Яхшилик тепада,
ёмонлик пастда...
Инсон олдида икки йўл бор: у шундан бирини танлашга мажбур. Бирида вақтинчалик лаззат ва роҳатлар нақд, иккинчисида роҳат озроқ бўлса ҳам, кейинроқ абадий тўлиқ қилинади. Инсонга ақл берилган, у шу ақл туфайли фойда ва зарар, яхши ва ёмонни фарқлаб олади. Қай бири фойдали эканини ажратиб олган инсоннинг ҳаёти маъно-мазмун касб этади, уларга бефарқ бўлмаган, яъни ақлини ишлатмаган киши эса жоҳил ва нодондир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай деган: “Ва Биз уни икки баландликка йўллаб қўйдик-ку!” (Балад сураси, 10-оят).
🟣Муфассирлар буни яхшилик ё ёмонлик довонлари деб шарҳлашган. “Икки баландлик”дан бирини танлаш ва қай бирига кўра ҳаётини барпо этиш инсоннинг ақлу фаросатига ҳавола. Агар у ўз инон-ихтиёрини нафсга топширса, уни ёмонлик сари етаклайди. Нафс роҳат ва лаззатга ўч, ҳеч қачон машаққат ва уқубатни истамайди. Яхши амал ва яхшилик қилиш инсон фитратида мавжуд ғаризий (туғма)дир. Ёмон амал ва ёмонлик қилиш эса муктасаб (ўзлашган)дир. Дунёга келган гўдак фитрати соф ва маъсум, ёмон амал унга улғайгани сари ота-она ё бошқа таъсирлар воситасида ўзлашиб боради. “Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади” деган халқ мақоли топиб айтилган. Шунинг учун инсон яхши амал қилишдан асло хижолат тортмайди, балки хурсанд бўлади, ўзини руҳан енгил ҳис этади. Лекин ёмон амал қилса, бу табиатида йўқлиги боис бировлар кўриб қолишини хоҳламай уялганидан ерга кириб кетгудек бўлиб, бу қилиғини ҳеч ким кўрмаслиги, махфий ҳолда қолишини истайди. Яхши инсон бирон гуноҳ ишни қилиб қўйса, ўз ҳавойи нафсини айблаб, маломат қилади ва уни қайта қилмасликка азму қарор этади, истиғфор айтади. Лекин ёмон амал қилганлар муваффақият қозонса ҳам, қиёмат куни йўлиқадиган катта хатарни унутиб, фахр қилса, улкан зиён кўради.
🔴Аллоҳ таоло огоҳлантиради:
وَمَنْ يَكْسِبْ إِثْمًا فَإِنَّمَا يَكْسِبُهُ عَلَى نَفْسِهِ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا. وَمَنْ يَكْسِبْ خَطِيئَةً أَوْ إِثْمًا ثُمَّ يَرْمِ بِهِ بَرِيئًا فَقَدِ احْتَمَلَ بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا.
“Аниқки, ким бирон гуноҳ қилса, уни ўз зиёнига қилган бўлади. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир. Кимки бирон хато ёки гуноҳни қилиб қўйиб, сўнгра уни пок одамга (туҳмат қилиб) отса, аниқ, у бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз зиммасига олибди” (Нисо сураси, 111–112-оятлар).
🟡Инсон бирон кишига ёмонлик қилиб, зулм билан дунёвий роҳатга эришдим деб ўйласа, қаттиқ адашади. Бир донишманд айтади: “Бир кишининг икки ўғли бор. Золим ўғил укасини урса ёки пулини ноҳақдан тортиб олса, отаси унга, тўғри қилибсан, ўзидан кўрсин, дейдими? Бундай ҳолатда отаси қайси бирининг тарафини олади? Албатта, мазлум ўғлининг. Уни рози қилишга ва кўнглини олишга интилади. Золим ўғли тортиб олган пул ўрнига кўпроқ маблағ бериб, мазлум ўғлини хурсанд қилади. Золим ўғил буни кўриб, қаттиқ ҳасрат-надомат чекади. Агар у отаси мазлум инисига икром қилишини билганида, унга ҳеч қачон зулм қилмаган бўларди”.
Давоми бор...
📚 "Ҳидоят" журналидан