Калгари мактаб кенгаши (горОНО) 2024 йилда янги уч йиллик таълим режасини қабул қилибди. Бу режа айнан қайси фанлар ўтилиши ҳақида эмас, балки таълим жараёнининг стратегик йўналишларини белгилаб беради.
Режага кўра, Калгари таълим кенгаши таълим жараёнида учта принципга асосан иш тутади:
1. Таълимдаги мукаммаллик. Бунда ўқувчиларда таълим ва фанларга бўлган қизиқишни ошириш ва уни қондириш тушунилади. Мақсад: мукаммал бошланғич таълим олган битирувчиларни етиштириш.
2. Фаровонлик ва саломатлик. Ўқувчилар фаровонлигини ошириш, уларга академик ва социо-эмоционал ёрдам бериш. Бунда ўқувчиларнинг келиб чиқиши ва маданиятини инобатга олиш.
3. Ҳақиқат ва ярашув, хилма-хиллик ва инклюзивлик. Бу принципнинг биринчи қисмида ҳиндуларга бўлган муносабат назарда тутилган бўлса, кейинги қисмлари таълим тизимидаги хилма-хил оилаларда туғилган, хилма-хил маданият, дин, ирқ ва жинслардан келиб чиққан ўқувчиларга мос шароит яратиб бериш назарда тутилган.
Режада айтилишича, бу режа фан томонидан ўрганилган ва исботланган принциплар асосига қурилган. Режа натижалари уч кўрсаткич ёрдамида ўлчанади:
1. Ўқувчилар ўзлаштириши;
2. Ўқувчилар, ота-оналар ва ўқитувчилар орасида ўтказиладиган сўровномалар; ва
3. Демографик маълумотлар (масалан, ўқувчи ва ўқитувчилар давомати).
Режа билан бу ерда танишишингиз мумкин.
~~~
Менга бу режа совет ва Ўзбекистон тизимидан кескин фарқ қилиши билан эътиборимни тортди. Мен ўқиган пайтда фақат фанларни ўрганардик (hard skills). Ҳеч қачон: на мактабда, на университетда soft skills ўргатилмаган.
Бундан ташқари, совет тизимида ҳеч кимнинг алоҳида талабларига ён босилмаган. Ҳамма битта тизимда бир хил ўқиган. Ҳеч кимнинг маданияти, келиб чиқиши, дини инобатга олинмаган.
Шунинг учун ҳам совет мактабини битирганлар Мадагаскар пойтахтини билиши мумкин, аммо музокара олиб бориш ёки ораторлик кўникмалари бўлмаслиги мумкин.
Сизга қайси тизим кўпроқ маъқул?
@achchiqq_haqiqat 👈