Жамоамиздан кичик ҳисобда ғалаба!
Ўзбекистон Суперлигаси. 14-тур ўйини.
“Динамо” - “Навбаҳор” – 0 :1 (0:1)
12 октябрь. Самарқанд. “Динамо” стадиони.
Ҳакамлар: Достон Мирзарайимов, Маҳмуд Турдиев, Дилшод Жуманиёзов, Умиджон Нутфуллоев;
VAR ҳаками: Найим Қосимов;
АVAR: Ҳуснора Жумаева;
Назоратчи: Александр Попов;
Комиссар: Шерзод Ражабов.
Гол:Саидазамат Мирсаидов (7).
“Динамо”: 13.Равшанбек Ягудин, 6.Жаҳонгир Ўрозов, 7.Франсис Нарх, 11.Маркос Кайк, 17.Салим Мустафоев (с), 20.Журани Ферейра, 21.Анваржон Хожимирзаев, 22.Санжар Шоаҳмедов, 37.Фирдавс Абдураҳмонов, 44.Душан Мийич, 70.Майкон Дуглас.
Захирадагилар: 1.Фарҳод Раҳматов, 3.Улуғбек Абдуллаев, 4.Муҳаммадали Турсунов, 8.Хислат Ҳалилов, 9.Хумоюнмирзо Иминов, 14.Баҳодир Насимов, 18.Дилшод Раҳматуллаев, 30.Абубакир Мўйдинов, 77.Воҳиджон Оқбўтаев.
“Навбаҳор”: 35.Санжар Қувватов, 7.Азимжон Аҳмедов (с), 12.Саидазамат Мирсаидов, 13.Филип Иванович, 14.Жамшид Болтабоев, 17.Русланбек Жиянов, 21.Гиорги Никобадзе, 23.Йован Жокич, 24.Достонбек Абдулҳаев, 55.Комилжон Тожиддинов, 77.Аброрбек Исмоилов.
Захирадагилар: 18.Элдорбек Суюнов, 8.Сиаваш Ҳақназари, 15.Жавоҳир Абдужабборов, 19.Шерзодбек Абдулбориев, 20.Музаффархон Мўминов, 22.Тома Табатадзе, 27.Жаҳонгир Турсунов, 30.Жавоҳир Бахтиёров, 71.Наврўзбек Иминжонов.
Ўзбекистон Суперлигасининг кечиктирилган 14-туридан ўрин олган баҳсда жамоамиз Самарқандда “Динамо” меҳмони бўлди.
Бир хил очко тўплаган ҳолда, турнир жадвалида қўшни бўлган мазкур жамоалар ўртасидаги ўйиннинг шиддатли ва кескин курашлар остида ўтиши кутилганди. Боиси, “арслонлар” ўз майдонида ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсата олишса, “лочинлар” таркибида маҳоратли футболчилар тўп тепишарди. Кутилганидек, беллашув қизиқарли тарзда кечди.
“Навбаҳор”нинг 3 нафар аъзоси Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб этилгани боис, жамоамиз бош мураббийи Сергей Лушан аввалги учрашувлардан фарқли ўлароқ, бошланғич таркибга ўзгартиришлар киритди.
Бу сафар илк дақиқалардан Азимжон Аҳмедов, Достонбек Абдулҳаев, Комилжон Тожиддинов ва Русланбек Жияновлар майдонда ҳаракат қилишди.
Сияваш Ҳақназари эса захирада қолдирилди.
“Динамо”дан эса Жоэль Кожо Қирғизистон терма жамоасига чақирилгани боис, мебонлар устози Вадим Абрамов ҳам таркибга бироз ўзгаришлар киритиб, илк бор Фирдавс Абдураҳмоновни асосий таркибда майдонга туширди.
Ўйин борасида тўхталадиган бўлсак, илк дақиқалардан кескин курашлар остида бошланган беллашувнинг дастлабки дақиқаларидан бошлаб, вакилларимиз устунликни ўз қўлларига олишга интилиб, майдон эгалари дарвозаси олдида бир қатор хавфли вазиятларни юзага келтира бошлашди.
Шундай ҳужумлар 7-дақиқада самара келтириб, жамоамиз аъзолари ҳисобни очишди. Ўша вазиятда рақибнинг хатосидан унумли фойдаланган Гиорги Никабадзе катта тезликда рақиб жарима майдончаси ичига ёриб кириб, тўпни чап қанотдан қулай вазиятда турган жамоадоши Саидазамат Мирсаидовга етказиб берди. Мирсаидов дарвозага аниқ зарба йўллаб ҳисобни очди - 0:1.
Шунингдек, вакилларимизнинг биринчи 45 дақиқалик давомидаги ҳужумлари давомида жамоамизнинг грузиялик ҳужумчиси Гиорги Никабадзенинг зарбасидан сўнг, тўп дарвоза устунига тегиб қайтди.
Қолган вазиятларда эса ҳар икки жамоа футболчиларининг зарбаларига аниқлик етишмади. Натижада Сергей Лушан шогирдлари танаффусга 1:0 ҳисобидаги устунлик билан чиқиб кетишди.
Учрашувнинг 2-бўлимида мезбонлар мувозанатни тиклаш, вакилларимиз эса ҳисобдаги фарқни янада оширишга интилишгани боис, иккинчи 45 дақиқалик анча қизиқарли кечди. Бироқ айрим вазиятларда дарвозабонлар ўз маҳоратларини намойиш этишган бўлса, баъзи ҳолатларда футболчиларнинг зарбаларига аниқлик етишмади. Натижада мазкур ўйинда жамоамиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, очколари сонини 29 тага етказиб олди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.