Аввал хабар берганимиздек, Ромитан туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 августдаги “Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-287-сонли қарорига мувофиқ қатор истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Жумладан, тумандаги 5 та маҳалла фуқаролар йиғинида маҳаллий тадбиркорлар, аҳоли ҳамда келадиган меҳмонларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштириладиган кўчалар фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан ҳудуд мастер-режалари ишлаб чиқилган. Ҳудуд қиёфасини яхшилаш, тижорат, савдо ва маиший сервис хизматларини ташкил этиш кўзда тутилган бу кўчаларда 24/7 соат режимида туну кун фаолият юритиш мўлжалланган.
Бугун туман ҳокими Умеджон Барноев бошчилигидаги ишчи гуруҳ юқоридаги қарор талабидан келиб чиққан ҳолда тайёрланган лойиҳаларга биноан туманнинг Афросиёб маҳалла фуқаролар йиғини Шифокорлар кўчасида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш, шунингдек кўнгилочар ва спорт-соғломлаштириш шохобчаларини барпо қилиш юзасидан манзилда ўрганиш ўтказди.
Ҳудудда бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳамда ташкил этилиши режалаштирилган лойиҳалар тадбиркорлар иштирокида бирма-бир таништириб ўтилди.
Шунингдек, кўчаларда бирламчи зарур инфратузилмани шай қилиш, ёритиш устунлари, ўриндиқлар ва чиқинди қутиларини жойлаштириш, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш, аудио мусиқа тизимини ташкил этиш, декоратив арка ва устунлар ўрнатиш лойиҳадан ўрин олган.
Бундан кўзланган асосий мақсад – туманнинг жозибадорлигини ошириш ва 24/7 соат аҳолига хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш орқали тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб -қувватлаб кўплаб иш ўринларини яратишдир.
@Umed_Barnoyev