Кўпчилик ҳуқуқбузарликни жиноят билан адаштиради. Масалан, ҳуқуқбузарлик учун қамоқ тайинланиши ваҳимага солиши мумкин. Аммо маъмурий қамоқ жиноятдаги озодликдан маҳрум этиш жазосидан фарқ қилади. Бунда максимал муддат 30 сутка (15 сутка десак ҳам бўлаверади, чунки 30 сутка фақат 1 та ҳуқуқбузарлик учун назарда тутилган, холос) ҳисобланиб, ҳуқуқбузар судланган ҳисобланмайди. Қуйида ушбу 7 та жавобгарлик турига навбати билан қисқача шарҳларни бериб борамиз:
1. Жарима
Айримлар ҳуқуқбузарлик содир этилганда тўланадиган жарима пули жабрланувчига берилади, деб ўйлайди. Аслида эса жарима маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор шахсдан давлат ҳисобига пул ундириш ҳисобланади. Бунда суд жабрланувчига унга етказилган моддий зарарни ундириб бериши мумкин. Шундан сўнг, жабрланувчи маънавий зарар ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиши керак.
Энг кўп миқдордаги жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг 450 бараваригача (ҳозирда 168 млн. 750 минг сўмгача) бўлиши мумкин. МЖтКда фақат 2 та ҳуқуқбузарлик учунгина БҲМнинг 400-450 бараваригача жарима қўлланилиши мумкин: 1. “Порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш” (МЖтКнинг 189-моддаси); 2. “Тазйиқни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш” (МЖтКнинг 189-1(прим1)-моддаси)
Жариманинг суммаси тегишли орган ёки суд қарори чиққан пайтдаги эмас, балки ҳуқуқбузарлик содир этилган пайтдаги БҲМ суммасидан келиб чиқиб белгиланади.
Каналга уланиш
Advokat G’aniyev