⚡️⚡️⚡️
Самарқанднинг Қўшработида икки қаватли уй портлади ва бир оиланинг 4 аъзоси ҳалок бўлди
Ҳодиса бугун эрта тонгда Қўшработ туманининг Мустақиллик маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларнинг хонадонларидан бирида содир бўлган. Оқибатда эр-хотин ва уларнинг ўғли ва қизи вафот этган. Портлашга газ сабаб бўлгани айтилмоқда. Қўшниларга кўра, портлашдан сўнг хонадонда ёнғин ҳам келиб чиққан.
Ҳодиса бугун соат 6:30лар атрофида туман марказидаги Мустақиллик маҳалласида, икки қаватли уйнинг 2-қаватидаги хонадонлардан бирида содир бўлган. Дастлабки тахминларга кўра, портлашга хонадонда газ тўпланиб қолиши ва хонадон эгаси буни билмаган ҳолда чироқни ёқиши сабаб бўлган. Портлаш оқибатида Р.С., М.С. ҳамда уларнинг фарзандлари Ф.Х. ва Д.Х. воқеа жойида вафот этган.
“Соат 6:15ларда ўғлимни уйғотдим, мактабга кетиши керак эди. Соат 6:20ларда ўғлим портлаш овозини эшитган. Югуриб ташқарига чиқдик. Қарасак, уй ёнаётган экан. Портлаш зилзиладай бўлган, ўғлим қўрқиб қолган.
Ҳали тонг отмаганди, ғира-шира қоронғу эди. Ҳеч ким ёрдам беролмади. Қўшнимнинг турмуш ўртоғи Рустам ака кеча газ келдими, келин, деб сўраганди. Йўқ дегандим. Бугун эрталаб энди у кишининг ўзи йўқ. Битта оила йўқ бўлиб кетяпти, унақа ўлимга лойиқ эмасди булар”, дейди ҳалок бўлган оила қўшниси.
Яна бир қўшни эса тонгда кучли портлашни эшитганини, ташқарига чиқиб, кучли ёнғин бўлаётганини кўрганини маълум қилди. Унга кўра, ҳеч қандай ёрдам беришнинг имкони бўлмаган.
“Фарзандлари катта эди. Ўғли шу йил талаба бўлганди, контракт асосида ўқишга кирганди. Дўстининг тўйи сабаб у ҳам уйига келган экан кеча”, дейди у.
Бош прокуратура матбот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганлигини билдирди.
📱 @olmaliqnews