Стационар интернетимиз охирги ҳафта шунақангги ёмон ишлаяпти-ки, бормаган жойим, шикоят қилмаган идорам қолмади. Ўзим ҳам, қўшнилар ҳам. Мурожаат, жалоба, ариза, претензия, энди мана иск муҳокама қилаяпмиз, балки судлашармиз, деб. Чунки ҳозир деярли ҳамма нарса интернетга боғлиқ бўлиб қолган. Интернет ишламаса светга, сувга, солиққа тўлолмайсан, шифокор қабулига ёзила олмайсан ва ҳ.к.Алоҳида "вышка" тушириш ҳақида ўйлаб кўраяпмиз. Биз тарафлар ҳарбий объектга яқин бўлгани учун рухсат олиш 1 йилгача чўзиларкан, уни ичида яна камида 6 та экспертизадан ўтиб олиш боракан. Хуллас, осон эмасакан.
Ёзилган хатларга жавобни кутиш керак. Лекин кутишга вақт етмаяпти. Натижада шошилинч ишлар кўпайиб кетаяпти. Одамлар мандан кутаяпти. Ман интернетни кутаяпман. Ҳамма нарса чала-чулпадек ичимда мунтазам равишда ғашлик бўлиб қолди. Устига негатив хабарлар кўп ўқийман, улар ҳам таъсир қилаяпти, масъулият эзаяпти. Телефоннинг интернетида бир иш қилолмайсан нормал равишда.
Агар ичимга ғашлик кирса, автоматик равишда фикрни чалғитишга уринишлар бошланади. Ўзим сезмаган ҳолда сериалларни кўришни бошлайман, қисқа видеоларнинг 10005тасини қандай қилиб кўриб қўйганимни, бир неча соат эса қачон ўтиб кетганини билмай қоламан.
Шу камчиликларимни билганим учун атайдан олдини олиб, вариант а, б, в қилиб ҳар хил запас йўлларни кўришга интиламан. Шунда ҳам ўхшамайди. Буларни англаганим сари, сабаб ва оқибатларни топганим сари, қачон одамзот бунчалик интернетга боғланиб қолди, шахсан ман-чи, деган саволлар айланаяпти.
Интернет биринчи рақамли заруратга айланганидан кейин интернетнинг қанчалик фойдали ёки фойдасиз эканидаги мулоҳаза қилиш охиридан иккинчи жойга чиқиб қолади. Ўзи умуман интернет ҳамманинг ҳаётида шунчалик муҳим ўринни эгаллайди-ки, энди энг-энг консерватив одамлар ҳам интернет фойдалими, деб эмас, ижтимоий тармоқлар фойдалими ёки зарарлими, деб мулоҳаза қилишни бошлаган. Яъни интернетнинг фойда-зарари ҳатто муҳокама қилинмайдиган даражада бўлиб қолди, фойда-зарар масаласи ижтимоий тармоқлар масаласига трансформация қилинди.
Остонада эса телеграм. Телеграмнинг имкониятлари, экосистемаси, тўлов ва бошқа масалаларда одамга таклиф қилаётган қулайликлари. Яқин орада ижтимоий тармоқларнинг фойда-зарари ҳам муҳокама қилинмайдиган даражадаги консенсусга айланишини тахмин қилиш қийин эмас.
Майли, бу шунчаки ўй-хаёллар. Интернетимни тиклаб беришса, бундай #монолог камайиб, яна хард-контент қайтади.
@zarnigor1