Қизлар математикада ўғил болалардан кўра қобилиятсизми?
Кўпчилик қизларни IT соҳасида кўрса, ҳайратланади. Жамиятда гўёки ўғил болалар аниқ фанларда қизлардан кўра кучлироқ, деган стереотип шаклланган.
Тадқиқотлар кўрсатишича, қизларнинг келажакда математика ёки физика билан боғлиқ касбларни танламаслиги болаликдаги гендерга оид ён босишлар сабаб юз беради.
Масалан, тадқиқотлардан бирида қизлар аноним баҳоланганида улар математикадан юқори баҳо олишган. Аммо ўқитувчилар ўқувчиларнинг исмларини билган ҳолда уларнинг ишини текширган пайтда, ўғил болалар қизларга қараганда юқори баҳо олишган. Бу ўқитувчиларнинг қизларнинг математикадаги қобилиятларини нотўғри баҳолашлари билан боғлиқ. Бу ҳолат қизларнинг ўзига бўлган ишончини йўқотишга ва келажакда STEM (фан, технология, муҳандислик ва математика) соҳаларини кам танлашларига олиб келган.
Шунингдек, бошқа тадқиқотлар ҳам ўқитувчилар онгсиз равишда қизларга математика ва бошқа аниқ фанларда ўғил болаларга нисбатан паст баҳо беришларини кўрсатди, ҳатто қизлар ўғил болаларга нисбатан бир хил ёки яхши натижалар кўрсатган ҳолда ҳам. Бу ҳолат Пигмалион эффекти билан изоҳланади: ўқитувчи ўғил болаларнинг математикада яхшироқ эканлигини кутганида, ўғил болалар ушбу кутилмаларга жавоб бера бошлашади, қизлар эса йўқ.
Бу гендерга асосланган нотенглик ўқитувчиларнинг баҳолари ва эътиборида қизларнинг мотивациясига ва уларнинг касб танловига салбий таъсир қилади. Лекин ўғил болаларнинг аниқ фанларда кучлироқ эканлигини тасдиқловчи манба йўқ.
@safarblog