🔥 Тиланчилар ҳаддидан ошишмоқда
✅ Ҳар қандай соҳа, ҳар қандай машғулот эгалари маълум қонуниятларга бўйсунишлари, назоратни ҳис қилишлари ва энг муҳими – ҳаддидан ошмасликлари шарт. Ҳатто тиланчилар ҳам!
🤷♀️ Рафиқам билан дўкон ёнида тўхтадик. Машинадан тушмасимиздан бир жувон келди.
– Ака, йўлкирамга 5 минг сўм бера олмайсизми?
– Узр, бера олмайман.
– Нега бера олмайсиз?
– Чунки соғломсиз, ишланг. Тиланчиликка муносиб эмассиз.
– Ҳа, сиз бойлар ҳеч берманглар-берманглар. Берсангиз давлатингиз камайиб қолади. Билсангиз – сиз бойларда биз камбағалларнинг ҳақи бор. Бировнинг ҳақидан қўрқмасангиз ҳам Худодан қўрқинг!
⭕️ Афсус, қаршимда аёл киши, қолаверса замон ҳам кўтармайди. Эркак киши бўлса, боплаб саваласанг...
* * *
🫔 Лаваш еб ўтиргандим. Бир тиланчи қиз индамай ёнимга келди ва хайр сўрай бошлади. Бермаслигимни билдирсам, ҳе йўқ бе йўқ қўлимдаги егуликка чанг солди. Ҳайдаб солдим. Қарғаб-қарғаб кетди.
Қизиқ, булар нега бунча жиловни йўқотишди? Улар бугун ҳар қадамда. Чорраҳаларда ҳаётга жиддий хавф солиб, бола кўтариб автомобиллар оралаб юришади, мачитлар ёнидан гўё меҳнат ярмаркаси ташкил қилишган, бозорлар, гавжум жойларку тўлиқ уларники. Энг ачинарлиси – бу жараёнга болаларни, гўдакларни қўрқмай жалб қилишмоқда.
🏦 Тиланчилар ишлаб топаётган ақл бовар қилмас бойликлар тўғрисида афсоналар юради. Улар бежиз эмаслиги аниқ. Динимизда бир қорин тўйгуликдан ортиғини сўраш ортиқчалиги таъкидланган. Наҳот шу даражада оч ва яланғоч қолишаётган бўлса?!
❓Улар билан шуғулланаётган бирор тизим фаолияти кўринмаяпти. Қонунчиликдаги юмшоқлик масъулларнинг қўлини боғлаш билан бирга, боқимандаларнинг сафи кун сайин кенгайиб, очиқ тиланчиликка киришувчилар сони ортиб боришига замин яратяпти. Чунки уларни жазолаш механизми йўқ, қўлланиладиган жарималар эса ишлаётган пуллари олдида кулгили даражада.
🤷🏻♂️Натижани эса кўриб турибмиз.
Аброр Зоҳидов
Телеграм | Инстаграм