Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табригини тинглаб, таълим, илм-фан соҳаси вакили сифатида якунланган йил мамлакатимизда барча жабҳалар қатори олий таълим тизимида ҳам улкан ўзгаришлар, янгиланиш ва юксалиш йили бўлганлигини яна бир бор ҳис этдим. Ривожланиш йўлидан дадил одимлаб бораётган юртимиз тобора юксалиб, дунё ҳамжамияти орасида муносиб ўрин топаётганлигидан қалбимиз ғурурга тўлади.
Мамлакатимизда илм-фан, таълим ва тарбия соҳасида туб бурилишлар даври бошланди. Юртбошимиз табригида таъкидланганидек, республикамизда юқори технологик замонавий саноат корхоналари, логистика ва инфратузилма тармоқлари, боғча ва мактаблар, маданият ва спорт объектлари барпо этилмоқда, янги иш ўринлари очилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз обод бўлиб, аҳолининг ҳаёт даражаси юксалиб бормоқда.
Бугунги кунда биргина Андижон вилоятининг ўзида 7 та давлат олий ўқув юрти, бир нечта нодавлат олий таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда. Бу ёш авлодни билимли, юксак салоҳиятли бўлиб камолга етишида ҳамда жаҳон меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган, рақобатбардош олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигига бир мисолдир.
Кейинги йилларда юртимизда олий ўқув юртлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, иқтидорли талаба ва олимларнинг илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, таълим жараёнига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, ўқитишда инновацион усуллардан кенг фойдаланиш, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш борасида амалга оширилган ишлар, олий таълим муассасалари ўқитувчилари иш ҳақининг оширилганлиги, биз педагогларни беҳад қувонтиради.
Президентимиз ташаббуси билан янги – 2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди. Жорий йилда шубҳасиз, атроф-муҳитни асраш, яшил ҳудудлар барпо этиш, “яшил” иқтисодиётни шакллантириш, рақамли технологиялар, илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни янада ривожлантириш, шу билан бирга, “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган олижаноб мақсад йўлидаги хайрли ишлар кўлами янада кенгаяди, юртдошларимизнинг турмуш фаровонлиги юксалади.
Юртимиз тараққиётини янада юқори босқичга кўтариш, халқимиз учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, айниқса, илм-фанни ривожлантириш, малакали, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш, Ватанимиз салоҳиятини бутун дунёга кўрсатиш йўлида биз педагоглар, зиёлилар астойдил меҳнат қиламиз. Ишонаманки, ана шундай улуғ мақсадлар йўлида бутун халқимиз бир тан, бир жон бўлиб жипслашади, олға интилади.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - расмий хабарлар, тезкор янгиликлар, таҳлилий-танқидий материаллар, қонун ҳужжатлари, фото ва видеорепортажлар
https://uza.uz/uz/posts/halqimiz-yagona-maqsad-yolida-olga-intiladi_673986
Акмалжон Эрматов,
Андижон Машинасозлик институтининг биринчи проректори