Ислом олами уюшмаси, Muslim World League, رابطة العالم الإسلامي – дунёнинг турли мамлакатларининг йирик мусулмон уламо ва арбобларини бирлаштирган халқаро нодавлат ислом ташкилотидир. У 1962 йил 18 майда ташкил этилган, қароргоҳи Макка шаҳрида бўлиб, Ар-Риёд, Жидда ва Мадина шаҳарларида бўлинмалари мавжуд.
Уюшма Макка шаҳрида 53 минг квадрат метр майдонда жойлашган бўлиб, маъмурий идоралар учун беш қаватли бино, автотураргоҳ, конференция биноси, масжид, кутубхона ва омборлардан иборат.
ИОУнинг бош органи Олий Кенгаш бўлиб, таркибида 60 нафар ислом олимлари мавжуд. Ташкилотни Саудия Арабистони уламолари орасидан сайланадиган Бош котиб бошқаради. Бош котибият уюшманинг ижрочи органи бўлиб, кундалик фаолиятни назорат қилади ва Бош котиб, котиб ўринбосарлари ва ходимлар раҳбарияти Таъсис Кенгаши томонидан қабул қилинган буйруқ ва қарорларни амалга оширади. Уюшма котиби Муҳаммад ибн Абдул Карим Исса бўлиб, 2016 йилдан ҳозирги кунгача бошқариб келмоқда.
Уюшманинг молиявий манбаси ташкилотнинг ўз вақфлари бўлиб, шунингдек, Endowments инвестициялари ҳам асосий манба ҳисобланади.
Ташкилотнинг энг асосий мақсади, соф ислом таълимоти, мўътадиллик ва бағрикенглик тамойилларини бутун дунёга ёйиш, инсонпарварлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш, барча билан мулоқот ва ҳамкорлик алоқаларни ўрнатиш, маданиятлар ва цивилизацияларга очиқлик асосида муносабатда бўлиш, даъват ишларини йўлга қўйиш, экстремизм, зўравонлик ва айирмачилик ҳаракатларни олдини олиш, тинчлик, адолат ва бирдамликни тарғиб қилиш.
Уюшма Ислом ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи аъзо, БМТ саммитларида, Ташқи ишлар вазирларининг конференцияларида, Иқтисодий ва ижтимоий Кенгашда маслаҳатчи мақомида, Таълим, фан ва маданият ташкилоти ЮНEСКО ва Халқаро болалар жамғармаси ЮНИСEФнинг аъзосидир.
ИОУнинг дунё бўйлаб 34 та бюроси ва 14 та ваколатхоналари бор. Улар Иордания, Индонезия, Малайзия, Мавритания, Сенегал, Габон, Конго, Маврикий, Франция, Швейцария, Дания, АҚШ, Канада ва Тринидад каби давлатларнинг пойтахтларида фаолият кўрсатади.
Уюшма араб тилида “Маад” ҳамда “Ахборул оламил Ислам” хафталик газетасини, “Робитатул оламил Ислам”, “Араб Лигаси” ҳамда инглиз тилида “Калима” журналларини нашрдан чиқаради.
Умумий ислом конференцияси
Умумий ислом конференцияси Уюшманинг олий қонун чиқарувчи орган бўлиб, исломий масалаларни кўриб чиқиш ва мусулмонлар муаммоларини ҳал қилиш мақсадида йиғиладиган уламолардан иборат анжумандир.
Олий Кенгаш
Олий Кенгаш Уюшманинг энг юқори органи бўлиб, Бош котибият томонидан қабул қилинган барча режа ва қарорларни тасдиқлайди. Ислом олами уюшмаси Таъсис Кенгаши 60 аъзодан иборат бўлиб, турли давлатларнинг мусулмон уламолари Кенгаш қарори билан тайинланади.
Мусулмон уламолари ташкилоти
Дунёдаги мусулмон уламоларини бирлаштириш, уларнинг мавқеини мустаҳкамлаш, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, уммат бирдамлиги, ислом таълимоти ўзагини сақлаш, халқлар ва халқаро ташкилотлар билан самарали стратегик шериклик алоқаларини йўлга қўйиш, замонавий муаммоларга ечим бериш каби мақсадларда уюшма таркибида ташкил этилган.
Халқаро масжидлар олий кенгаши
Халқаро масжидлар олий кенгаши масжидлар қурилиши ва архитектураси билан шуғулланувчи юридик органдир. Кенгашнинг асосий мақсади масжидлар ва вақфларни, уларнинг мол-мулкини асраб-авайлаш, муқаддаслиги ва поклигини сақлаш. Дунёдаги мусулмон халқлари ва хайрия жамиятларидан тузилган 40 нафар аъзоси фаолияти ихтиёрий бўлиб, маош ва хизмат ҳақи олмай холис меҳнат қиладилар.
Ислом фиқҳи академияси
Ислом фиқҳи кенгаши ҳам деб номланади, Уюшманинг юридик мақомга эга бўлган мустақил бўлинмаси ҳисобланади. У мусулмон умматига оид масалаларни кўриб чиқиш, Қуръони карим ва суннат манбалари асосида тегишли ҳукмлар чиқариш учун маълум муддатларда йиғиладиган фақиҳлар ва уламоларидан иборат кенгашдир.
Уламолар ва фақиҳлардан ташкил топган илмий органни ташкил этишдан кўзланган мақсад, мусулмон давлатларида ва шунингдек, мусулмонлар озчилик яшайдиган мамлакатларда пайдо бўлаётган, олимлар жамоаси томонидан кўриб чиқилиши керак бўлган шаръий масалаларга фиқҳий жавоб бериш ва уларни замонавий нуқтаи назардан ўрганишдан иборат.