, ота-онамга тикилиб, уялмай меҳмондай ўтириб олишди. Тўғри, ота-онам ҳеч нарсани сезмай, хурсанд бўлиб кетишди.
Энг ёмони нима, биласизми? Қайнонам ота-онам олиб келган совғаларни овсинларим билан бирга кўриб, устимдан кулишаётган пайтда мен хонага кириб қолдим. «Ота-онангиз алмисоқдан қолган совғаларни кўтариб келибдими? Қудасига ҳам бирорта совға олишмабди», дея менга қараб, қошларини уйиб қўйди. Юрагим эзилиб, ичимдан йиғладим ва совғани олиб, индамай уйга кирдим. Эртасига кечаги тушкун кайфиятда чой дамлаётгандим, бехосдан уни қўлимдан тушириб юбордим. Қайнонам важоҳат билан келиб: «Ўзинг сепингда бирорта арзийдиган матоҳ олиб келмагансан, меникини синдириб тамом қиляпсанми?!» деб бақириб кетди. Қўлларим қўрқувдан дир-дир титрарди. Кечқурун овқатни ҳам сиз мажбурлаганингиз учун зўрға едим. Шу куни ҳар қачонгидан хафа бўлиб ухладим. Эрталаб овсинимнинг қариндоши тўй қилаётган экан, ҳаммалари боришга тайёргарлик кўришди. Мен ошхонани тозалаётган эдим. Овсиним ўзига оро бераётган, қайнонам кўйлак тиктиргани чеварнинг уйига кетганди. Овсиним хонасидан ҳам чиқмай менга: «Сиз бормас экансиз», деди. «Мен ҳам тўйга бораман, деб турганим йўқ», дея жаҳл билан орқамга ўгирилдим.