Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази "Бакиров келтирган 20 фоиз даражасидаги муаммоли кредитлар ҳақидаги даъво расмий манбалар, статистика ёки тадқиқотлар билан тасдиқланмаган", деб ёзмоқда.
Биринчидан, мен келтирган важларда "Норасмий ҳисобларга кўра, ушбу тоифадаги кредитлар бўйича NPL 20% атрофида" деб ёзилган. Агар Марказ мутахассисларининг бу бўйича умумэътироф этилган методология доирасида ҳисоб-китобларни амалга оширишга хоҳишлари бўлса, мен тайёр. Эртагаёқ Халқ банкига, Микрокредитбанкка ёки шу балога рўпара бўлган исталган банкка бориб ҳисоблаш ишларини амалга оширишимиз мумкин.
Иккинчидан, Марказий банк оилавий тадбиркорликка ажратилган кредитлар бўйича муаммоли кредитлар улуши ва ҳажмини алоҳида кўрсатмай келади дея алоҳида таъкидланган. Фақат бир марта, 2023 йил 4 май куни ўтказилган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Оилавий тадбиркорлик учун ажратилган кредитларнинг муаммоли қисми 3 трлн.сўм атрофида эканини маълум қилган (жонли эфир материалларини олиб кўриш мумкин). Бу ўша пайтда Оилавий тадбиркорлик учун ажратилган кредитлар бўйича NPL улуши 20% атрофида эканини англатар эди. Ўтган 1,5 йил ичида барча кредитлар бўйича NPL улуши 3,6%дан 4.2%га етди, яъни аҳвол янада мураккаблашди. Банклар кредит портфели ичида энг ёмон маҳсулот бўлган Оилавий тадбиркорлик учун кредитларнинг сифати бунданда ёмонлашган бўлса борки, яхшиланмаган. Шу маънода, ҳатто яхши гумон билан 20% деган рақам келтирилган эди (бу орада оилавий тадбиркорликка ажратилган неча юз миллиард кредитлар "списать" қилингани эслаш шарт эмас, келинг ўзбекистонликларни қўрқитмайлик).
Ва ниҳоят, учинчидан, Оилавий тадбиркорлик учун ажратилган кредитларнинг муаммоли қисми ва улушлари эълон қилинмаслигига асосий сабаби 7 йилдан бери тўхтамай давом этаётган бу бузуқ ва зараркунанда воситанинг хато эканини, кўзланган мақсадларга умуман эришилмаганлигини тан олмаслик билан боғлиқ бўлиши мумкин холос.
Дарвоқе, марказ эълон қилган материалда "Ҳоким ёрдамчилари томонидан берилган кредитларнинг ўртача 7,9 фоизи қайтарилмайдиган кредитлар" деб кўрсатилган эди. Кейин "қайтарилмайдиган" сўзи "муаммоли" билан алмаштирилди. Биринчи таҳрир ҳақиқатга яқинроқ эди.
👉🏻 @millatparvaruz