"Германия, Франция, Италия ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари араб давлатлари томонидан ишлаб чиқилган ва Ғазо секторини беш йил давомида тиклашни кўзда тутувчи режани реал деб ҳисобламоқда", дея хабар беради агентлик.
Ушбу режани амалга ошириш учун тахминан 50 миллиард евро маблағ талаб этилади ва у фаластинликларни сектордан кўчиришни назарда тутмайди. Бу эса аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан таклиф қилинган “Яқин Шарқ Ривъераси” консепциясидан кескин фарқ қилади.
Ҳужжат 4 март куни Мисрда тақдим этилган ва Араб давлатлари лигаси томонидан қўллаб-қувватланган эди. Европа ташқи ишлар вазирларига кўра, ушбу режа Ғазодаги тахминан икки миллион фаластинлик учун оғир турмуш шароитларни узоқ муддатга яхшилашга ёрдам бериши мумкин. Режа Фаластин маъмуриятининг марказий ролини мустаҳкамлашни кўзда тутади.
"Ғазо секторида узоқ муддатли тинчлик ҳамда хавфсизликни таъминлаш муҳим. Шу билан бирга, биз ҲАМАС Ғазо секторини бошқаришда иштирок этмаслиги ва Исроилга таҳдид солмаслиги кераклигини яхши тушунамиз", дея таъкидланган Европанинг тўрт давлати ташқи ишлар вазирлари умумий баёнотида.
Режанинг биринчи босқичида кейинги икки йил ичида Ғазо секторида 200 мингта уй-жой қурилиши режалаштирилган, иккинчи босқичда яна шунча уй-жой барпо этилиши мўлжалланган. Бу борада, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони муҳим ёрдам кўрсатиши мумкинлиги айтилмоқда.