Мен кўрган «Матонат» ва матонатлар ҳақида
Бугун Панорамада "Имкон" ижтимоий лойиҳаси доирасида олинган ҳужжатли фильм намойиши бўлди.
Қишлоқ аёли. Ҳаммага ўхшаб оиласи билан бир маромда ҳаёт кечираётганди. Даладаги ҳашарчи комбайнчиларга қарашаман деб, комбайннинг плуги томонга ўтиб, сомон ташлайди. Фалокат юз бериб, ҳаракатланаётган плугга узун халати илашиб қолади ва плуг аёлнинг оёғини опкириб кетиб қолади...
Аёл бир умрга икки оёғидан ажралади. Аёлнинг ҳақиқий ҳикояси энди бошланади.
Спойлер қисмини ўчирдим, узр.
Аёлнинг фильм бошида чиққан ҳазин овози якунга бориб дадил ва ишончли янграй бошлайди. Нега бундайлигини эртага Ютубда премьерасини кўриб, биласиз.
Ўзбекнинг аёлида у, ярим тана бўлиши мумкин, аммо яримта бўлолмайди. Шу ярим тана билан уйларини тозалайди, нонини муштлайди, бир аёл қилиши мумкин бўлган ҳамма нарсани удда қилаётганини кўриб, этинг жимирлайди. Ҳамма ишига асосий ёрдамчиси – катта овсинини чин дилдан мақтайди. Энг яқин дўсти, қиёматли опаси эканини айтади.
Лекин фильм ярмига келгунча ичим оғрийверади, қани у, қаерда у? Наҳотки, мен қўрққаним бўлса, эри қани ахир? Икки оёқсиз қолган хотинини ташлаб кетиб қолганми? Наҳотки, дунёда мўъжиза йўқ?!
Мен шундай тақдирли ижтимоий лойиҳаларда ишлаганимдан биламанки, бундай ҳолатда кўпинча турмуш ўртоқлар оиласидан кетади, ёки оилани иккита қилади. Энг даҳшатлиси, аёл бу ҳақда гапиради: “ўзим бунга айтдим, сизга ҳам, менга ҳам қарайди... уйланақолинг”
Титраб кетди одам. Лекин ҳақиқий титроқ кейинги интервьюда бўлди. Фильм ўртасида оила эркаги кадрда кўринди ва 4 та сўз билан тушунтирди: “эркак киши бундай қилолмайди”.
Мен биринчилардан қарсак чалишни бошладим. Ва бутун зал қарсак чалди.
Фикримча, тақдирнинг тақозоси билан бир умр оёқсиз қолган Дилором Йўлдошева, шубҳасиз, катта матонат эгаси, аммо унинг атрофидаги яхши инсонлар матонати ҳам ундан кам эмас. Оши-ю нонини тенг бўлашиб келаётган, овсинига иккиоёқ бўлаётган катта Овсин ҳам катта матонат эгаси. Аёлини борича қабул қилиб, ёнида елкадош бўлиб турган Эркак ҳам ҳақиқий матонат соҳиби. Очиғи, бахтли экан Дилором опа дедим атрофимдагиларга... Чунки давлат кўп нарсада ёрдам бериши мумкин, аммо яқинларнинг ғамхўрлиги ва муҳаббатини ҳеч ким қилиб беролмайди. Яхши оилада бўлиш аёл учун катта бахт...
Фильм Ўзбекистонда оғир аҳволдаги фуқароларга турли тизимлар орқали қандай ёрдам берилаётгани ҳақида очиқ-ойдин, тушунарли, ўзига хос йўриқнома вазифасини ўтайди. "Имкон" лойиҳаси учун Адлия вазирлиги жамоаси ва “Аёл ва замон” ННТ га алоҳида миннатдорлик билдираман.
Фильм эртага премьера қилинади. Ҳаволасини улашаман.
Унгача эса ёзда Ижтимоий ҳимоя агентлиги билан тайёрлаганимиз — яна шундай тақдирли аёл ҳақидаги "Инсон" номли роликни улашмоқчиман. Бу ҳам деярли ўхшаш ҳикоя, аммо дарди бошқа. Аёл авария туфайли оёғидан ажраган. Агентлик томонидан унга 45 миллионлик протез оёқ берилган. Лекин бу аёлнинг ҳаётига ҳали кўп ёруғлик кириши керак. Унинг турмуш ўртоғи ёнида эмас, унинг ҳали битган бошпанаси йўқ... Бекободга борганимда йиғлаб қайтганим шу аёлнинг тақдири эди...