ЎЗИМИЗ ДАРЁ БЎЛАЙЛИК
Дунё аҳолисининг катта қисми яшаш учун жуда ҳам муносиб иқлим ва минтақада истиқомат қилади. Европа мамлакатларини оласизми, Туркия, Миср ёки Японияни оласизми, Америкаларни айтасизми, аҳоли ернинг денгизу уммонлари бўйида, чанг-тўзонсиз, мўътадил ва тоза ҳаволи, кўкаламзор ҳудудларда яшайди. Чанг бўлмагани учун уст-бошлари анча-мунчага кирланмайди, одамлар нафас йўлига, терига оид касалликларга кўп чалинмайди ва ҳоказо. Тўрт фасл бор бўлса-да, ёзи ҳам, қиши ҳам мўътадил бўлгани учун на иссиқдан, на совуқдан азият чекишади. Бу ҳолат кийим-кечакда ҳам, озиқ-овқатда ҳам, турар жой, қўйингки, барча нарсада енгиллик яратади. Ношукрлик эмас, бор ҳолатни таърифлаш маъносида айтганда, биздаги қаҳратон қиш ва жазирама ёз экин-тикин, мева-чевалар учун яхши, аммо одамзот учун ноқулайликлар келтириши ҳеч кимга сир эмас. Ёзда салқинга қочамиз, қишда иссиққа бурканамиз. Фасллардаги кескин фарқ ҳатто чорвалар учун ҳам қийинчилик туғдиради.
Туркияда Мармара денгизига чиқсангиз, одамларнинг соҳилда дам олиб ўтирганини, текин сиҳҳатгоҳдан баҳрамандлигини кўриб, ҳавас қиласиз. Ҳар куни оқшомни сув бўйида кутиб олишади. Миср, Саудия, Араб амирликлари каби денгиз бўйидаги, Америка, Испания, Португалия, Япония, Малазия, Қатар каби уммон соҳилидаги мамлакатлар аҳолиси учун сув бўйида яшаш, дам олиш имкониятидан ташқари табиий чўмилиш ҳавзалари, океан бўйлаб кема саёҳати ва бошқа кўплаб неъматлар муҳайё. Бунинг устига, бу мамлакатларда аҳоли учун яратилган шароитлар ва қулайликлар ҳам жуда юқори даражада. Замонавий дунёда иқтисодий тараққиёт учун сув йўлининг аҳамияти қанчалар таъсирли эканини ҳамма яхши билади. Бу каби имтиёзларни санаса, гап тугамайди. Бироқ айтмоқчи бўлганим булар эмас. Гап бошқа жойда.
Аслида борига қаноат қилиб, шукр қилиш бизнинг шиоримиз. Ватанни борича севиш, унинг фазилатларини куйлаш, унинг тупроғини кўзга тўтиё билиш ҳаёт йўлимиз. Одамлар Африкада, чўлу биёбонларда ҳам яшаяпти. Бизда-ку бир нечта дарё ва ариқлар, мўътадил баҳору кузлар бор. Айниқса, илму ирфони, олиму авлиёлари билан танилган бу муборак ўлкада яшаш ўзини билган ҳар бир одам учун фахр ва шараф. Бироқ дунёнинг кўп мамлакатларида инсонларнинг табиий қулайликлардан баҳраманд бўлиб яшаётганини кўрар эканман, ҳар гал хаёлга беихтиёр бир фикр келади: бугун Ўзбекистон аҳолиси табиий равишда бир мунча ноқулай ҳудудда яшар экан, ҳали газ, ҳал электор муаммосига дуч келар экан, ҳеч бўлмаса бир-бирига қулайлик яратишга уринса бўлмасмикин? Халқимиз учун уммон ёки денгиз пайдо қилиб бера олмас эканмиз, ўзимиз уммондек баҳра сочувчи бўлсак имкон бор-ку! Ўтган асрда турли сабабларга кўра дарё ва ариқларнинг ўзанини ўзгартириб, одамлар шинам шароитдан маҳрум қилинди, шаҳарлардаги иқлим ҳам ўзгарди, ҳаво чангга тўлди. Энди у дарёларнинг ўзанини, сувини жойига қайтариш мушкул. Бироқ дарё етмаса, ўзимиз дарё бўлсак, қийин эмас-ку!
Нима учун ҳамкасблар бир-бирини сиғдирмайди, раҳбар ишчига ғўдаяди, бой камбағални хўрлайди? Ака-ука, опа-сингил, ота-бола, эр-хотин бир-бирига озор бериб, босим қилиб, нима маза топади?! Қонуншуносларимиз тақиқни эмас, тартибни устувор билсалар бўлмайдими? Халқ устидан қонун чиқаришар экан, бир ёқлама қарамай, халқнинг фикрини тинглаб, уни рози қиладиган қоидалар жорий этишса, бунинг нима ёмон жойи бор? Давлат халққа, халқ давлатга қалбини очиб, осуда яшашига нима монеълик бор? Нега бир-биримизни алдаб, азоблаб яшаймиз? Нега инсонларнинг ҳатто билим олишига ҳам чеклов қўйгимиз келади? Нима учун бошқаларни шахсий дидимиз қолипида яшашга мажбур қилишимиз керак? Нега яхшиликка интилган одамларга ҳам тақиқ қўйишимиз керак? Аслида мақсади бир бўлган кишилар нега келишмай, бир-бирини қийнайверади? Нега энди Аллоҳ таоло бизга текинга бериб қўйган бу дунёни бошқадан қизғанаверамиз? Нега бу бепоён заминга сиғмай қолаётгандек бир-биримизни ортиқча биламиз? Нега..? Нега..?