Кайнона - келин уртасида нега низо чикади?
Янги тушган келинларнинг кўпи машаққатларни осонлик билан енгиб, келинлик вазифасини кўнгилдагидай эплаб кетадилар, қайнонларини рўзғор ташвишларидан халос этадилар, уларнинг меҳрини қозонадилар. Қайноналар ҳам бундай келинни “қизим” деб бағрига оладилар, билмаганини ўргатадилар, қийналганида ёрдам берадилар, йўл-йўриқ кўрсатадилар, уй-рўзғор ишларида, бола тарбиясида уларга яқин кўмакдошга айланадилар.
Бироқ ҳаётда қайнона-келин орасида турли тўқнашувлар ҳам содир бўлиб туради. Гап қайнона-келин ўртасида борар экан, шуни айтиб ўтиш лозим: бу масала аввалдан инсониятнинг атоқли намоёндалари диққат-эътиборида бўлиб келган.
Жумладан, 19-асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган шарқ мутафаккирларидан бири Аҳмад Дониш ўзининг “Наводирул воқеъ” номли китобида қайнона-келин низолари ҳақида ёзар экан, шундай дейди:
“Қайнона-келин низолари бундан олдинги оилаларда ҳам бўлган. Бундан кейин ҳам бўлади. Улар доим урушаверадилар. Улар нима учун урушадилар? Чунки нима сабабдан урушаётганларини ўзлари ҳам билмайдилар. Шунинг учун урушадилар”.
Демак, бу ўринда қайнона-келин низолари сабабларини аниқлаб, уларни бартараф этиш алоҳида аҳамиятга молик. Бундай келишмовчиликларни келтириб чиқарувчи сабаблардан айримларини қуйида кўриб чиқамиз:
1️⃣.Баъзи қизларда оилавий ҳаётга, қайнонага, қайнона-келин муносабатларига нисбатан салбий тасаввур шаклланган бўлади. Айниқса, ёшлар қайнонани олдиндан фақат салбий қиёфада тасаввур қилади. Оила қургандан кейин тасаввуридаги эмас, ҳаётдаги қайнона билан яшайди. Оқибатда ўз тасаввуридаги қайнонага хос камчиликларни ҳаётдаги қайнонадан ахтара бошлайди. Борини-ку топиши аниқ. Ҳатто йўғини ҳам топишга ҳаракат қилади. Чунки тасаввури уни алдаганини тан олишни истамайди.
Ҳаётда камчиликсиз одам бўлган эмас, бўлмайди ҳам. Идеал қайнона, идеал келин ҳам бўлиши мумкин эмас.
Келинлар ўзлари тушган янги оила аъзоларига илк таассурот асосида баҳо беришга шошилмасликлари керак. Акс ҳолда пашшадан фил ясаш ҳеч гап эмас. Келинлар оғир-босиқ, сабр-тоқатли бўлишлари, иложи борича ўзлари тушган хонадон аъзоларининг яхши томонларини кўра билишлари, эри шу хонадон аъзоси эканини унутмасликлари керак. Ана шунда бу оила тинч-тотув бўлади.
2️⃣. Қайнона-келин дунёқараши, уй-рўзғор тутиш борасида келишмовчилик пайдо бўлади.
Икки авлод дунёқараши, ҳаётий тамойиллари ўртасида тафовут бўлиши табиий. Аммо кўп ҳолларда қайнона-келин бир-бирининг акси бўлади. Баъзида эса қайнона-келин андишани йиғиштириб қўйиб, ҳар бири ўзининг гапини ўтказишга ҳаракат қилади. Бундай келишмовчиликлар олдини олиш учун катталар ёшларни назорат қилишда меъёрни билишлари керак. Ёшлар ҳам ўз навбатида иложи борича ота-оналарини тушунишлари, уларнинг ғашига тегадиган ноўрин қилиқлардан, қайнонага хуш келмайдиган салбий одатлардан тийилишлари лозим.
3️⃣. Баъзи келинлар келинлик, оналик вазифасини бажаришга тайёр бўлмайдилар. Шундай келинлар бўлади: улар на овқат пиширишни, на кир ювишни, на катталар билан муомала қилишни эплай олади.
Келин келинлигининг биринчи куниданоқ ҳамма нарсани керагича билиши, катта тажрибага эга қайнонаси даражасида туриши қийин. У даражада билмаса ҳам майли-я, лекин билишни истамаса қийин. Шунинг учун қизларга ош-овқат пиширишни, мева-сабзавотлардан қишга шарбат, тузлама, мураббо тайёрлашни, уй-жойни саранжом-саришта тутишни, дид билан меҳмон кутишни, тежамкорликни, уй жиҳозларидан авайлаб фойдаланишни ўргатиш зарур. Чунки эл орасида “Қиз бола бировнинг хасми, бошқа оилага тушиши бор” деган гап мавжуд. Шуни эътиборга олиб, қизларни рўзғор тутишга пухта тайёрланади.
Қайноналар ҳам келинлардан ҳадеб камчилик ахтаравермасдан, уни ўз фарзандидай кўриб, билмаганини сабр-тоқат билан ўргатиб боришлари, камчиликларини юзига солавермасдан, яхши томонларини эслаб туришлари лозим. Яхши сўз ҳам, ёмон сўз ҳам бир оғиздан чиқади.
Қайноналар келинларида ҳосил қилинган кўникма, малаканинг ўғли учун, келажакда набиралари учун хизмат қилишини ёдда тутсинлар.
Барча, онасини яхши кўрадиганлар учун канал👇
@Onalar_kanali
https://t.me/Onalar_kanali