Аллоҳим, еттинчисини ҳам қиз қилиб бер!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Айрим одамлар Аллоҳ таоло уларга қиз фарзанд берса, хафа бўлишади, баъзан ғазабланишади ҳам. Бугун жамиятимизда бу каби ҳолатлар учрамаса керак, деётганлар адашишади.
Афсуски, орамизда ҳали ҳам шундайлар бор. Улар ўз норозиликлари билан бутун махлуқотни яратган, уларга жон томиридан ҳам яқин бўлмиш меҳрибон Зотга нисбатан одобсизлик қилишаётганини билишмасмикан? Аслида одамзод қиз фарзандни Аллоҳ таолонинг улкан туҳфаси деб қабул қилмоғи ва бунга хурсанд бўлмоғи лозим. Чунки ота-она қиз фарзандларига гўзал таълим ва тарбия берса, уларнинг фарзандлари ота-оналари учун дўзахдан тўсиқ ва парда бўладилар. Қуйидаги ҳадис сўзимизни тасдиқлайди:
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳо айтади:
«Ҳузуримга бир аёл икки қизи билан келиб, «Бирон нарса беринг», деб сўради. Битта хурмодан бошқа ҳеч нарсам йўқ эди. Ўшани унга бердим. Аёл уни иккига бўлиб, ўзи емай, икки қизига берди. Сўнг ўрнидан туриб, улар билан чиқиб кетди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам меникига кириб келдилар. Ўша аёл ҳақида айтиб берган эдим, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга қиз фарзанд бериб имтиҳон қилинса ва уларга яхши қараса, улар унинг учун дўзахдан тўсиқ бўлади», дедилар» (Бухорий ва Муслим иттифоқ қилишган).
Одатда одамлар қиз фарзанд кўришни хушламаганлари учун мазкур ҳадисда «имтиҳон қилинса» дейилди. Аслида бу сўздан «кимга шу каби қизлардан бирортаси берилса», деган маъно ирода қилинган. Қизларга яхшилик қилиш – уларни муҳофаза қилиш, тарбиялаш ва солиҳ жойга турмушга бериш кабилар билан ифодаланади. Қуйидаги ҳадисда ҳам қизларига яхши тарбия берган оталар охиратда муносиб тақдирланиши айтилган:
Абу Ушшона Маъофирийдан ривоят қилинади: «Уқба ибн Омирнинг шундай деётганини эшитдим: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимнинг уч қизи бўлса, отаси уларга сабр қилса, уларни ўз мол-мулкидан едириб-ичирса ҳамда кийинтирса, ўша қизлар отаси учун Қиёмат куни дўзахдан тўсиқ бўлади» (Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Ривоят қилинишича, бир кишининг олти нафар қизи бўлиб, хотини еттинчи фарзандга ҳомиладор экан. Серфарзанд ота ўғил туғилишини жуда қаттиқ хоҳлар, бу сафар ҳам қиз туғилиб қолишидан хавотирда экан. Шунда у ўзига-ўзи «агар бу сафар ҳам хотиним қиз туғса, уни талоқ қиламан», деб қасд қилиб, шу хаёллар билан ухлаб қолибди. Тушида Қиёмат қоим бўлгани, дўзах ҳозирлангани ва у дўзахга ҳукм қилинганини кўрибди. Аммо қачонки уни дўзахнинг эшиги олдига олиб боришса, қизларидан бири уни дўзахдан ҳимоя қилиб, отасининг у ерга киришига тўсқинлик қилар экан. Олти қизнинг отаси дўзахнинг олти эшиги олдидан ҳам шу тариқа ўтиб кетибди, яъни ҳар бир эшик олдида қизларидан бири унинг дўзахга киришига тўсқинлик қилибди. Еттинчи эшик олдида эса бундай ҳолат рўй бермабди. Натижада у даҳшатга тушган ҳолатда уйғониб, ўзича қасд қилган ҳолда хатога йўл қўйганини англабди. Қаттиқ пушаймон бўлиб, Роббига: «Аллоҳим, еттинчисини ҳам қиз қилиб бер!», деб дуо қилибди.
Одамларнинг қиз фарзандни хушламасликлари жоҳилият даврини эсга солади. У вақтда оилалар қиз фарзандли бўлишга рағбат қилишмасди. Аксинча, қиз фарзанд кўришдан нафратланишар, қиз фарзандни ор деб билишарди. Бу ҳақда Қуръони Каримда бундай дейилган:
«Қачонки улардан бирига қизнинг хушхабари берилса, ғам-аламга тўлиб, юзи қорайиб кетур. Унга берилган хушхабарнинг ёмонлигидан (уялиб) қавмидан беркинур. Уни (қизни) хорлик-ла олиб қолсамикин ёки тупроққа кўмсамикин? Огоҳ бўлинг! Улар қилган ҳукм нақадар ёмон!» (Наҳл сураси, 58–59-оятлар).
Ажабланарлиси, жоҳилият аҳли аёл-қизлардан нафратланиш билан чекланишмасди, балки уларни қатл қилиш, тириклайин кўмишгача боришарди. Уларни заифа, кўп ишларга кучи етмайди, жангларда иштирок этолмайди, ўзини ҳимоя қилолмайди, аксинча, ўзи ҳимояга муҳтож бўлади, деб билишарди.